Тафсири Нобулсий: "Ихлос" сураси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
"Ихлос" сураси
1. (Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «У Аллоҳ ягонадир. 2. Аллоҳ Самад (эҳтиёжсиз, ҳожатбарор)дир. 3. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. 4. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенгги йўқдир».
Бу сурани шарҳлаш олдидан ҳаяжонланганим каби бошқа суралар шарҳида ҳаяжонланмадим. Қандай ҳаяжон бўлмасин, ахир бу сура Қуръон каримнинг учдан бирига тенг бўлса ҳамда Аллоҳ таолонинг Зоти ҳақида сўз юритса.
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, бир киши бошқа бир кишини “Ихлос” сурасини такрор-такрор ўқиётганини эшитиб қолди. Тонг отганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, эшитганини хабарини берди. Гўёки бу билан “Ихлос” сурасини такрор-такрор ўқиган кишининг амалини оз санагандай бўлди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нафсим Унинг измида бўлган Зотга қасамки, албатта, “Ихлос” сураси Қуръони Каримнинг учдан бирига тенг келади”, дедилар[1].
Абу Саъид Худрий ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга қараб: “Сизларнинг бирингиз бир кечада Қуръон каримнинг учдан бирини ўқий оладими?”, деб сўрадилар. Саҳобалар (бир кечада Қуръони Каримнинг учдан бирини ўқиб чиқишни) оғир санашди ва “Ё Расулаллоҳ, бу ишга қай биримиз тоқат қила оларди?”, дейишди. Шунда Ул Зот: “Аллоҳул воҳидус сомад (яъни “Ихлос сураси”) Қуръони Каримнинг учдан биридир”, дедилар[2].
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўпланинглар, мен сизларга Қуръони Каримнинг учдан бирини ўқиб бераман”, дедилар. Шунда баъзи саҳобалар тўпланишди. Сўнг Пайғамбар алайҳиссалом чиқиб: “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқиб сўнгра ҳужраларига кириб кетдилар. Саҳобалар бир-бирларига: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келган бўлса керак, шу сабабдан ҳужраларига кирдилар”, дейишди. Бироздан кейин Пайғамбар алайҳиссалом чиқиб: “Боя мен сизларга Қуръони Каримнинг учдан бирини ўқиб бераман, деган эдим. Огоҳ бўлинглар, “Ихлос” сураси Қуръони Каримнинг учдан бирига тенг келади”, дедилар”[3].
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ансорлардан бўлган бир киши Қубо масжидида одамларга имомликка ўтиб берарди. Ҳар ракъатда қайси сурани ўқимоқчи бўлса, аввал “Ихлос” сурасини ўқиб кейин бошқа сурани ўқирди. Шунда унга шериклари эътироз қилиб: “Сен ҳар сафар “Ихлос” сурасини ўқийсан, сўнг бу билан кифояланмай, кетидан бошқа сурани ўқийсан. Ё “Ихлос” сураси билан кифоялангин ёки “Ихлос” сурасидан бошқа сура ўқигин”, дейишди. Шунда ансорий: “Мен буни умуман тарк қилмайман”, деди. Агар шунга рози бўлсаларингиз, имомликка ўтаман, агар буни истамасангиз, мен сизларни тарк қиламан”, деди. Ҳолбуки, қавм ансорийни ўзлари орасида энг афзали деб билардилар, шунинг учун ҳам ундан бошқаси имом бўлишига рози бўлмадилар. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг ҳузурларига келганларида, улар бўлган воқеани хабар беришди, шунда Ул зот (ансорийга қараб): “Эй Фалончи, қавминг таклифини қабул қилишдан сени нима ман қиляпти? Ҳар ракъатда бу сурани ўқишингга нима ундади?”, дедилар. Ансорий: “Ё Расулуллоҳ, мен бу сурани яхши кўраман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, бу сурани яхши кўриш сени Жаннатга киргазади”, дедилар[4].
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқдим. Биринчи бўлиб қўлларидан тутиб: “Ё Расулуллоҳ, нажот нима-да?”, деб сўрадим. Ул зот: “Эй Уқба, тилингни сақлагин, уйинг сени сиғдирсин, хатоларингга йиғлагин”, деб жавоб бердилар. Бироз вақтдан кейин яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқдим. Бу сафар Ул зот биринчи бўлиб қўлимдан ушладилар ва: “Эй Уқба ибн Омир, Таврот, Инжил, Забур ва Фурқонда нозил бўлган суралар ичида учта энг яхши сурани ўргатайми?”, дедилар. Мен: “Албатта, Ё Расулуллоҳ, фидойингиз бўлай”, дедим. Мени “Қул ҳуваллооҳу аҳад”, “Қул аъуузу бироббил фалақ” ва “Қул аъуузу бироббиннаас” сураларини ўқитдилар ва: “Эй Уқба, бу сураларни ёдингдан чиқарма, бу сураларни ўқимасдан тунни ўтказма”, деб тавсия бердилар”. Уқба айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “бу сураларни ёдингдан чиқарма” деган тавсияларидан кейин ёдимдан чиқармадим ва бу сураларни ўқимасдан тунни ўтказмадим”[5].
Юқорида бу суранинг фазилати ҳақида айтилган ҳадисларнинг баъзисини зикр қилдик.
Ҳадисларга биноан “Ихлос” сураси Қуръони Каримнинг учдан бирига тенг келади. Қандай қилиб кичик сура бўлишига қарамай, Қуръони Каримнинг учдан бирига тенг келиши мумкин деган савол туғилади? Бунга жавоб: Қуръони Карим уч нав, уч қисмли бўлиб нозил қилинди. Учдан бири ҳукмларга доир, яна бири ваъдалар ва ваъидлар[6], учинчи қисми эса Аллоҳ таолонинг исми ва сифатларига доир. Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло Қуръони Каримни уч қисмга бўлди. “Қул ҳаваллооҳу аҳад”ни улардан бир қисми қилди”, дедилар[7].
Бу суранинг бир нечта номлари бор. Улар қуйидагилар: “Ихлос”, “Тавҳид”, “Тажрид”, “Тафрит”, “Жамол”.
Бу суранинг буюклиги нимада?
“Ихлос” сурасининг буюклиги шундаки, унда Аллоҳ таолонинг сифатлари, Ул Зотнинг ягона экани, беҳоат ва ҳожатбарор ҳамда ўхшаши йўқ экани ҳақида баён қилинади.
Бу суранинг нозил бўлиш сабаби шуки, айрим кофирлар Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб: “Эй Муҳаммад, бизга Роббингни тавсифлаб бер. У олтинданми ёки мисданми?”, деб савол беришади. Бошқа тоифаси келиб: “Бизга Роббингнинг насабини айтиб бер?”, деб сўраган саволларига жавобан Аллоҳ таоло “Ихлос” сурасини нозил қилди:
1. (Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «У Аллоҳ ягонадир. 2. Аллоҳ Самад (эҳтиёжсиз, ҳожатбарор)дир. 3. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. 4. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенгги йўқдир».
Баъзи муфассирлар бу сура Маккада нозил бўлган, десалар, баъзилари Мадинада нозил бўлган, дейдилар.
(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «У Аллоҳ ягонадир – “Аллоҳ” калимаси Ул Зотнинг исмларидан биридир. Аллоҳ таолонинг феълий, зотий исмлари бор. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан атангиз! Унинг исмларида ҳақдан оғиб кетувчиларни қўяверингиз! (Улар) қилмишларига (яраша) жазоланурлар”. (Аъроф сураси, 180-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта исми бор, ким уларни билса жаннатга киради”, дедилар[8].
Ҳадиси шарифдаги “ким уларни билса” деган гапдан мақсад, уларни ўқиб қўйса ёки ёдласа ёки тартиби билан санаб берса деган мазмунда эмас. Балки Аллоҳ таолонинг ҳар бир исми ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлса ва унга мувофиқ ҳаёт кечирса, деган маънодадир. Масалан, бир кишидан Аллоҳ таолонинг “Ҳаким” исми ҳақида нимани биласиз, деб сўрасангиз, у: “Бунинг маъноси Аллоҳ таоло доно Зотдир”, деб бундан ортиқ жавоб бера олмайди. Ёки “Раҳим” исми ҳақида нимани биласиз, деб сўрасангиз, у: “Аллоҳ таоло меҳрибон, раҳм-шавқатли”, деб шу жавоб билан кифояланади. Аллоҳ таолонинг исмлари ҳақида бу даражада хабардор бўлган инсон Аллоҳ таолонинг исмлари ҳақида ҳадисда айтилганидек, билган ҳисобланмайди.
Кимки, Аллоҳ таолонинг “Раҳим” исми ҳақида оят ва ҳадисда келган маълумотларни яхшилаб ўрганиб, Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқотларига меҳрибон эканига далолат қилувчи ҳодисаларга гувоҳ бўлиб, тафаккур қилган бўлса ва ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг “Раҳим” исми билан хулқланса, яъни атрофидагиларга нисбатан раҳмдил, меҳрибон бўлса, шундагина бундай киши Аллоҳ таолонинг “Раҳим” исми борасида хабардор киши ҳисобланади.
Аллоҳ таолонинг барча гўзал исмлари биргина “Аллоҳ” исмида мужассамдир. Ул Зотнинг “Аллоҳ” исми “Исми аъзам” саналади. Қачонки сиз, “Ё Аллоҳ”, деб нидо қилсангиз, “Ё Раҳмон”, “Ё Раҳим”, “Ё Латиф”, “Ё Ҳакам”, “Ё Қовийй”, “Ё Қодир”, “Ё Муқтадир”... деб нидо қилгандай бўласиз.
Аллоҳ таоло буюк Зот. Аллоҳ таоло яратувчи – Холиқ Зот. Бандалар ҳар қанча илмга эга бўлмасин Яратган Роббиси Аллоҳ таолонинг Зоти, сифатлари ва исмлари ҳақида тўлиқ билимга эга бўла олмайдилар.
Суранинг биринчи оятида Аллоҳ таолога нисбатан араб тилида “ягона” деган маънони ифодалайдиган “аҳад” сўзи айтилган. Агар шу ўринда Аллоҳ таолога нисбатан араб тилида “битта” маъносини ифодалайдиган “воҳид” сўзи айтилганида эди, маъно бошқачароқ бўларди. Масалан, чўнтагизда битта қалам ва бошқа нарсалар бўлса, сиз қаламга нисбатан “ягона” маъносини ифодалайдиган “аҳад” сўзини қўллай олмайсиз, лекин “битта” сўзини ифодалайдиган “воҳид” сўзини ишлата оласиз. Шунда чўнтагимда битта қалам бор деса, ундан бошқа нарсалар ҳам бор эканига ишора қилган бўлади. Ояти калимада Аллоҳ таолони ягона илоҳ эканини таъкидлаш, англатиш мақсадида Ул Зотга нисбатан битта маъносини ифодаловчи “воҳид” дейилмай, “ягона” маъносини ифодоловчи “аҳад” сўзи айтилди. Баъзи муфассирлар “ягона” маъносидаги “аҳад” сўзи ададланмайдиган, бошқа жузлардан таркиб топмайдиган нарсага нисбатан ишлатилади. “Воҳид” эса ададланадиган ва бошқа жузлардан таркиб топадиган нарсаларга нисбатан ишлатилади. Масалан, бир қанча қисмлардан иборат бўлган битта мошинани олайлик. Унга нисбатан “аҳад” сўзи эмас, балки “воҳид” сўзи ишлатилади. Шунинг учун “Ихлос” сурасида Аллоҳ таолога нисбатан “воҳид” эмас, “аҳад” сўзи айтилди. Чунки Аллоҳ таоло жузлардан ташкил топмаган ҳам, ададланадиган ҳам эмас. Аллоҳ таоло шундай ягонадирки, Ул Зотдан олдин ҳам, кейин ҳам, ўхшаш ҳам, шерик ҳам бўлган бирор нарса йўқдир. Шунинг учун ҳам ер юзидаги бирор махлуққа “ягона” маъносини ифодаловчи “аҳад” сўзи ишлатилмайди.
Юқорида ягона маъносидаги “аҳад” калимаси ҳақида маълумотга эга бўлдингиз. Агар шу маънони яхшилаб тафаккур қилиб кўрсангиз, фақат Ягона Аллоҳ таоло мавжуд Зот экани ва Ул Зотдан бошқа барча нарсалар ўткинчи экани ҳамда борлиқда барча нарсани бажарувчи ягона Зот Аллоҳ таоло эканига ишонч ҳосил қиласиз. Бу ишончнинг натижасида абадий саодатга эришасиз. Умрингизнинг охиригача хотиржамликда яшайсиз. Ким фақат Ягона Аллоҳ таоло мавжуд Зот экани ва Ул Зотдан бошқа барча нарсалар ўткинчи экани ҳамда борлиқда барча нарсани бажарувчи ягона Зот Аллоҳ таоло эканига қалби ила ишонч ҳосил қилмаса, бахтсиз ҳаёт кечиради ва хотиржамликдан маҳрум бўлади. Бундай одам ўзининг бахту орзуларини ва хотиржамлигини келажакдаги қайсидир бир нарсага боғлаб қўяди. Масалан, уйлансам бахтли яшайман, ҳамма ишларим изига тушади, тинч-хотиржам бўламан, деб орзу қилади. Вақти келиб ўзи умид қилганидек уйланади. Лекин орадан кўп ўтмай, аёли билан ўзи ўртасида низо кўтарилиб охир-оқибат оила бузилишгача боради. Шу билан орзу қилиб ўйлаган нарсалари муваффақиятсизлик билан тугайди.
Ёки кимдир ўз орзу-умидларини фарзандига боғлайди. Шу йўлда йиллар мобайнида ертаю кеч тер тўкиб, тиним билмай ҳаракат қилади. Вақтики, фарзанди вояга етгач, таълим олиш мақсадида чет-элга сафар қилади. Йиллар давомида ўша юртда таълим олиб, ўша юрт фуқоросига айланади, ўша юртдан уйланиб, ҳатто ота онасини эсидан чиқаради. Фарзандига орзусини боғлаган ота онанинг ҳам қилган умидлари муваффақиятсизликка юз тутади. Агар бу кишилар Аллоҳ таолонинг ягоналигини қалбан ҳис қилишганларида эди, барча орзуларини бошқаларга эмас, фақат Аллоҳ таолога боғлаган бўлишарди. Буюк пайғамбар Яъқуб алайҳиссалом севикли ўғиллари Юсуф алайҳиссаломни йўқотган вақтларида жуда қаттиқ маҳзун бўладилар. Шунда фақат Аллоҳ таолодан умид қиладилар. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:
У айтди: «Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан ва мен Аллоҳнинг (меҳрибонлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман». (Юсуф сураси, 86-оят).
Қачон орзу-умидларингизни ўзгалардан узсангиз, шундан бошлаб уларга суяниш, улардан умид қилиш ва улардан қўрқиш каби ўзаро муносабатлар, узилади. Шундагина сиз ягона бўлган Аллоҳ таолога боғланиш, Ул Зотга суяниш, Ул Зотдан умид қилиш ва қўрқишни бошлайсиз. Ҳар бир амал қилишда фақат Аллоҳ таолонинг розилигини истайсиз. Қалбингиз мусаффо бўла бошлайди. Бора-бора ҳар бир нарсада Аллоҳ таолони топадиган даражага чиқасиз. Қачон бу даражага чиқсангиз ҳар бир ишингизда Аллоҳ таоло сизга яқин турганини ҳис қиласиз ва бу билан ҳақиқий бахту саодатга етасиз.
Ким Аллоҳ таолога мана шундай ҳақиқий қул бўлиш даражасига етса, ўз нафсининг кишанидан озод бўлади.
Бу ўрганаётган сурамиз “Ихлос” сураси деб номланган. Ихлос дегани дунёдан узилиб, кунингизни ибодатхонада Аллоҳ таолога ибодат қилиб ўтказишингиз керак дегани эмас. Чунки бундай қилишга “ихлос” эмас, таркидунёлик дейилади. Ислом дини инсонларни таркидунёликка чорламайди. Ҳақиқий ихлос бу ер юзида инсонлар орасида яшаб, Аллоҳ таолонинг буйруқларига амал қилиш ва қайтариқларидан тийилиш ила шариъатига амал қилмоқ ҳамда Аллоҳ таолонинг ҳидоятида юриш ва Ул Зот белгилаб қўйган чегаралардан ўтмасликдир. Шунда Аллоҳ таоло инсонни ерда ўринбосар қилиб яратишидан кўзланган мақсад рўёбга чиқади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
Эсланг, (эй, Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: «Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман», – деганида, (улар) айтдилар: «Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз. (Аллоҳ) айтди: «Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни билурман». (Бақара сураси, 30-оят).
Шунинг учун сиз ер юзида ҳақни ўрнатадиган, одамлар орасида адолатни барпо қиладиган, бечора-заиф инсонларга раҳм қиладиган, ёши улуғларни ҳурмат қиладиган ер юзидаги Аллоҳ таолонинг ўринбосари бўлинг! Аллоҳ таоло ер юзида ўринбосар қилган инсон мана шундай бўлади. Ихлос яна шундай тушунчаки, ҳар бир ишда бошқаларнинг эмас, фақат ягона Аллоҳ таолонинг розилигини исташингиздир. Агар инсонда ихлос бўлмаса, бошқадан умид қилади, бошқага суянади ва бошқадан қўрқади.
Аллоҳ Самад (эҳтиёжсиз, ҳожатбарор)дир – юқорида биз Аллоҳ таолонинг исми сифатлари ҳақида гапириб ўтдик. Аллоҳ таолонинг бу исмлари ва сифатлари Ўзининг Зотида бўлган сифатлардир, бу исм ва сифатларга эга бўлишда бошқа нарсага муҳтож бўлмагандир. Шунингдек, Ул Зотнинг исми ва сифатларида бошқа бирор нарса шерик бўла олмайди.
Масалан, Аллоҳ таоло Раҳимдир. Раҳмлилиги Ўз Зотидандир. Бошқа нарсага алоқаси йўқ. Ана энди махлуқотларнинг энг мукаррами бўлган инсонга келадиган бўлсак, у ҳар қанча олий мансаб эгаси, ҳар қанча куч-қудратга ва молу дунёга эга бўлмасин, ўзининг мансабида қолиши учун барибир ўзидан юқоридаги мансаб эгасига, ўзидан кучли ва қудратлироқ кишиларга муҳтож бўлиб қолаверади. Инсоннинг муҳтожлиги тугамайди. Ҳавога муҳтож. Агар ҳаводан маҳрум бўлса, шу заҳоти ўлади. Сувга муҳтож. Агар сувдан маҳрум қилинса, шу заҳоти вафот этади. Таомга муҳтож. Агар таомдан маҳрум қилинса, шунда ҳам вафот этади. Оила қуришга, зурриёт қолдиришга муҳтож ва ҳоказо. Мана инсонга боқинг. Юқорида санаб ўтилган нарсалардан маҳрум қилинса, ҳеч нарсага эҳтиёжсиз ҳолда яшашда давом эта оладими?
Самаднинг маъноси – Аллоҳ таоло барча нарсадан беҳожат, барча нарса унга муҳтож деганидир. Барча орзу-умидлар ва истакларда кўзланилгувчи, ҳар қандай мусибат ва қийинчиликлар чоғида мадад сўраладиган Зотдир. Аллоҳ таоло хоҳлаган ишини қилади, хоҳлаганидай ҳукм қилади, бу борада ҳеч нарса тўсиқлик қилиши мумкин эмасдир. Аллоҳ таоло барча нуқсон ва камчиликлардан пок бўлган Зотдир. Ўзидан устун бўлган бирор нарса йўқдир.
Аллоҳ таолонинг Ўз сифатларида комил бўлган, исмларида ягона бўлган ва шу исми ва сифатларига эга бўлишда бошқа нарсага муҳтож бўлмаган ҳамда шериги бўлмаган Зотдир. Одамлар Аллоҳ таолодан бошқага сиғинадиган бут-санамлар ва шунга ўхшаш барча “илоҳ”ларда комиллик, ягоналик, беҳожатлик ва ҳожатбарорлик сифатлари умуман бўлмайди. Комиллик, ягоналик, беҳожатлик ва ҳожатбарорлик сифатлари топилмаган нарсалар қандай қилиб бутун махлуқотларга илоҳ бўлиши мумкин. Одамлар Аллоҳ таолодан бошқага сиғинадиган ҳар қандай “илоҳ”ларни ўрганиб кўрсангиз, ўзининг бор бўлишида ва бошқа ҳолатларда ҳам ўзгага муҳтож эканига гувоҳ бўласиз.
Масалан, айрим инсонлар ўзларига ўзига ўхшаган бир инсонни “илоҳ” тутиб олади. Ҳолбуки бу “маъбуд”га айланган инсоннинг ўзи бор бўлиш, яъни туғилишга, нафас олиш, ейиш, ичиш, уйланиш, фарзанд кўришга муҳтож бўлади. Барча сифатларида комил бўлган, Ўзидан олдин бирор нарса ўтмаган “Қадим” сифатига эга бўлган, Ўзидан кейин ҳам бирор нарса бўлмайдиган “Боқий” сифатига эга бўлган Аллоҳ таоло туғилиш, уйланиш ва фарзанд кўриш каби нарсаларга муҳтож эмас. Шу маънога “Ихлос” сурасининг кейинги оятлари ва бошқа оятлар далолат қилади:
У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенгги йўқдир. (Ихлос сураси, 3-4-оятлар).
Аллоҳ фарзанд тутган эмас ва У билан бирга бирор илоҳ ҳам бўлган эмасдир. Акс ҳолда, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан (кибрга) кетиб, бир-биридан устун бўлиб олур эди (натижада Еру осмон бузилиб кетган бўлур эди). Аллоҳ улар васф этаётган нарсадан покдир.(Мўъминун сураси, 91-оят).
(У) осмонлар ва Ернинг ихтирочисидир. Унинг ёри (жуфти) бўлмаган бўлса, қаёқдан унга фарзанд бўлсин?! Ҳамма нарсани яратди. У ҳамма нарсанинг билимдонидир. (Анъом сураси, 101-оят).
Инсонлар бутун борлиқни яратган, бор бўлишида бошқа бирор нарсага муҳтож бўлмаган, ҳар қандай нуқсон ва камчиликлардан пок бўлган Аллоҳ таолони қўйиб бошқа “илоҳ”ларга сиғинишса ҳам уларнинг бу катта гуноҳ ишларига жазоламай уларни кечирадиган, Ўзининг шаънига тўғри келмайдиган гаплар билан азият беришса ҳам сабр қиладиган, шунча улкан гуноҳларни қилишса ҳам уларни ризқлантириб турадиган, гуноҳкор бандаларининг тавба қилишини кутадиган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!
Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг
“Тафсири Нобулсий” китоби 14-том, 30-жузидан
Фаррух Абдулкарим, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.
[1] Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Жомеус саҳиҳ” китобларида келган.
[2] Имом Бухорий ва Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳим ўз “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.
[3] Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ”ларида келган.
[4] Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳи “Сунан”ларида ривоят қилганлар.
[5] Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи “Муснад”ларида келтирганлар.
[6] Қўрқитиш, огоҳлантиришлар.
[7] Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ”ларида келган.
[8] Имом Бухорий ва Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳим ўз “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.