September 30, 2020

Учта ҳудудда тажриба учун юридик хизматлар кўрсатиш маркази ташкил қилинмоқда

Давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизмат кўрсатишнинг самарадорлигини ошириш ҳозирги даврнинг талаби ҳисобланмоқда. Шу сабабли, давлат ва жамият тараққиётини янада жадаллаштириш мақсадида мамлакатимизда бу борада муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон Фармони ижроси юзасидан, жорий йилнинг 17 сентябрида Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этишнинг ҳуқуқий асоси яратилди.

Қарор билан Наманган шаҳри, Марҳамат тумани ва Қарши туманида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилиши белгилаб берилди.

Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилади.

Шунингдек мазкур қарор билан марказларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Жумладан:

-давлат органи ва ташкилоти буйруқлари, фармойишлари, шартномалари ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлари лойиҳаларини уларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш;

- давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

- давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш;

- давлат органлари ва ташкилотлари мулкий ва бошқа манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш;

- давлат органлари ва ташкилотларида ўтказиладиган текширишларда қатнашиш асосий вазифалари этиб белгиланди.

Шунинг билан бирга Қарорда марказ фаолиятини ташкил этиш белгиланган. Унга кўра марказга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

Марказ бошлиғи лавозими эса туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича лавозим разрядларига кўра — бош юрисконсульт лавозимига тенглаштирилиши белгилаб қўйилган. Марказларда жойлашган ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, 3 — 5 нафар штат бирлигидан иборат етакчи юрисконсульт лавозими жорий этилади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, марказ ходимларига адлия органлари ходимлари учун назарда тутилган мартаба даражалари ва кўп йиллик хизматлари учун устама ҳақ миқдорлари татбиқ этилиши ҳам белгилаб қўйилган.

Бир сўз билан айтганда мазкур қарор давлат органлари ва ташкилотларига сифатли юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш хизмат қилади. Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти бўйича 2021 йилнинг 1 январь кунига қадар тайёрланган таҳлилий маълумотнома асосида ушбу марказларни республиканинг бошқа туман (шаҳар)ларида ташкил этилиши мумкин.