Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон!
Қачон халқ бўласан, эй сен, оломон!
Америка ё Европада яҳудийлардан бирортаси ҳаракат қилиб бир ресторан очса, ўша шаҳар ва яқин атрофдаги барча яҳудийлар иложи борича фақат шунинг ресторанида овқатланиб, яна дўстлари- танишларини ҳам шу ресторанга судраб олиб келиб, хуллас, мижозлар топиб, янги бизнес бошлаган миллатдошининг оёққа туриб олишига ёрдам бераркан.
Агар ўзбек бир ресторан очса, этти маҳалласи, энг узоқ қариндоши ва 20 йил олдин бир мактабда ўқиган мактабдоши ҳам "қани, мендан пул олармикан" деб туради, негадир.
Худди шу каби, агар биров қийналиб, қарз- ҳавола қилиб уй ёки машина сотиб олса, яқину узоқ танишлари "қачон ювасан?" деб етиб келади.
Мадинада машинасиз яшаб бўлмайди - бу ерда метро, автовус каби жамоат транспортлари йўқ, арзон бўлсаям машина олволмаса, одам жуда қийналади. Куни кеча бир қозоғистонлик укамиз машина олган экан, шу ювиш ҳақидаги аҳмоқона гап чиққанди, сизлар бунинг уйига бир ой овқат чиқариб туринглар энди, бечора ҳамма пулини сарфлаб юборди машинага, аҳволи ёмон, десам, гапимга ҳайрон бўлишди.
Нега биз шундаймиз? Нега "ўлигимизни" бировга ташлаб, бошқалардан талаб қилиб, бировларни қурбон қилиш яшаймиз.
Мен асли буни ёзаётганим сабабларидан бири, ижтимоий тармоқларда имомлар ҳақни гапирмайди, журналистлар ҳақни гапирмайди, аҳли илмлар ҳақни гапирмайди, деган айбловларни кўп эшитамиз.
Ўйлаб кўрмайсанми, эй нодон, агар у гапирса, ишдан олинади, ўрнига бир виждонсиз келса, аҳвол бадтар бўлади. Ҳақ дегани фақат муаммоли мавзулар, рўмолу болаларнинг масжидга кириши кабилардан иборат эмас-ку, аҳмоқ! Гапира олганини гапирсин, ҳақнинг бошқа муҳимроқ ва булар гапира оладиган қисми ҳам кам эмас-ку!
Гапира олмайдиганингиз, гапирсангиз сизга зарар етадиганини гапирманг, мана биз гапирамиз, дейишимиз керакмасмиди?! Ахир бир имомга бўладиган босим ва назорат шу ижтимоий тармоқни "гуллатаётган" бу шоввозларга, хусусан, номи номаълум профил эгаларига бўлаётган босим билан бир хил эмас, наҳотки шуни ўйламасак?!!
Нега энди ҳар бир виждонли кишини қурбон қилиб, таъзиясида ўтиришни яхши кўрамиз? Нега энди биз ўша имомларга ҳурриятни таъминлаб бермадик, биз адолатли жамият қуриб беролмадик, деб ўзимизни айбламаймиз?! Ахир сиёсий муаммоларнинг сиёсий ечимлари бу имомларнинг қўлида эмас-ку! Нега ўзимиз халқ бўлиб чиқиб, шу муаммоларни ҳал қилмаяпмиз шунчалик ҳақиқатпарвар эканмиз?!
Йиллаб ўқиб, илм олган имом халқига тавҳидни, ислом рукнларини, намоз, рўза, закот, ҳаж, ота-онага яхшилик қилиш, ширк ва гуноҳи кабиралардан узоқ бўлиш каби Жаннат ва Жаҳаннамдан бирига олиб кирувчи энг муҳим масалаларни етказиш ўрнига, биз- халқнинг, оломоннинг, жамиятнинг сустлиги, сиёсий нофаоллиги сабаб пайдо бўлган ҳижоб каби муаммоли ишни гапириб, ишдан ҳайдалса, ШУ ХАЛҚҚА ФОЙДАЛИРОҚМИ?
Ҳайвонлар ҳам бир- бирига ёрдам берадилар, кофирлар ҳам бир- бирига ёрдам берадилар.
Эй мусулмонлар, энди ҳар бир ишни бир-биримиздан талаб қилишни бас қилайлик. Ўзимиз бажарайлик! Бирор солиҳ киши давлат ишида ёки бирор масъулиятли ишда ишлашини билсак, оғир иш билан унинг белини синдиришга эмас, унга ёрдам бериб, янаям ўстиришга ҳаракат қилайлик.
Узоқни ўйлайдиган, узоқни кўра оладиган бўлайлик!
Шу ўринда, Эркин Воҳидовнинг "Руҳлар исёни" достонидаги бир байт эсимга тушиб кетди:
Сўзим охирида айтадиганим, имомлар гапирмайди деб маломат қилиб юрадиганлар, қани энди гапириб ишидан ҳайдалганларни бир зиёрат қилиб қўйинглар. Ўйлаб кўринглар, ишлаб тургани яхшимиди ё энди меҳробда бошқаси тургани чиндан ҳам ўша масжид аҳли учун фойдалироқми?
Аллоҳ бизларга ҳикмат берсин! Оломон эмас, халқ бўлмоғимизни насиб этсин! Биродарларимизга суянч бўладиганлардан қилсин, маломатчилардан эмас!