Уй-жой сотиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби ҳақида биласизми?
Субсидия ўзи нима?
Субсидия — ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва (ёки) кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида бериладиган ва қайтариб берилмайдиган маблағлар.
Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz портали ) орқали электрон ариза бериши мумкин .
Субсидия олиш учун қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак?
Анкета-аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
а) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари;
б) оила аъзоларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва (ёки) фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) нусхалари;
в) белгиланган тартибда никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолатда) ёки оилавий ҳолати тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолатда);
г) доимий прописка жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);
д) доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);
е) Ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ва ушлаб қолинган даромад солиқлари тўғрисидаги маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).
Ариза бериш муддати йилнинг 1 мартидан 1 октябргача этиб белгиланган.
Асос: Ҳукуматнинг "Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" ги 2020 йил 25 мартдаги 182- сонли қарори.
Андижон вилоят адлия бошқармаси Избоскан туман адлия бўлими