January 16, 2020

АМАЛИЙ МАҚОЛАЛАР ТАНЛОВИНИНГ ҚОИДАЛАРИ (ғолиблар 500, 400 ва 300 минг сўм билан тақдирланадилар)

Амалий мақола ҳуқуқий нормаларни реал ҳаётда қандай қўллашни тушунтиради, аниқ саволларга аниқ жавоб беради. Мақола ёрдамида ўқувчи ўз муаммоларини тўлиқ ҳал этади, бошқа манбаларга мурожаат қилиш ва қўшимча жавобларни қидиришга ҳожат қолмайди. Қонунчилик ва назарияни такомиллаштириш бўйича таклифлар мақолада ёритилмайди. Мақола типик вазиятлар ва уларни ҳал этиш йўлллари бўйича мисолларни қамраб олади. Муаллиф ҳужжатлар наъмуналарини келтириб, уларни қандай тўлдириш кераклигини тушунтиради.

Матн содда, тушунарли ва қизиқарли усулда ёзилиши лозим.

Танловда ким иштирок этиши мумкин?

Танловда фақат «Procedure» тўгараги аъзолари иштирок этади. Тўгаракка аъзо бўлиш учун сўровномани тўлдиринг ва уни Telegram ижтимоий тармоғи орқали Самир Латиповга (@samir_latipov) юборинг. Сўровнома «Procedure» (https://t.me/TSUL_procedure) каналида мавжуд. Вақтни бой берманг! Тўгарак эшиклари Сиз учун доимо очиқ!

Эътибор беринг! Мақола якка муалифликда ёзилади.

Мақола қайси мавзуда ёзилади? Танлов иштирокчилари мақолани жиноят процесси бўйича ёзишади. Мавзу эркин танланади. Мавзуни танлашда қуйидагиларни инобатга олинг:

1. Мавзу жиноят процесси доирасига кириши керак. Мақолада жиноят процесси нормаларини жиноят ҳуқуқи, жиноят-ижроия, фуқаролик, фуқаролик процессуал, иқтисодий процессуал, меҳнат, тадбиркорлик, халқаро ҳуқуқ нормалари, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларни юритиш ёки криминалистика соҳалари билан боғланиши танлов ташкилотчилари томонидан қўллаб-қувватланади. Бироқ, бу мажбурий эмас.

2. Мавзунинг оммабоплиги. Мавзу “сунъий” эмас, балки талаб юқори бўлган масалалар доирасида бўлиши зарур. Мақола амалиётга қанча фойда келтирса, шунча яхши.

3. Танлов ташкилотчилари мавзуларни ўқувчи томонидан “берилаётган” саволлар кўринишида шакллантирилишини тавсия этадилар.

Мақолани қайси тилда ва кетма-кетликда ёзиш керак?

Муаллифлар мақолани ўзбек ёки рус тилида тайёрлашади. Мақола бир вақтда иккита вариантда, яъни ўзбек ва рус тилларида тайёрланиши қўллаб-қувватланади.

Мақола кириш, асосий қисми ва хулосадан иборат.

Кириш бир абзацдан кўп бўлиши мумкин эмас. Асосий қисм камида учта блокдан иборат бўлиши керак. Ушбу блокларда мавзу доирадаги кичик саволларга жавоб берилади. Ҳар бир блок савол шаклидаги кичик сарлавҳа билан ажратилади. Хулоса муаммони ҳал этишга ёрдам берадиган мақоладаги тавсияларни қисқача умумлаштиради.

Бу муҳим! Мақола матни “сув”дан иборат бўлмаслиги керак. Мақолани бефойда сўзлар билан эмас, балки мазмун билан тўлдиринг. Шу билан бирга, мақола жамиятнинг ҳар бир вояга етган аъзолари учун тушунарли бўлиши лозим.

Мақола қанай ҳажмда бўлиши керак?

Танлов ташкилотчилари мақоланинг аниқ ҳажмини белгиламаган. Асосийси, муаллиф мавзу доирасидаги барча амалий масалаларни ҳал этиши зарур. Бу ерда муҳими – мазмуннинг тўлиқлигидир.

Ҳужжатлар наъмуналарини қандай тақдим этилиши керак?

Ҳужжатлар наъмуналарини уларни тўлдирилган мисоллари билан бирга тайёрланг. Агар мақола мазмуни муаллифдан бир нечта вазиятларни кўриб чиқишни талаб қилса, ушбу вазиятлар учун ҳужжатлар наъмуналари ҳам алоҳида тайёрланади.

Мақолани қандай расмийлаштириш керак?

Стандарт шрифтлардан фойдаланинг. Масалан, Times New Roman, 14. Қаторлар орасидаги интервал 1,5. Ҳошиялар: чапдан – 3 см, тепадан ва пастдан – 2 см, ўндан – 1,5 см.

Мақолани қандай ёзиш усулларини ким тушунтиради?

Биз бу борада амалий тренингларни ўтказамиз. Уларнинг жадвали сессиядан кейин эълон қилинади. Бироқ, тренингларни кутиб ўтирмасдан ёзишни бошланг. Кейинчалик мақолани таҳрир этиш мумкин.

Мақолани қаерга ва қайси муддатда юбориш керак?

Танловда иштирок этиш учун мақолани 2020 йил
14 февраль куни (соат 24:00)га қадар [email protected] электрон почтага юборинг.

Мақола ким томонидан ва қандай баҳоланади?

Тажрибали амалиётчилардан иборат бўлган жюри мақолаларни қуйидаги мезонлар бўйича баҳолайди:

– мавзунинг долзарблиги ва шакллантирилганлиги;

– мақола мазмунининг тўлиқлиги;

– тавсияларнинг тўғрилиги;

– мисоллар ва ҳужжатлар наъмуналари сифати;

– матн сифати (соддалиги, тушунарлиги, қизиқарлилиги);

– мақола ўқувчилар орасида машҳурлиги.

Иштирокчилар ҳар бир мезон бўйича 0 дан 10 баллгача тўплайдилар. Мақола бўйича максимал 60 балл тўплаш мумкин. Бунда жюри максимум 50 балл қўйиши мумкин.

Қолган балларни ўқувчилар Telegramm каналимизда (https://t.me/TSUL_procedure) овоз бериш йўли билан қўйишади. Бунинг учун иштирокчи ишини кўп одам баҳолаши керак. Шунингдек, ўқувчилар қўйган баҳолари (0 дан 10 гача) ҳам инобатга олинади. Хирш индексига ўхшаган нарса.

Мақолалар Telegram-каналлари ҳамда веб-сайтларга ҳам жойлаштирилади.

Барча танлов иштирокчиларга ижодий парвоз ва омад тилаймиз!