Битирув малакавий ишни тайёрлаш ва баҳолаш тартиби тўғрисида Низом

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги “Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2932-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1963, 2009 йил 5 июнь) мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Тошкент давлат юридик университетида (бундан буён матнда университет деб юритилади) битирув малакавий ишни (бундан буён матнда БМИ деб юритилади) тайёрлаш ва баҳолаш тартибини белгилайди.

2. Асосий тушунчалар:

битирув малакавий иши (БМИ) – университет талабасини муайян бир ҳуқуқ соҳасидаги илмий-амалий муаммони мустақил равишда ёзма шаклда концептуал ва амалий жиҳатдан тадқиқ қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув жараёнининг якуний босқичи;

тақриз – БМИ мантиқий изчилликда ёритилганлиги, мақсад ва вазифалар тўғри қўйилганлиги, илмий мақолалар таҳлил қилинганлиги, танқидий фикрлаш кўникмаси намоён қилинганлиги ва ишлаб чиқилган тавсияларнинг сифат даражаси бўйича берилган ёзма фикрнома;

тақризчи – БМИ юзасидан ёзма фикрнома бериш учун кафедра томонидан тайинланган педагог ходим ёки амалиётчи мутахассис;

БМИ раҳбари – ушбу низомда белгиланган тартибда талабанинг БМИга раҳбарлик қилиши учун тайинланган педагог ходим ёки амалиётчи мутахассис;

БМИ раҳбари хулосаси – БМИнинг ушбу низомда белгиланган талаблар доирасида бажарилганлиги ҳамда уни якуний давлат аттестация комиссиясида ҳимоя қилиш мумкинлиги тўғрисида берилган ёзма фикрнома.

3. БМИни тайёрлаш ва баҳолашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

талабаларда таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва улардан фойдаланиш кўникмаси шаклланганлигини баҳолаш;

талабаларнинг мустақил тадқиқот билан шуғулланиш кўникмаларини ривожлантириш ва методик жиҳатдан тайёрлаш;

тадқиқот мавзуси доирасида муаммоларни аниқлаш ва тегишли илмий мақолалар, статистик маълумотлар, суд қарорлари, ҳужжатлар намуналари билан тизимли ишлаш кўникмаларини ривожлантириш;

тадқиқот мақсадини амалга ошириш учун белгиланган услубларни тўғри татбиқ этиш;

талабаларда таҳлил қилиш ва хулосалар шакллантириш, далилларни келтириш ва уларни илмий-амалий жиҳатдан асослантириш кўникмаларини шакллантириш;

тадқиқот доирасида мунозарага киришиш ва танқидий фикрларни ишлаб чиқиш;

талабаларда тадқиқот доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, илмий-амалий мақолалар, хорижий ва маҳалий юридик адабиётларга тўғри ҳавола (сноска)лар бериш кўникмаларини ривожлантириш;

тадқиқот иши ва унинг хулосаларини мантиқан ва юридик-лингвистик нуқтаи назардан тўғри расмийлаштириш кўникмаларини ривожлантириш.

2-боб. Битирув малакавий ишни тайёрлашни ташкил қилиш

4. БМИ мавзулари кафедралар мутахассислиги бўйича илмий-тадқиқот масалаларига ёки аниқ амалий вазифаларни ҳал этишга бағишланган бўлиши лозим. БМИларнинг намунавий мавзулари кафедра томонидан шакллантирилади. Талаба кафедра томонидан шакллантирилган мавзулардан бирини ёки ўзи таклиф этган мавзуни танлашга ҳақли.

5. Талаба БМИ мавзусини мустақил равишда ёки кафедра томонидан тақдим этилган БМИ мавзулари орасидан танлаган ҳолда 30 октябрга қадар тегишли кафедрага топширади.

Кафедралар 10 ноябрга қадар БМИ мавзусини тақдим этган талабаларга БМИ раҳбарларини тайинлайди ҳамда талабаларга бириктирилган мавзулар ва илмий раҳбарлар ҳақидаги рўйхатни кафедра мажлиси баённомаси билан биргаликда тегишли деканатга тақдим этади.

Тегишли деканат кафедралар томонидан тақдим этилган рўйхатлар асосида 1 декабрга қадар талабаларга БМИ мавзулари ва илмий раҳбарларни бириктириш бўйича ректор буйруғи лойиҳасини тайёрлайди.

6. БМИнинг мазмуни ва белгиланган муддатларда тайёрланишига, шунингдек БМИ раҳбари билан келишилган муддатларда ундан конструктив йўналишлар олишга талаба шахсан масъул ҳисобланади.

7. Талабаларга БМИ тайёрлаш бўйича факультатив курс машғулотлари тегишли мутахассислик кафедралари томонидан олиб борилади.

8. Талабалар БМИ мавзусидан келиб чиққан ҳолда диплом олди амалиётига юборилади. Амалиёт давомида БМИ мавзусига оид маълумотлар (статистик маълумотлар, процессуал ҳужжатлар, локал ҳужжатлардан намуналар, социологик интервью натижалари ва ҳ.к.)ни тўплайди.

3-боб. Битирув малакавий ишига қўйиладиган талаблар

9. БМИни расмийлаштириш ва уни ҳимоя қилиш талабанинг хоҳишига кўра у ўқиган тилда ёки хорижий тилда (инглиз, немис, француз) амалга оширилади.

10. БМИ қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

мавзу долзарб, мақсади ва вазифалари аниқ;

тадқиқот объекти, предмети, услуб(лар)и ва гипотезалари тўлиқ;

фойдаланилган илмий-амалий мақолалар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, статистик маълумотлар, суд қарорлари ва хорижий тиллардаги адабиётлар таҳлили тўлиқ, шунингдек уларда билдирилган фикрлар юзасидан талабанинг танқидий ёндашуви мавжуд;

диплом олди амалиёти давомида тўпланган материаллар (статистик маълумотлар, процессуал ҳужжатлар, локал ҳужжатлардан намуналар, социологик интервью натижалари ва ҳ.к.) акс этган;

хулосада илгари сурилган тавсиялар БМИнинг асосий қисми билан узвий боғлиқ ва унда ифодаланган бўлиши.

11. БМИ қуйидаги қисмларни ўз ичига олади:

кириш (долзарблик ва асосланганлик);

адабиётлар таҳлили;

тадқиқот муаммосини аниқлаш, уни асослаш ва хулосалар шакллантириш;

адабиётлар рўйхати;

илова (лар).

12. БМИнинг умумий ҳажми 55-60 саҳифа атрофида бўлиши лозим. Фойдаланилган адабиётлар ва иловалар БМИнинг умумий ҳажмига кирмайди.

БМИ талаба томонидан компьютерда Microsoft Word дастурини қўллаган ҳолда, «Times New Roman» 14 шрифтда, 1,5 қаторлараро интервалда тайёрланиши ва А4 форматдаги оқ қоғозда принтердан чиқарилган бўлиши керак.

Саҳифа ўлчами: саҳифа мўлжали китоб шаклида, юқори ва пастки майдони – 2 см, ўнг тараф – 1,5 см, чап тараф – 3 см.ни ташкил этиши керак.

БМИ қаттиқ муқовали титул варағи мазкур Низомнинг иловасида келтирилган шаклга мувофиқ расмийлаштирилади.

13. БМИ талаба томонидан шахсан тайёрланиши шарт. Талаба БМИни ёзишда илмий изланишлар олиб бориш этикасига қатъий риоя этиши, жумладан плагиат, маълумотларни сохталаштириш, шунингдек сохта иқтибослар келтиришга йўл қўймаслиги лозим.

БМИда қоғоз ёки электрон кўринишда нашр қилинган ўзга матндан олинган манбаага ҳеч қандай ҳавола қилмаган ҳолда ишлатиш ёки олинган манбага ҳавола қилинган бўлсада, лекин ўзлаштиришларнинг ҳажми ва хусусияти ишнинг мустақил ёзилганлигига шубҳа уйғотадиган даражада ўзлаштирилган бўлса плагиат деб топилади. Бундай вазиятда БМИ 0 (ноль) балл билан баҳоланади.

14. Кафедра томонидан талабаларни БМИ ҳимоясига тайёргарлиги ҳолати устидан доимий мониторинг олиб борилади.

Талабанинг БМИни тайёрлаш фаолияти мониторинги қуйидаги кўрсаткичлар асосида олиб борилади:

БМИни тайёрлаш режасининг белгиланган муддатларга риоя қилган ҳолда бажарилиши;

ушбу Низомнинг 10-13 бандларида белгиланган талабларга риоя этилиши.

Мониторинг жараёнида талабалар билан суҳбатлар ўтказилади, тегишли таклиф ва тавсиялар берилади.

Мониторинг якунлари кафедра баённомаси билан расмийлаштирилади.

4-боб. Битирув малакавий иш ҳимоясини ташкил қилиш ва

ўтказиш тартиби

15. БМИ ҳимояси графиги тегишли деканат томонидан ишлаб чиқилади ва ўқув ишлар бўйича проректор томонидан тасдиқланади ҳамда ушбу график тегишли деканат томонидан талабалар эътиборига етказилади.

16. БМИ ҳимояси якуний давлат аттестацияси комиссиянинг
(бундан буён матнда комиссия деб юритилади) очиқ мажлисларида ўтказилади.

Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1963, 2009 йил 5 июнь) мувофиқ университет ректори буйруғи билан тасдиқланади.

Комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.

17. Кафедра БМИ ҳимоясидан бир ҳафта олдин кафедрага бириктирилган талабалар томонидан тайёрланган БМИ (БМИ иши, раҳбар хулосаси, тақриз) ва унинг электрон нусхаси билан биргаликда (қоида тариқасида CD дискда) ўқув ишлари бўйича проректор томонидан тасдиқланган график асосида тегишли деканатга тақдим этади.

18. БМИ ҳимояси оғзаки усулда ўтказилади. Ҳимоя талаба ўқиган тилда ёки хорижий (инглиз, немис, француз) тиллардан бирида ўтказилади. Шунингдек, ҳимоя жараёни аудио-, фото- ва видео-ёзув қурилмалари орқали қайд этилиши мумкин.

БМИ ҳимоясида тегишли кафедра мудири, илмий раҳбар, тақризчилар, амалиётчи мутахассислар ва комиссиянинг рухсатига асосан бошқа шахслар иштирок этишлари мумкин.

19. Талабага БМИни ҳимоя қилиш учун 10-15 дақиқа вақт берилади. Талаба БМИ буйича Microsoft Power Point дастурида тайёрланган тақдимот намойиш этиши шарт.

Тайёрланган тақдимот оч рангли фонда бўлиши лозим. Талаба тақдимотни мавзуга тегишли расмлар, графиклар ва схемалардан фойдаланган ҳолда тайёрлайди.

Талабанинг тақдимоти ҳимоя кунидан бир кун олдин комиссия котибига тақдим этилади.

20. Талабанинг тақдимотидан сўнг комиссия аъзолари ва бошқа иштирокчилар талабага мавзу доирасида саволлар беришлари мумкин.

Талабанинг жавобларидан сўнг илмий раҳбар хулосаси ҳамда тақризчиларнинг тақризлари комиссия раиси ёки комиссия аъзоларидан бири томонидан ўқиб эшиттирилади.

Тақризларда билдирилган фикрларга ўз муносабатини билдириш учун сўз талабага берилади.

21. Комиссия БМИга қўйилган талабларга риоя қилинганлигини аниқлаш ва баҳолашда мазкур Низомнинг 3-боб қоидаларига амал қилади.

22. БМИ ҳимояси якуний давлат аттестацияси комиссияси томонидан талабанинг 100 баллик тизим асосида бутун сонлар билан баҳоланади. Бунда:

БМИ мазмуни ва расмийлаштириш талабларига;

БМИ тақдимотига;

БМИ оғзаки ҳимоясига асосланилади.

БМИ ҳимояси бўйича тўпланган балл белгиланган умумий баллнинг
55 фоизидан ортиқ бўлганда талаба “қониқарли” баҳоланган деб ҳисобланади.

23. БМИ ҳимояси якунлангандан сўнг комиссия томонидан БМИни баҳолаш бўйича муҳокама ўтказилади. Муҳокамада комиссия аъзоларидан ташқари бошқа шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди.

24. БМИ ҳимоясида ҳар бир талаба бўйича комиссия томонидан мажлис баённомаси юритилади. Мажлис баённомасида ҳимоянинг бошланиш ва тугаш вақти, талабага берилган саволлар ва унга берилган жавоблар акс эттирилади. Мажлис баённомаси комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан имзоланади ва тегишли деканатга тақдим этилади.

25. Комиссия мажлисининг баённомаси белгиланган тартибда расмийлаштирилгандан сўнг, шу куннинг ўзида БМИ ҳимоясининг натижалари эълон қилинади.

26. “Қониқарсиз” баҳо қўйилганда талаба кейинги йилларда БМИни қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

27. Талаба БМИ раҳбарининг ижобий хулосаси билан БМИ ҳимоясига тавсия этилган бўлса, лекин БМИ ҳимояси бўйича ташкил этилган якуний давлат аттестация комиссияси қарори билан ушбу БМИ қониқарсиз баҳоланса, қоида тариқасида, БМИ раҳбари кейинги бир ўқув йили давомида университет Ўқув-услубий кенгаш қарори билан БМИга раҳбар этиб тайинланмайди.

5-боб. Битирув малакавий иш ҳимояси натижаларини апелляция тартибида кўриб чиқиш

28. Талаба БМИ ҳимояси натижаларидан норози бўлган тақдирда, БМИ бўйича баллари эълон қилингандан сўнг уч кунлик муддатда ректор номига апелляция шикоятини бериши мумкин. Мазкур ҳолатда ўқув ишлари бўйича проректор билдиргисига асосан ректор буйруғи билан апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссияси аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

29. Апелляция комиссияси талабанинг комиссияга тақдим этган БМИ ва у бўйича берган жавобларини қайта текширувдан ўтказади ва бир кун муддат ичида хулосасини эълон қилади.

Апелляция комиссияси томонидан БМИни қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.

Талабанинг аризасини кўриб чиқиш натижаси бўйича апелляция комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

қўйилган балларни ўзгаришсиз қолдиради;

қўйилган балларни ўзгартиради.

Талабанинг апелляция шикоятини кўришда унинг илгари олган рейтинг баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.

6-боб. Якуний қоидалар

30. Ҳимоя қилинган БМИ 3 йил давомида сақланади.

31. Мазкур Низомда белгиланган қоидаларнинг қўлланилиши бўйича низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.