May 17, 2020

Жалолиддин Румийнинг ҳаёт фалсафаси

Жалолиддин Румий – жаҳон адабиётининг муаззам сиймоларидан бири. У ўзидан кейинги Шарқ ва Ғарб сўз санъатига катта таъсир ўтказди. Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Мирзо Абдулқодир Бедил каби буюк сўз усталари Мавлонони ўзларига устоз деб билишган.

Мавлоно Жалолиддин Румий 1207 йилда қадимий Балх (ҳозирги Афғонистон) шаҳрида ўз даврининг машҳур мутасаввуф донишманди, йирик хатиб ва воизи бўлган Баҳовуддин Валад оиласида дунёга келади. Жалолиддин 12 ёшида унинг ота-онаси ҳам мўғул босқини хатаридан қочиш, ҳам ҳаж фаризасини адо этиш ниятида Балхни тарк этадилар.

1230 йилдан бу оила Кунияда қўним топади. Ёш Жалолиддин Шом, Ҳалаб, Дамашқ, Қайсария ва бошқа йирик илм марказларида 7 йил таълим олади, ўз даврининг этук донишманди бўлиб этишади. Таниқли румийшунос Зарринкуб таъбири билан айтганда, “Мавлононинг 68 йиллик ажойиб умри бошдан оёқ бир шеър, гўзал, бетакрор, туғёнли ашъор жараёни, садоси ва бонги билан йўғрилиб ўтди”.

Мавлоно Румий ўзидан кейинги авлодларга 5 муҳим ва қимматбаҳо асар қолдирди:

  • “Девони кабир”, “Девони шамси табризий”, “Девони шамсул ҳақойиқ.
  • “Маснавийи маънавий” – 25700 байтдан иборат бебаҳо тасаввуфий-ишқий асар.
  • “Фийҳи ма фийҳи” (“Ичингдаги ичингдадир”).
  • “Мавоизи мажолиси сабъа” — бу асар Румийнинг этти ўгит ва панд-насиҳатларидан иборат.
  • “Мактубот” — Мавлононинг турли даврларда замондошларига ёзган мактубларидан ташкил топган тўплам.

Ҳазрат Алишер Навоий Мавлоно Жалолиддин Румийни “Устозлар устози” деб шарафлаган, Абдураҳмон Жомий эса “У пайғамбар эмас, аммо пайғамбарлик китоби бор” деб улуғлаган. Мавлоно Жалолиддин Балхий-Румий 1273 йилнинг изғиринли қиш кунларининг бирида бу дунёни тарк этган.