July 24

Пайғамбарлар таъбирида Ватан тушунчаси

| Лотин ёзувидаги матн пастроқда

Пайғамбарлар инсониятнинг пешқадами, умматларга намуна зотлардир. Одамлар ҳаётда уларга эргашиб, улардан ибрат олиб яшайдилар. Чунки пайғамбарларнинг барча ҳаракатлари илоҳий таълимотларга асосланган.

«Қачонки, Мусо муддатни тугатиб, аҳли билан йўлда кетаётиб, Тур томонда узоқдан оловни кўриб қолди...»18 Қози Муҳаммад ибн Абдуллоҳ19 “Аҳкамул Қуръон”да: “Уламоларимиз, Мусо алайҳиссалом муддатни тугатган вақтда аҳлига қайтишни хоҳлади ва Ватанига ошиқди, деган”, дейди. Пайғамбарлар отаси номини олган Иброҳим алайҳиссалом ўз юрти ҳақига бундай дуо қилган эди.

«Иброҳимнинг: “Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, деганини эсла...»

Дуо – кўнгилдаги яширин сирлардан хабар берувчи, ёлғон аралашмайдиган, ҳақиқий, чин юракдан сизиб чиқувчи бир туйғу ҳисобланади. У Аллоҳ билан бевосита боғланишдир. Бу боғланишда энг самимий тилаклар, энг катта орзулар рўёби сўралади. Дуонинг мазмунига эътибор қаратинг. Унда жамиятнинг фаровонлиги ва турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилувчи икки омил айтилмоқда. Бири, тинчлик-омонлик, иккинчиси, ризқ-рўз. Ҳақиқатан, мана шу икки омил биргаликда турар экан ҳаёт бир маромда давом этади. Ҳар иккиси ёки бири бўлмаса, ҳаётда қийинчилик ва машаққатлар бўй кўрсата бошлайди. Хулоса Демак, уламоларнинг таъкидлашларича, ватанни севиш ва унинг ҳақига дуо қилиш шариатда бор. Шунингдек, ватанни севиш шаръан жоиз, ҳатто, мусулмон кишини Роббига яқин қиладиган ибодатлардандир. Хатиб Ширбиний21 ўзининг “Ас-сирож ал-мунир” тафсирида келтиради: “Яъқуб алайҳиссалом вафоти яқинлашганда ўғлиЮсуф алайҳиссаломга отасининг ёнига олиб бориб дафн этишни васият қилди. Юсуф алайҳиссалом бу васиятни ўзи бажарди. Отасини ўша ерга дафн қилди. Сўнг Мисрга қайтди. У ерда 23 йил яшади”. Ибн Ҳамдун ўзининг “Ат-тазкиратул ҳамдуния” асарида келтиради: “Юсуф алайҳиссалом Ватанини яхши кўргани учун ўзини оталари ёнига дафн этишни васият қилган эди. Лекин мисрликлар бунга қаршилик қилдилар. Мусо алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилди. Фиръавн ҳалок бўлди. Сўнг Юсуф алайҳиссаломнинг васияти амалга оширилди. Юсуф алайҳиссаломнинг қабри Байтул Мақдисдаги Ҳоми қишлоғидадир”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъбирларида Ватан тушунчаси

Ҳар бир ишда умматга ўрнак бўлган зот Ватанга бўлган муҳаббатни амалий ҳаётда қандай бўлишини ҳам кўрсатиб берганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага қараб: “Эй Макка! Сен қандай гўзал шаҳарсан! Сен менга қандай суюклисан! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида эди, бошқа жойда турмасдим”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Адий ибн Ҳамро Зуҳрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ҳазварада туриб: “Аллоҳга қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши ерисан ва Аллоҳга Аллоҳнинг энг маҳбуб шаҳрисан. Агар сендан чиқарилмаганимда, чиқмасдим”, деб айтаётганини кўрдим”, дедилар» (Имом Термизий ривояти). (Ҳазвара – Маккадаги жойнинг номи).

Муҳаммад ибн Муслимдан ривоят қилинади: «Урва ибн Зубайрдан эшитдим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича розияллоҳу анҳонинг ҳузурига юраги сиқилган ҳолда қайтдилар. Кирибоқ: “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар”, дедилар. Ўраб қўйилган эди, ўзларига келиб: “Эй Хадича, менга бир талафот бўлдими, деб қўрқдим, менга бир кори ҳол бўлдими, деб қўрқдим”, дедилар. Хадича розияллоҳу анҳо: “Хурсандлик хабарини беринг, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч хафа қилиб қўймайди. Чунки сиз рост гапирасиз, қариндошлар билан борди-келди қиласиз, оғирини енгил қиласиз, меҳмондорчиликни жойига қўясиз ва ҳақ йўлдаги кишига қийинчилик етса, ёрдам берасиз”, дедилар. Кейин Хадича розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни Варақа ибн Навфал ибн Асаднинг ҳузурига олиб борди. У насроний динини қабул қилган, Инжилни арабча ўқийдиган, кўзи ожиз мўйсафид киши эди. Хадича розияллоҳу анҳо: “Эй амакимнинг (ўғли)! Биродарингизнинг ўғлидан эшитинг”, дедилар. Варақа айтди: “Эй биродаримнинг ўғли! Нима кўрмоқдасиз?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрганларини айтиб бердилар. Варақа: “Бу Мусога нозил бўлган Жаброилдир. Қанийди, ёш бўлсам, қанийди, қавмингиз сизни (Маккадан) чиқарганида тирик бўлсам?!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар мени (ўз юртимдан) чиқариб юборадиларми?” деган эдилар, Варақа: “Ҳа, (чиқариб юборишади). Шу вақтга қадар бирор киши сиз каби хабар олиб келмаган эди, агар келтирган бўлса ҳам қайтарилар эди. Аллоҳ сизга етган кунлар менга ҳам насиб этса, қўллаб-қувватлаб ёрдам берар эдим”, деди» (Имом Аҳмад ривояти). Шарҳ: Ҳадис бошқа саҳиҳ китобларда бироз фарқли кўринишлар билан ривоят қилинган. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул Борий” “Таъбир китоби” бўлимининг “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳийни илк бошланиши боби”да “Улар мени чиқарадиларми?” ҳадиси шарҳида қуйидагиларни айтган: «Суҳайлий айтади: “Ҳадисдан нафсга ватандан айрилишни қийинлиги тушунилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Варақани мушриклар азият бериши, ёлғончига чиқариши ҳақидаги гапини жим эшитдилар. “Улар (сизни ватанингиздан) чиқаради” деб айтганида, ватанга бўлган муҳаббат ва ошнолик сабаб жойларидан қўзғалиб: “Улар мени (ватанимдан) чиқарадиларми?” дедилар». Энг кўп имтиҳонга учрайдиган зотлар пайғамбарлардир. Аллоҳ таоло уларнинг барчасини энг суюкли нарсаларидан айириш билан имтиҳон қилган. Шунингдек, энг сўнгги пайғамбарини ҳам. Бу ҳақда Бадруддин Айний раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини ватандан айириш билан имтиҳон қилди”. Имом Заҳабий23 раҳматуллоҳи алайҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши кўрган саккиз нарса ҳақида сўз юритган. Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат шу саккиз нарсага муҳаббат қўйган экан-да, деган фикрга бормаслик керак. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп нарсаларни яхши кўрганлар. Бу ерда кўпроқ яхши кўрган нарсалари зикр қилинган, холос.

Улар қуйидагилар:

Оиша розияллоҳу анҳо, Абу Бакр розияллоҳу анҳу, Усома розияллоҳу анҳу, Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо, ҳолва, асал ва ватан. Демак, биз ҳам юқорида айтилган сўзлардан ўзимизга керакли хулосалар чиқариб, уларни қўлдан келганча ҳаётимизга татбиқ этиб боришимиз лозим. Биз ҳам доимо қадрли инсонлар, қадрли нарсаларни яхши кўришимиз керак. Бу борада суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаммамизга ўрнак-намунадирлар.


Payg‘ambarlar ta’birida Vatan tushunchasi

Payg‘ambarlar insoniyatning peshqadami, ummatlarga namuna zotlardir. Odamlar hayotda ularga ergashib, ulardan ibrat olib yashaydilar. Chunki payg‘ambarlarning barcha harakatlari ilohiy ta’limotlarga asoslangan.

«Qachonki, Muso muddatni tugatib, ahli bilan yo‘lda ketayotib, Tur tomonda uzoqdan olovni ko‘rib qoldi...»18 Qozi Muhammad ibn Abdulloh19 “Ahkamul Qur’on”da: “Ulamolarimiz, Muso alayhissalom muddatni tugatgan vaqtda ahliga qaytishni xohladi va Vataniga oshiqdi, degan”, deydi. Payg‘ambarlar otasi nomini olgan Ibrohim alayhissalom o‘z yurti haqiga bunday duo qilgan edi.

«Ibrohimning: “Robbim, buni omonlik yurti qilgin va ahlidan Allohga va qiyomat kuniga imon keltirganlarini mevalar ila rizqlantirgin”, deganini esla...»

Duo – ko‘ngildagi yashirin sirlardan xabar beruvchi, yolg‘on aralashmaydigan, haqiqiy, chin yurakdan sizib chiquvchi bir tuyg‘u hisoblanadi. U Alloh bilan bevosita bog‘lanishdir. Bu bog‘lanishda eng samimiy tilaklar, eng katta orzular ro‘yobi so‘raladi. Duoning mazmuniga e’tibor qarating. Unda jamiyatning farovonligi va turmush tarzini yaxshilashga xizmat qiluvchi ikki omil aytilmoqda. Biri, tinchlik-omonlik, ikkinchisi, rizq-ro‘z. Haqiqatan, mana shu ikki omil birgalikda turar ekan hayot bir maromda davom etadi. Har ikkisi yoki biri bo‘lmasa, hayotda qiyinchilik va mashaqqatlar bo‘y ko‘rsata boshlaydi. Xulosa Demak, ulamolarning ta’kidlashlaricha, vatanni sevish va uning haqiga duo qilish shariatda bor. Shuningdek, vatanni sevish shar’an joiz, hatto, musulmon kishini Robbiga yaqin qiladigan ibodatlardandir. Xatib Shirbiniy21 o‘zining “As-siroj al-munir” tafsirida keltiradi: “Ya’qub alayhissalom vafoti yaqinlashganda o‘g‘liYusuf alayhissalomga otasining yoniga olib borib dafn etishni vasiyat qildi. Yusuf alayhissalom bu vasiyatni o‘zi bajardi. Otasini o‘sha yerga dafn qildi. So‘ng Misrga qaytdi. U yerda 23 yil yashadi”. Ibn Hamdun o‘zining “At-tazkiratul hamduniya” asarida keltiradi: “Yusuf alayhissalom Vatanini yaxshi ko‘rgani uchun o‘zini otalari yoniga dafn etishni vasiyat qilgan edi. Lekin misrliklar bunga qarshilik qildilar. Muso alayhissalom payg‘ambar etib yuborildi. Fir’avn halok bo‘ldi. So‘ng Yusuf alayhissalomning vasiyati amalga oshirildi. Yusuf alayhissalomning qabri Baytul Maqdisdagi Homi qishlog‘idadir”.

Rasululloh sollallohu alayhi va sallam ta’birlarida Vatan tushunchasi

Har bir ishda ummatga o‘rnak bo‘lgan zot Vatanga bo‘lgan muhabbatni amaliy hayotda qanday bo‘lishini ham ko‘rsatib berganlar.

Ibn Abbos roziyallohu anhumodan rivoyat qilinadi: «Rasululloh sollallohu alayhi va sallam Makkaga qarab: “Ey Makka! Sen qanday go‘zal shaharsan! Sen menga qanday suyuklisan! Agar qavmim meni sendan chiqarmaganida edi, boshqa joyda turmasdim”, dedilar» (Imom Termiziy rivoyati).

Abdulloh ibn Adiy ibn Hamro Zuhriy roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Rasululloh sollallohu alayhi va sallamni Hazvarada turib: “Allohga qasamki, albatta, sen Allohning eng yaxshi yerisan va Allohga Allohning eng mahbub shahrisan. Agar sendan chiqarilmaganimda, chiqmasdim”, deb aytayotganini ko‘rdim”, dedilar» (Imom Termiziy rivoyati). (Hazvara – Makkadagi joyning nomi).

Muhammad ibn Muslimdan rivoyat qilinadi: «Urva ibn Zubayrdan eshitdim. Nabiy sollallohu alayhi va sallamning zavjalari Oisha roziyallohu anho aytadi: “Nabiy sollallohu alayhi va sallam Xadicha roziyallohu anhoning huzuriga yuragi siqilgan holda qaytdilar. Kiriboq: “Meni o‘rab qo‘yinglar, meni o‘rab qo‘yinglar”, dedilar. O‘rab qo‘yilgan edi, o‘zlariga kelib: “Ey Xadicha, menga bir talafot bo‘ldimi, deb qo‘rqdim, menga bir kori hol bo‘ldimi, deb qo‘rqdim”, dedilar. Xadicha roziyallohu anho: “Xursandlik xabarini bering, Allohga qasamki, Alloh sizni hech xafa qilib qo‘ymaydi. Chunki siz rost gapirasiz, qarindoshlar bilan bordi-keldi qilasiz, og‘irini yengil qilasiz, mehmondorchilikni joyiga qo‘yasiz va haq yo‘ldagi kishiga qiyinchilik yetsa, yordam berasiz”, dedilar. Keyin Xadicha roziyallohu anho Nabiy sollallohu alayhi va sallamni Varaqa ibn Navfal ibn Asadning huzuriga olib bordi. U nasroniy dinini qabul qilgan, Injilni arabcha o‘qiydigan, ko‘zi ojiz mo‘ysafid kishi edi. Xadicha roziyallohu anho: “Ey amakimning (o‘g‘li)! Birodaringizning o‘g‘lidan eshiting”, dedilar. Varaqa aytdi: “Ey birodarimning o‘g‘li! Nima ko‘rmoqdasiz?” Rasululloh sollallohu alayhi va sallam ko‘rganlarini aytib berdilar. Varaqa: “Bu Musoga nozil bo‘lgan Jabroildir. Qaniydi, yosh bo‘lsam, qaniydi, qavmingiz sizni (Makkadan) chiqarganida tirik bo‘lsam?!” dedi. Rasululloh sollallohu alayhi va sallam: “Ular meni (o‘z yurtimdan) chiqarib yuboradilarmi?” degan edilar, Varaqa: “Ha, (chiqarib yuborishadi). Shu vaqtga qadar biror kishi siz kabi xabar olib kelmagan edi, agar keltirgan bo‘lsa ham qaytarilar edi. Alloh sizga yetgan kunlar menga ham nasib etsa, qo‘llab-quvvatlab yordam berar edim”, dedi» (Imom Ahmad rivoyati). Sharh: Hadis boshqa sahih kitoblarda biroz farqli ko‘rinishlar bilan rivoyat qilingan. Ibn Hajar rahmatullohi alayh “Fathul Boriy” “Ta’bir kitobi” bo‘limining “Nabiy sollallohu alayhi va sallamga vahiyni ilk boshlanishi bobi”da “Ular meni chiqaradilarmi?” hadisi sharhida quyidagilarni aytgan: «Suhayliy aytadi: “Hadisdan nafsga vatandan ayrilishni qiyinligi tushuniladi. Chunki Rasululloh sollallohu alayhi va sallam Varaqani mushriklar aziyat berishi, yolg‘onchiga chiqarishi haqidagi gapini jim eshitdilar. “Ular (sizni vataningizdan) chiqaradi” deb aytganida, vatanga bo‘lgan muhabbat va oshnolik sabab joylaridan qo‘zg‘alib: “Ular meni (vatanimdan) chiqaradilarmi?” dedilar». Eng ko‘p imtihonga uchraydigan zotlar payg‘ambarlardir. Alloh taolo ularning barchasini eng suyukli narsalaridan ayirish bilan imtihon qilgan. Shuningdek, eng so‘nggi payg‘ambarini ham. Bu haqda Badruddin Ayniy rahmatullohi alayh aytadi: “Alloh taolo O‘z payg‘ambarini vatandan ayirish bilan imtihon qildi”. Imom Zahabiy23 rahmatullohi alayh Rasululloh sollallohu alayhi va sallam yaxshi ko‘rgan sakkiz narsa haqida so‘z yuritgan. Bu bilan Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi va sallam faqat shu sakkiz narsaga muhabbat qo‘ygan ekan-da, degan fikrga bormaslik kerak. Ul zot sollallohu alayhi va sallam ko‘p narsalarni yaxshi ko‘rganlar. Bu yerda ko‘proq yaxshi ko‘rgan narsalari zikr qilingan, xolos.

Ular quyidagilar:

Oisha roziyallohu anho, Abu Bakr roziyallohu anhu, Usoma roziyallohu anhu, Hasan va Husayn roziyallohu anhumo, holva, asal va vatan. Demak, biz ham yuqorida aytilgan so‘zlardan o‘zimizga kerakli xulosalar chiqarib, ularni qo‘ldan kelgancha hayotimizga tatbiq etib borishimiz lozim. Biz ham doimo qadrli insonlar, qadrli narsalarni yaxshi ko‘rishimiz kerak. Bu borada suyukli Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi va sallam hammamizga o‘rnak-namunadirlar.