May 11, 2021

Андижон вилоятидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида ФАТФ ташкилоти тавсиялари бўйича учрашув ўтказилди

Жорий йилнинг 11 май куни Андижон вилоят адлия бошқармаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ННТлар вакиллари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳ (ФАТФ)нинг тавсиялари мазмун-моҳияти юзасидан семинар ўтказилди.


Семинар жорий йилнинг 3 май куни тасдиқланган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларига жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик талабларини тушунтириб боришнинг қўшма
чора-тадбирлар режасига асосан ташкил этилди.
Семинарда вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, адлия бошқармасининг Нодавлат-нотижорат ташкилотлар бўлими бошлиғи, Департаментнинг вилоят бошқармаси ходими, ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиқлари семинарда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик талаблари тўғрисида батафсил тушунтириб берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПҚ-5012-сонли Қарори ҳамда 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги
ПФ-6181-сонли Фармони мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида йиғилганларга атрофлича маълумотлар берилди.
Семинар давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга тадбир ташкилотчилари томонидан батафсил жавоблар берилди.

Маълумот учун: ФАТФ – 1989 йилда ташкил этилган халқаро ташкилот. У – жиноий даромадларни ҳалоллаш ва терроризмни молиялаштиришга қарши ҳаракат қилиш соҳасидаги жаҳон стандартларининг асосий ишлаб чиқувчиси. Ўзбекистон FATF аъзоси ҳисобланмайди, Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши ҳаракат қилиш бўйича Евросиё гуруҳи (EAG) орқали унинг ишида иштирок этади.

Андижон вилоят адлия бошқармаси