March 1, 2019

Тафсири Нобулсий: “Фалақ” сураси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

“Фалақ сураси”

1. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: «Паноҳ тилаб илтижо қилурман бутун оламлар Парвардигорига. 2. Яратган нарсалари ёвузлигидан. 3. Зулматга чўмган тун ёвузлигидан. 4. Тугунчаларга дам солувчи аёллар ёвузлигидан. 5. Ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан.

Бу сура ва ундан кейинги сураларнинг фазилати борасида Пайғамбар алайҳиссаломдан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. “Фалақ” ва “Нас” суралари икки паноҳ сўралувчи суралар деб номланган. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом: “Бу кеча мисли бўлмаган оятлар, яъни “Қул аъуузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббинНас” суралари нозил бўлганидан хабаринг борми?”, дедилар[1].

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом: “Ўқи, эй Жобир”, дедилар. “Ота онам сизга фидо бўлсин нимани ўқай?”, дедим. Ул зот: ““Қул аъуузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббинНас” сураларини ўқи”, дедилар. “У иккисини ўқидим”, шунда Пайғамбар алайҳисслом“Бу иккисини ўқиб юришни лозим тут. Сен ҳаргиз (фазилатда) бу иккисига ўхшаганини ўқимайсан (учратмайсан)”, дедилар[2].

Ояти карима “қул”[3] деб буйруқ феъли билан бошланишининг ҳикмати шуки, Пайғамбар алайҳиссалом бу оятларнинг матнларини қандай нозил қилинган бўлса, худди шундай ўқишга буюрилганларидир. Бу эса Қуръони Карим ҳар битта ҳарфи, ҳаракати[4], матни ва тартиби билан Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганини ифодалайди. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

3. (Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! 4. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир. (“Нажм” сураси, 3-4-оятлар).

“Фалақ” сўзи “Ёрилиш”, “кесилиш” ва “парчаланиш” каби маъноларда келади. Ояти каримадаги “фалақ” сўзини тафсир уламолари “бутун борлиқ” деб тафсир қилишган. Бундан кўринадики, бутун борлиқ - ёрилиш маъносига тўғри келмоқда. Чунки борлиқ ва ундаги барча махлуқотлар ёрилиш туфайли пайдо бўлади. Мисол учун тонгни олайлик, у тундан ёрилиб чиқади. Демак тонг фалақдир. Ёмғир осмондан ёрилиб тушади. Ёмғир ҳам фалақдир. Ўсимликлар ердан ёриб чиқади. Улар ҳам фалақдир. Куртаклар дарахт шоҳларидан ёриб чиқади, у ҳам фалақ ҳисобланади. Гул куртакдан ёриб чиқади. Демак гул ҳам фалақдир. Мева гулдан ёриб чиқади, у ҳам фалақ саналади. Фарзанд онадан ёриб чиқади. Демак бола ҳам фалақдир. Йўқликдан борлиққа пайдо бўлган ҳар бир кўзга кўринган ва кўринмаган, ҳис қилинадиган ва ҳис қилиб бўлмайдиган нарсаларнинг ҳаммаси мана шу ёрилиш сабабли пайдо бўлади.

“Фалақ” сурасида Аллоҳ таоло ила яратган барча нарсаларининг ёмонлигидан паноҳ сўрашга ундалаётган бўлса, “Нас” сурасида эса шайтон васвасасининг ёмонлигидан паноҳ сўрашга ундов бордир. Инсон ҳаёти давомида даф қилишга қудрати етмайдиган турли ҳодисалар, табиий офтлар ва касалликлардан сақланмоқчи бўлса, “Фалақ” сураси ила, турли инсонлар тарафидан етадиган хавф-хатарли ҳодисалардан сақланмоқчи бўлса, “Нас” сураси ила паноҳ сўрасин.

Аллоҳ таоло ила паноҳ сўрашнинг маъноси шуки, Аллоҳ таолодан бошпана излаш, Ул Зотдан ҳимоя сўраш, ёрдам сўраш, нажот сўраш ва тинчлик, хотиржамлик сўрашдир. Шундай экан, мўмин киши ҳар қандай ёмонликдан сақланмоқчи бўлса, фақатгина Аллоҳ таоло ила паноҳ сўрасин, фақатгина Ул Зотдан умид қилсин. Инсонни қўрқитиб турган ҳар қандай нарса Аллоҳ таолонинг измида эканини унутмасин! Зеро, борлиқни яратган Зотгина паноҳ тиланишга ҳақлидир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир. У барча нарсага вакил (ҳомий)дир. (“Зумар” сураси, 62-оят).

Ўрмаловчи (жонивор) борки, унинг инон-ихтиёри (тасарруфи) Унинг қўлидадир. (“Ҳуд” сураси, 56-оят).

Қайси бир инсон Аллоҳ таолодан бошқа ила, яъни ўзининг куч-қуввати, шон-шуҳрати ёки бирор мансабдор шахс ила ёки молу дунёси ила паноҳ тиласа ва шу нарсалар барча ташвишни даф этади деб эътиқод қилса, Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлади.

Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик. Бошингизга оғир мусибат келиб, дунё кўзингизга тор бўлиб кўринганида кимдан ёрдам, ҳимоя кутгансиз? Амалдор, куч-қудратга эга, обрўли, бой-бадавлат яқинларингизданми? Ёки оламлар Роббиси Аллоҳ таолоданми?

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор иш ташвишга солса, дарҳол намоз ўқирдилар”[5]. Бу борада Пайғамбар алайҳисслом ўрнак бўлишга кифоя қилмайдиларми?

Аллоҳ таоло ила паноҳ сўраш, Ул Зотга талпиниш мўминлик белгисидир. Ким бошига мусибат тушганида Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашдан ўзини катта олса, у ҳақиқий мутакаббирдир. Бундай мутакаббир инсонни Аллоҳ таоло аниқ ҳалок қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:“Аллоҳ таоло: “Кибр менинг ридойим, улуғворлик менинг изоримдир. Кимки бу иккисидан бирида мен билан талашса, уни жаҳаннамга ташлайман”, деди”[6].

Яратган нарсалари ёвузлигидан – бу ояти каримада эътибор қаратиш керак бўлган муҳим фойда бор. Аллоҳ таоло биз бандаларга Ўзи яратган нарсаларининг ёмонлигидан паноҳ сўрашимиз керак эканини буюурмоқда. Ваҳоланки, соғлом эътиқодга кўра яхшиликни ҳам ёмонликни ҳам яратувчиси Аллоҳ таолодир. Бироқ Аллоҳ таолога ёмон нарсаларнинг нисбати берилмайди.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом: “Лаббайк ва саъдайк[7]барча яхшилик сендандир, ёмонлик эса сенга нисбати берилмас”, деб дуо қилардилар[8].

Ёмонликларни аслида Аллоҳ таоло яратган бўлса-да, ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таолога нисбатан одобга риоя қилиб ёмонликнинг нисбатини Ул Зотга бермадилар.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади? У ҳам бўлса ёмонлик қаердан келади, ёмонликка нима ёки ким сабаб бўлади?

Бунга жавоб: инсон яратган Роббисини унутиб хоҳиш-истакларини ношаръий йўл билан қондирган вақтда ундан ёмонликлар содир бўлади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсон ёмонликларга дучор бўлмаслиги ва ўзидан ҳам ёмонликлар содир бўлмаслиги учун ғафлатда қолмасликка чақиради.

Мисол тариқасида охирги русумдаги бир маркабни олайлик. Бу маркаб ўз вазифасини бажариши, кўзланган жойга олиб бориши учун уни минадиган киши моҳир, доно бўлиши керак. Шунда кўзланган мақсад амалга ошади. Бироқ ҳаёдовчи маст бўлса ёки маркабни бошқара олмайдиган киши бўлса, автоҳалокатга учрайди ва албатта кўзланган мақсад ҳам рўёбга чиқмайди. Худди шундай инсон ҳам Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтар экан у яхшилик узра бўлади. Аммо Аллоҳ таолодан юз ўгирса, Ул Зотдан узоқлашиб, ўз хоҳиш-истакларига бўйсунса, ёмонликларга гирифтор бўлади ва айни пайтда ўзгаларга ҳам ёмонлик етказади.

Инсон фитратидаги асл нарса яхшилик қилишдир. Қачон инсон ҳадидан ошса, ўз хоҳиш-истакларига кўр-кўрона эргашса, шундагина ундан ёмонлик содир бўлади.

Қачонки, инсон ўзининг хоҳиш-истакларини шариъатга мувофиқ қондирса, ундай одам ёмон бўлмайди, ундан ёмонлик ҳам содир бўлмайди. Мисол учун бир инсон жинсий шаҳватини зино йўли билан эмас, балки никоҳ йўли билан қондирса, ҳаёти хайр-баракага тўлади. Жуфти ҳалоли билан бахтли ҳаёт кечиради. Кўплаб фарзандлар ота-онаси бўлишади. Фарзандларни Аллоҳ ва расулини яхши кўрадиган қилиб тарбиялайди. Бу оила жамият учун фойда келтирадиган оилалардан бўлади. Кўриб турганингиздек бу ҳолатларнинг барчасида фақат яхшилик бордир.

Ҳар бир инсонда жинсий шаҳват, ейиш-ичиш, яхши кўриш, ёмон кўриш, бировдан қўрқиш, бировдан умид қилиш каби хоҳиш-истаклари мавжуд. Бу хоҳиш-истаклар инсондан ажралмайдиган ғаризаси ҳисобланади. Инсон бу хоҳиш-истакларини қандай йўл билан бўлса ҳам қондиради. Ё буни ҳалол йўл билан қондириб, Роббисининг розилигига эришиб, яхшилик узра ҳаёт кечиради. Ё ҳаром йўл билан қондириб, Роббисининг ғазабига ҳақли бўлиб, ёмонликка дучор бўлади.

Инсон Аллоҳ таоло хоҳлаганидай ҳаёт кечирса, у доим яхшиликда бўлишини билдик. Аммо шу ҳолда ҳам инсон ҳаётида унга ёқмайдиган айрим ишлар содир бўлса, шуни билсинки, Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила бандасини тарбиялаётган бўлади. Устоз ва шогирдни мисол тариқасида олсак, устоз шогирдига кўп вазифалар юклайди, кўп китоблар ўқишни буюради. Шогирд вазифаларни бажариш асносида қийинчиликларга рўбаро кеоади. Уйқудан қолиши, овқатини вақтида емай қолиши, дўстлари билан кўриша олмаслиги мумкин. Устоз бу вазифаларни юклаши билан аслида шогирдини келажакда кўп яхшиликларга тайёрлаётган бўлади. Шунинг учун ҳам шагирд сабр қилиши ва устозига нисбатан ёмон гумонда бўлмаслиги даркор. Худди шундай инсон ҳам шариъатга мувофиқ ҳаёт кечираётган вақтида айрим ноҳушликларга дуч келса, сабр қилиши, бу нарсаларда яхшилик бор деб Аллоҳ таолога нисбатан яхши гумонда бўлиши лозим бўлади. Бу билан бандалик вазифасини бажарган бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Балким, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар. (“Бақара” сураси, 216-оят).

Ҳаётда инсон учун энг зарур бўлган неъмат бу тинчлик-хотиржамликдир. Одатда одамлар буни ҳар қаёқдан излашади. Бироқ бунга эришишнинг ягона йўли Аллоҳ таолони таниш, Аллоҳ таоло хоҳлаганидай ҳаёт кечириш, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрашдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

(Бу) икки гуруҳнинг қайсиниси (қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқдир? Биладиган бўлсангиз (айтинг!). Имон келтирган ва имонларига зулм (ширк)ни аралаштирмаганлар – айнан ўшаларга хавфсизлик (бордир) ва улар ҳидоят (тўғри йўл) топган зотлардир. (“Анъом” сураси, 81-82- оятлар).

Юқорида биз инсондан қачон ёмонлик содир бўлиши ҳақида сўз юритдик, энди Аллоҳ таолонинг бошқа махлуқотларидан қачон ёмонлик содир бўлиши ҳақида гаплашамиз. Ҳайвонлар ҳам инсон каби ўзига белигланган чегарадан чиқса, ундан ёмонлик содир бўлади. Мисол учун илонни олайлик. Агар ўзига белгиланган жой, яъни ер остида ҳаракат қилса, бировга ёмонлиги тегмайди. Мабодо илон ер устига чиқадиган бўлса, шундагина бировга азият етказиши мумкин. Шунинг учун ҳам илоннинг азиятидан, чақишидан сақланиш мақсадида шариъатда уни ўлдиришга рухсат бор. Шуни таъкидлаш жоизки, бутун махлуқотлар қанча ёвуз ва ёмон бўлмасин, улар тарафдан содир бўладиган ёмонликларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ бўлади. Аллоҳ таоло хоҳласагина улар азият етказиши мумкин. Агар бундай бўлмаганида эди, ҳамма махлуқотлар ўзича қилиб, бунинг натижасида ер юзи изидан чиқарди.

Аллоҳ таолонинг яратган яна шундай махлуқотлари борки, уларни жамодот олами дейилади. Булардан ҳам ёмонлик содир бўлиши мумкинми?

Жавоб: Ҳа, содир бўлади. Улардаги ёмонлик – уларни нотўғри истеъмол қилиш ва ўз ўрнида ишлатисмаслик ўринларида кўринади. Масалан, шакар, туз ва кир ювиш кукунини олайлик. Шакарни овқатга солинса, тузни эса чойга солинса ёки кир ювиш кукунини эса сутга қўшилса, бу моддаларни нотўғри истеъмол қилингани сабабли овқат ҳам, чой ҳам, сут ҳам бузилади, уни ейиш, ичиш эса зарар келтириб чиқаради. Ақлни ҳам тўғри ишлатилмаса, зарарлар келтириб чиқаради. Бунга атом бомбаси, наркотик моддалар, психатроп дарилар, ўйлаб топилган вирусларни мисол қилсак бўлади. Шулар ҳам ақл туфайли топилган, ихтиро қилинган нарсалардир. Бироқ бу нарсалар бугун глобал муаммога айланиб улгурди.

Юқорида биз инсон, ҳайвон ва жонсиз махлуқотларнинг ёмонликлари ҳақида сўз юритдик. Ояти каримадаги Аллоҳ таоло яратган барча махлуқотларининг ёмонлигидан паноҳ сўрашга бўлган буйруқ – юқорида биз зикр қилган барча ёмонликларни ўз ичига олади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, инсонга етадиган барча мусибат, кулфат, кичик ёки катта зарарларга инсоннинг ўзи сабаб бўлади. Бунга қуйидаги ояти карима ва ҳадиси шарифлар далолат қилади:

Сизга қандай яхшилик етса, у Аллоҳдандир. Сизга қандай нохушлик етса, у ўзингиздандир. Сизни одамларга пайғамбар қилиб юборганмиз. Гувоҳликка (эса) Аллоҳ (Ўзи) етарлидир.(“Нисо” сураси, 79-оят).

Сизларга (Уҳуд жангида) бир мусибат етган бўлса – сизлар (уларга Бадр жангида) унинг икки баробарига тенг мусибат етказгансиз. «Бу (мусибат) қаёқдан келди?» – дейсизми?! «У – ўзингиздан», – деб айтинг! Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир. (“Оли Имрон” сураси, 165-оят).

(Эй, инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ)сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур. (Акс ҳолда мусибат бундан ҳам кўп бўлур эди). (“Шўро” сураси, 30-оят).

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Ким яхшиликка эришса, Аллоҳ таолога ҳамд айтсин, ким яхшиликдан бошқа нарсаларга йўлиқса, ўзидан бошқани маломат қилмасин”[9].

Аллоҳ таоло Ўзи яратган нарсаларининг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюрар экан, нима сабабдан инсоннинг ҳаётига хавф соладиган ёмон инсонлар, ҳайвонлар, ўсимликлар ва жонсиз моддаларни яратди, деган ўринли савол туғилади. Бунга жавоб: “Инсон зоти бу дунё ҳаётида саодатга эришиши учундир. Бинобарин Аллоҳ таоло ер юзида инсон ҳаётига хавф соладиган ёмон ишлар, уни безовта қиладиган табиий офтлар, касалликлар, уни ташвишга қўядиган оғир қийинчиликларни яратмаганида эди, инсон зоти яратган Роббисини унутиб, Ул Зотдан беҳожат бўларди. Юқорида санаб ўтилган ёмонликлар туфайли инсон Роббисига муҳтож бўлади, Ул Зотга талпинади. У Зотдан ёрдам кутади. Тушунарли бўлиши учун мисол келтириб ўтамиз. Ёш бола онасидан узоқроққа кетиб қолса, ҳеч қандай хавф бўлмаса, онасини эсламай юраверади. Мабодо йўлидан бирор ҳайвон чиқиб қолса, шу заҳоти онасининг бағрига қочади. Худди шунингдек инсоннинг бошига келадиган мусибатлар, ноҳушликлар, бало-офатларнниг барчаси уни Роббиси томон етаклайди. Роббисидан илтижо қилиб паноҳ сўрашга, ёрдам сўрашга ундайди.

Ва яна инсонни қўрқитадиган нарсалар гоҳида инсон роҳати йўлида хизмат қилади. Масалан, инсон кўричак бўлса, бу дарддан, бу оғриқдан қутулиш учун инсон жароҳат амалиётини бошидан ўтказиши керак. Ваҳоланки, бу амалиётда қорин ёрилиши, қон тўкилиши каби кўринишидан қўрқинчли жараён кузатилади. Шундай бўлса-да, бу амалиётнинг натижаси инсон роҳати билан якунланади. Бунга яна тиш оғриқ касалини мисол қилсак бўлади. Инсон бу дарддан халос бўлиш учун уни суғуриб олиб ташлашдан бошқа чораси бўлмайди.

Зулматга чўмган тун ёвузлигидан – Аллоҳ таоло ояти кариманинг давомида туннинг ёвузлигидан паноҳ сўрашга буюрмоқда. Чунки одатда аксар ёмонликлар, ёвузликлар тунда содир бўлади.

Баъзи тафсир уламолари ояти каримадаги тун маъносини ифодаловчи сўзни шайтон деб тафсир қилганлар. Чунки шайтон Аллоҳ таолодан узоқдир. Шайтоннинг бу узоқлиги уни зулмат қаърига улоқтирди. Худди шунингдек, инсон ҳар қачон Аллоҳ таолога юзланар экан, доим ёруғлик узра бўлади.

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Намоз нурдир, садақа ҳужжатдир, сабр зиёдир”, дейилган.

Демак, Аллоҳ таоло буюрган барча амаллар нурдир. Бунинг зиди, яъни Аллоҳ таоло буюрган амаллардан юз ўгириш эса зулматдир. Ҳолбуки юз ўгирувчиларнинг энг каттаси шайтон ҳисобланади. Шунинг учун баъзи тафсир уламолари тун маъносини ифодаловчи сўзни шайтон деб тафсир қилганлар.

Агар тун маъносини ифодаловчи араб тилидаги “ғосиқ” сўзини шайтон десак, ояти кариманинг маъноси қуйидагича бўлади:

Инсоннинг кўксига жойлашган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман деб айтинг.

Инсоннинг кўксига жойлашган шайтоннинг ёмонлигидан – Аллоҳ таоло инсоннинг кўксига жойлашадиган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўрашга бюурмоқда. Сабаби, шайтон инсоннинг кўксига жойлашганда уни ёвуз инсонга айлантиради. Бундай инсон энди, шаҳватини қандай йўл билан бўлмасин қондирадиган бўлади. Жинсий хоҳиш-истагини бир аёлни оиласини бузиш эвазига бўлса ҳам, молга бўлган хоҳиш-истагини ўғирлаш, талон-тарож қилиш эвазига бўлса ҳам, бошқаларнинг ўлими эвазига ўзининг тирик қолиши, ўзгаларнинг оч қолиши эвазига ўзининг тўқ бўлиши учун, бошқаларнинг ҳаётини ташвишга солиш эвазига ўзининг тинч бўлиши учун, бошқаларни хор қилиш эвазига ўзининг азиз бўлиши учун ҳаёт кечирадиган жирканч, худбин инсонга айланади.

Агар сизнинг хаёлингизга бировни алдаш, ғийбат қилиш, ҳасад қилиш, ўзгалардан ўзини устун қўйиш, бировнинг молига тажовуз қилиш каби Аллоҳ таолони рози қилмайдиган ўй-хаёллар келса, билингки, бу кўксингизга жойлашган шайтоннинг васвасасидан бошқа нарса эмас. Ёдингизда тутинг! Сизда бундай ўй-хаёлларни бартараф этиш учун кучли қуролингиз бордир. Агар шу заҳотиёқ “Ъауузу биллааҳи минаш шайтоонир рожиим” десангиз, албатта, васвасадан қутуласиз”.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агар сизни шайтоннинг шарри тутса, Аллоҳдан паноҳ тиланг! Албатта, У эшитувчи ва билувчидир”. (“Аъроф” сураси, 200-оят).

97. Айтинг: «Эй, Раббим! Мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман. 98. Яна мен Сендан, эй, Раббим, улар менинг ҳузуримга келишларидан паноҳ сўрайман». (“Мўминун” сураси, 97-98-оятлар).

Бу шайтоннинг ўзингизга қиладиган васвасалари бўлса, энди сиз доимий муомала қилиб юрадиган шеригингиз кўксига шайтон кирса, уни азият берувчи, қўпол, сизга нисбатан ёмон муомала қилувчи инсонга айланганини кўрасиз. Шунинг учун шайтоннинг васваса қилишидан паноҳ сўрашда нафақат ўзингизни, балки оила-аъзоларингиз, яқинларингиз ва дўсту биродарларингизни ҳам шайтон кўксига кириб васваса қилишидан доимо паноҳ сўраб юринг. Чунки инсон ўз дўстига шайтонга қарши ёрдам бериши ва ўз дўстига қарши шайтонга ёрдам бериб қўйишдан эҳтиёт бўлиши лозим бўлади. Бунинг мисоли: дўстингиз бирор нарсадан ғазабланса, унга сукут сақлаш билан ёрдам беринг. Шундай қилиб, сиз дўстингизга шайтоннинг йўлига юрмаслигига ёрдам берган бўласиз. Бироқ дўстингиз ғазабланган чоғида, унга қўполлик билан гап қайтарсангиз, шайтоннинг йўлига киришига кўмаклашган бўласиз. Шундай экан сиз оила-аъзоларингиз, яқинларингиз, қўшниларингиз, дўсту биродарларингиз ва ҳамкасбларингизнинг барчаларига шайтонга қарши ёрдам беринг. Асло шайтонга ёрдам бериб қўйманг!

Тугунчаларга дам солувчи аёллар ёвузлигидан – бу ояти каримадаги аёллардан деб сеҳргар, афсунгар ва фолбин аёллар назарда тутилмоқда. Буларнинг ёвузлиги нима-да, дейилса, бунга жавоб: уларнинг амалга оширадиган сеҳрларидир. Сеҳрнинг асли турли ҳийла ва алдов йўли билан кўзбўяшдир.

Ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни сеҳр қилувчиларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюрмоқда. Шариъатга кўра, сеҳр билан шуғулланганлар куфр келтирган бўлади. Чунки сеҳргарлар инсонларни йўлдан адаштиради, жамиятда кўплаб муаммоларга сабаб бўлишади. Бироқ сеҳргарларнинг сеҳрлари фақат Аллоҳ таолонинг изни билан таъсир қилади. Аллоҳ таолони унутиб, шариъатга мувофиқ ҳаёт кечирмайдиган инсонларгагина қилинган сеҳрларнинг таъсири кучи кўпроқ бўлади. Инсон Роббиси ила сеҳрдан паноҳ сўраб дуо қилса, унга қилинган сеҳр бекор бўлади.

Булар ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Яна, (улар) Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) ўқийдиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар. (У икки фаришта): «биз фақатгина синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!», – деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар. Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар. (Хуллас) ўзларига фойдаси йўқ, балки зарарли нарсаларни таълим олар эдилар. Уни (Аллоҳ китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди! (“Бақара” сураси, 102-оят).

Ояти каримадаги тугунлардан мақсад – мустаҳкам алоқалардир. Бундай мустаҳкам алоқаларга – эр-хотин ўртасидаги муносабат, дўсту биродарлик алоқаси, оталик алоқаси, икки киши ўртасидаги шерикчилик муносабати, қўшничилик муносабатларини мисол қилсак бўлади. Бу инсоний мустаҳкам алоқалар эгалари Ўз Роббиларидан узоқлашса, уларга қилинган сеҳр ўртага тушиб бундай алоқаларни мустаҳкам бўлишига қарамай, узади.

Ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан – ҳасад икки хил бўлади. Бири шариъатда мақталган бўлса, бошқа бири ёмонлангандир. Мақталган ҳасад қуйидаги ҳадисда ривоят қилингандир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдилар: “Ҳасад фақат икки нарсада бўлади: бир кишики, Аллоҳ таоло унга Қуръоннни ато қилган бўлиб, у тунни Қуръон билан ўтказади. Ва яна бир кишики, Аллоҳ таоло унга мол-дунё ато қилган бўлиб, мол-дунёни эртаю кеч (Аллоҳ таоло йўлида) инфоқ-эҳсон қилади[10].

Ҳадиси шарифда зикри келган икки кишига ҳасад қилсангиз, бу мақталган ҳасад ҳисобланади. Бундай ҳасадни уламолар ҳавас деб номлаганлар. Шу маънода Фузайл ибн Иёз роҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳавас қилиш имондандир, ҳасад қилиш эса мунофиқликдир. Мўмин киши ҳавас қилади, мунофиқ эса ҳасад қилади”, деб айтганлар.

Ҳадисдаги икки кишига ҳавас қилишни Аллоҳ таоло мусобақа деб номлаган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар! (Мутоффифиин сураси, 26-оят).

Бас, айнан мана шундай ютуқ учун амал қилувчилар амал қилсинлар! (“Соффот” сураси, 61-оят).

Ёмонланган ҳасадга келсак, бир мусулмон биродарингиздан неъматни йўқ бўлиб, ўзингизда бўлишини орзу қилишингиздир. Мана шу ҳақиқий ҳасаддир. Еру осмонда Аллоҳ таолога нисбатан қилинган энг аввалги осийлик ҳасад сабабидан бўлган. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:

(Аллоҳ) айтди: «Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?» У деди: «Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг». (“Аъроф” сураси, 12-оят).

Уларга Одамнинг икки ўғли (Қобил ва Ҳобил) ҳақидаги хабарни ҳақиқати билан ўқиб беринг! Иккиси қурбонлик қилганларида, биридан қабул қилинди, унисидан эса қабул қилинмади. (Қурбонлиги қабул бўлмаган Қобил укаси Ҳобилга): «Сени, албатта, ўлдиражакман!» – деди. (Ҳобил) эса: «(Қурбонликни) Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур. (“Моида” сураси, 27- оят).

Шунинг учун биз ҳасаддан ва ҳасад қилувчининг ҳасади ёвузлигидан паноҳ сўрашлигимиз ҳамда Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш, динда мустаҳкам бўлиш, Қуръони Каримни ёд олиш, инфоқ эҳсон қилиш каби солиҳ амаллар борасида мусобақалашиш ва солиҳ инсонларга ҳавас қилишга муваффақ қилишини сўрашимиз лозим бўлади.

Инсонлар нима сабабдан ўзгалардаги неъмат йўқ бўлиб, ўзида бўлиб қолишини хоҳлайдилар? Бунинг ўрнига Аллоҳ таолодан ўзини бой қилишини, ўзига ҳам неъматларни беришини, мартабасини юқори қилишини, гўзал хулқ ато қилишини, ёмон хулқлардан сақлашини сўраса бўлади-ку! Бундай инсонлар Аллоҳ таолонинг фазли карами кенг эканини билиб қўйишлари ва буни доимий ёдда тутишлари лозим.

Ҳасад нима сабабдан ёмонланган? Чунки ҳасад эгаси ҳасад қилиши билан Аллоҳ таолога нисбатан ёмон гумонда бўлади, яъни Аллоҳ таоло неъматни унга бермай, бошқа бир бандасига берганини ҳикматсиз иш қилган деб айблаётгандай бўлади. Бу эса куфр, ширк ҳисобланади. Ҳасад қилган инсон Аллоҳ таолонинг қисматига норози бўлиб, яратган Роббиси ғазаб қилган бўлади. Роббиси қилган ишига таслим бўлмасдан ёмон кўрган бўлади. Шунинг натижасида ҳасадгўй Аллоҳ таолонинг дўст бандаларидай бўлишга интилмоқ ўрнига улар билан алоқани узади, уларни қўллаб-қувватлаш ўрнига ёмонлайди. Бундай иши билан шайтонга ёрдам берган бўлади. Ҳасадгўй одам ёлғиз қолганида фақат ғам-ташвиш, дунёда фақат надомат, охиратда эса фақат маҳзунлик ва аламли азоб, фаришталар томонидан фақат лаънат ҳамда Аллоҳ таолонинг наздида фақат қаҳр ва узоқликдан бошқа нарсага эришмайди.

Шуни унутмангки, ким “фалақ” Роббиси ила паноҳ сўраса, унга ҳеч қандай ёвузлик етмайди. Шайтон ҳам васваса қилиш учун унинг кўксига кира олмайди. Сеҳргар унга таъсир ўтказа олмайди ҳамда бирор ҳасадчининг ҳасади ёвузлиги асло етмайди.

Шу ўринда “Фалақ” сураси тафсири тугади.

Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг

“Тафсири Нобулсий” китоби 14-том, 30-жузидан

Фаррух Абдулкарим, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.


[1] Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ”ларида келган.

[2] Имом Ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ”ларида келган.

[3] Маъноси: айтинг.

[4] Бу ўриндаги ҳаракатдан мақсад ҳарфлардаги

[5] Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ ўз “Сунан”ларида келтирганлар.

[6] Имом Абу Довуд ва Имом Можа раҳматуллоҳи алайҳим ўз “Сунан”ларида келтирганлар.

[7] Маъноси: Лаббай Аллоҳим, хизматингга тайёрман.

[8] Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ”ларида келган.

[9] Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ”ларида келган.

[10] Имом Бухорий ва Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳим ўз “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.