Google 20 миллионлик жаримага тортилди!

Франциянинг Ахборотлаштириш ва эркинлик бўйича миллий комиссияси – CNIL регулятори Google компаниясига нақ 50 миллион евро ҳажмида жарима солди. Бунга сабаб – қидирув гигантининг Шахсий маълумотларни ҳимоялаш регламенти (GDPR – General Data Privacy Regulations) талабларига амал қилмаганлигидир.

Айтиш керакки, Европадаги GDPR регламенти 2018 йилнинг 25 май санасидан кучга кирган бўлиб, у турли сервислар учун қаттиқроқ қоидаларни кўзда тутади.

CNIL регуляторининг таъкидлашича, NOYB (None Of Your Business) ҳамда LQDN (La Quadrature du Net) ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳларидан комиссияга жамоавий шикоятлар келиб тушган – уларга 10 мингдан ошиқ киши имзо чеккан экан.

Қисқача айтганда, Google’га шундай айб қўйилмоқда: у фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш учун розилик олишда керакли даражадаги шаффофликни йўлга қўймаган. Шунингдек, қидирув гиганти фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларидан айнан нималарда фойдаланишини уларга аниқ айтмайди, маълумотларни қайта ишлаш мақсади ва сақланиш муддати ҳақидаги маълумотлар эса Google’нинг турли ҳужжатларига сочиб ташланган.

CNIL сайтида айтилишича, регулятор бу билан янги регламентда кўзда тутилган энг йирик ҳажмдаги жаримани илк бора қўлламоқда.

@caravanuz