January 31, 2023

КУН ОЛИМИ

Матякубова Парахат Майлиевна, техника фанлар доктори, профессор.

1961 йилда Хоразм вилояти, Урганч шаҳрида туғилган.

Олима 1983 йил Тошкент электротехника алоқа институтини “Автоматик электр алоқа” ихтисослиги бўйича тамомлаган. У меҳнат фаолиятини 1983 йилда Хоразм вилояти Урганч шаҳар Алоқа бўлими муҳандиси лавозимида бошлаган. 1991 йилдан Урганч давлат университетида катта ўқитувчи ва доцент, кейинчалик, Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиалида доцент, илмий котиб лавозимларда ишлаган. 2010 йилда Тошкент давлат техника университети доценти, 2012 йилдан мазкур таълим муассасасининг профессори, 2013 йилдан ҳозирги вақтгача кафедра мудири лавозимларида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Парахат Майлиевна менат фаолияти давомида метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифат менежменти, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳаларида кўплаб шогиртлар тайёрлаб улар билан биргаликда илмий ютуқларга эришган. Халқаро доирада бирқанча танловларда соврунор ўринларни эгаллаган.

Жумладан, Парахат Матякубова Жанубий Корея Республикасида ўтказилган “KIWIE – 2018”, “KIWIE – 2019”, “KIWIE – 2021”, “KIWIE – 2022” ларда мунтазам Ўзбекистон республикаси ихтирочи аёллари номидан ўз ихтиролари билан иштирок этиб 4 карра олтин медал соҳиби ва 2021 йилда гран-при соҳибасига айланган. Булардан ташқари Канада давлатининг Торонто шаҳрида IV Халқаро ихтирочилар инновацион кўрик-танлови — “The 4-th International Invention Innovation competition in Сanada, ICAN 2019 Toronto Intenational Society of Innovation and Advanced Skills (TISIAS) ICAN 2019” иштирок этиб, Олтин медаль совриндори бўлиб “Йил мутахассиси” деб тан олинган. Унинг раҳбарлигида Россия, Жанубий Корея, Германия, Канада, Белоруссия, Украина, Латвия, Америка қўшма штатлари, Франция, Қозоғистон ва Туркия давлатларида олий таълим муассасалари билан меморандум тузилган бўлиб, анжуман симпозум танловларда мунтазам иштирок этиб, чет эллик олимлар билан ҳамкорликда ўқув – услубий мажмуалар тайёрланмоқда.

Бундан ташқари илим фан фидоийси, эришган ютуқлари ва қилган меҳнати учунЎзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги кўкрак нишони (2021), илм-фан олдида қилган улуғ хизматлари учун 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан “Дўстлик ордени” билан мукофатланган.

П.М.Матякубова олиб борган илмий тадқиқотлари ва самарали меҳнат фаолияти, Ўзбекистон илм фанини бутун дунёга тарғиби ва қўшган ҳиссалари учун 2022 йилда Турон фанлар академияси академиги унвони билан тақдирланди.

П.Матякубова асбобсозлик, метрология, автоматлаштириш, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш бўйича 450 дан зиёд илмий ва илмий услубий ишларнинг муаллифи (9 та монография, 11 та дарслик, 9 та ўқув қўлланма, 27 та ўқув услубий қўлланма, 10 та патент, илмий журналларда 88 та мақолалар ва 115 та маъруза тезислари) ҳисобланади. П.Матякубова 10 дан ортиқ давлат бюджети томонидан молиялаштирилган илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар раҳбари, 160 дан ортиқ бакалавриат босқичи талабаларининг битирув малакавий ишларига, 50 дан ортиқ магистрлик диссертацияларига раҳбарлик қилган. Ҳозирги кунда 10 нафар докторантнинг докторлик диссертацияларига раҳбарлик қилмоқда. П.М.Матякубова раҳбарлигида 2019-2022 йилларда 3 та шогирди Машарипов Ш.М., Бобоев Ғ.Ғ. ва Кулуев Р.Р. лар ўз илмий тадқиқот ишларини якунлаб, диссертация ишларини ҳимоя қилиб фалсафа доктори (PhD) илмий унвонини олишди.