November 30, 2023

ФИРИБ ТУЗОҒИ АТРОФИДА

Сўнгги вақтларда фирибгарлар тузоғига тушиб қолаётган инсонлар ҳақидаги гап-сўзлар кўпайгандан-кўпаймоқда. Фирибгарлар ҳам янгидан-янги алдов усулларини ўйлаб топмоқда. Бир пайтлар «Навбатсиз автомашина олиб бераман», «ОТМга ўқишга киритиб қўяман» деганлар кўп эди. Замон ўзгариши билан фирибгарлар ҳам ўзгариб бораяпти. Ҳозирги кунда «Америкага юбораман», «Ер сотаман» дегувчилар кўпайди. Ундан ташқари, замонавий интернет технологиялари орқали ҳам фирибгарликнинг турли туман усуллари пайдо бўлмоқда. Ҳаёт қанчалик ранг-баранг бўлса фирибгарлик ҳам турли туман кўринишда содда одамларни чув туширишда давом этмоқда. Содда инсонлар эса мол-мулки, автомашинаси ва йиллар давомида йиққан пулларидан ажралиб қолмоқда.

Фирибгарлар тузоғига илинган аксарият инсонлар вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб ёрдам сўрайдилар. Кўпчилик эса фирибгарларнинг «бугун, эрта» деган алдов сўзларига ишониб, сабр қилишни афзал билишади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганларга дарров фирибгарлар учрашиб, янгидан-янги ваъдалар бериб ишонтиришади. Шунда айрим шахслар фирибгарларнинг ёлғон ваъдаларига ишониб, дастлабки терговда, ҳаттоки, судда ҳам уларга нисбатан етказилган мулкий зиён қопланмаган ёки қисман қопланган бўлишга қарамасдан, гўёки етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, уларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ҳақида ариза, тилхат тақдим этишади.

Ҳуқуқий жиҳатдан қараганда, жабрланувчига нисбатан етказилган зарарнинг ўрни қопланиши — енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланиб, жиноят содир этган шахсларнинг фойдасига хизмат қилади ва унга нисбатан оғирроқ турдаги жазо тайинлашни истисно этади.

Фирибгарларнинг озодликка чиқиши билан зарарни қоплаб бериши ҳақидаги ёлғон важларига ишониб, даъвосидан ўтган шахслар орадан ойлар ўтса-да, ҳақиқатда қопланмаган зарарни ундириб ололмайди.

Энг муҳими, келажакда айнан ушбу зарар юзасидан шикоят қилиш имконияти бўлмайди.

Чунки, амалдаги қонунчиликка кўра, бир жиноят учун икки марта жазо тайинланишига йўл қўйилмайди.

Етказилган зарар реал қопланмасдан, фирибгарларга ишониб, «зарар қопланди» дейиш фирибгарларнинг қилмишига яраша жазо олишларига ва тўғри хулоса чиқаришларига тўсқинлик қилади.

Афсуски, жамиятимизда бундай ҳолатлар такрор ва такрор кузатилмоқда.

Фуқароларнинг ўз мулкий ва номулкий ҳуқуқ ва манфаатлари учун аввало ўзлари масъул эканликларини инобатга олиб, қуйидагиларни тавсия этамиз.

Биринчи навбатда, етказилган зарар реал қопланмас экан, фирибгарларга шунчаки ишониб, «зарар қопланди» деб ариза, тилхат ёзиб берманг.

Қолаверса, хоҳ у кундалик ҳаётдаги хоҳ шахсий ҳаётдаги масала бўлсин, малакали ҳуқуқшунослар ёрдамидан фойдаланинг, улардан юридик маслаҳат олмасдан қарор қабул қилманг.

Шу сабабли, сиз учун муҳим бўлган масалалар, масалан олди-сотди, ижара, қарз ва кредит, меҳнат муносабатлари ва бошқа масалаларда, албатта, малакали ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашинг.

Шунингдек, ҳеч қачон сизнинг мурожаатинингизни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлмаган шахсга мурожаат қилманг.

Акс ҳолда, юқоридаги «учар» фирибгарлар сизга ўзларинг «Юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ишингизни ҳал қилиб беришлари ” ёинки „Ўзи шу иш билан шуғулланиши, сизни ишингизни тезлаштириб тўғрилаб бериши мумкинлиги“ ҳақидаги таклифларини билдиришлари мумкин. Қарабсизки, тез фурсатда фирибгарлар тузоғига илинасиз.

Хулоса ўрнида айтамизки, энг тўғри йўл ҳар қандай масалани қонуний жиҳатдан ҳал этишдир.

Самарқанд вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Адҳам АБДИЕВ,