July 31

Дунё халқлари Ватан ҳақида

| Лотин ёзувидаги матн пастроқда

Ҳар бир миллатнинг Ватан ҳақида айтилган сўзлари бор. Қуйида шу икки мисолни келтириш билан кифояланамиз. Ҳиндлар: “Ватанинг ҳурмати – отаонанг ҳурмати кабидир. Чунки сенинг озуқанг ота-онангдан. Иккисининг озуқаси ватандандир”, дейди. Форслар: “Туғилиш қалбда меҳрибонлик (кўчатини) ўтқазгани каби, яралган тупроғинг қалбда ҳурмат (кўчатини) ўтқазади”, дейди. Шунингдек, араблар узоқ ерга сафар қилсалар, ўзлари билан бирга ўз юртларининг тупроғи ёки қумидан бир ҳовуч олишар ва ундан яра, тумов ёки бош оғриғида малҳам сифатида фойдаланишар экан.

ИККИНЧИ БОБ

ВАТАН МУҲАББАТИ ИЖТИМОИЙ ТАЛҚИНДА

• Ватан остонадан бошланади

• Ватанга муҳаббат нозик туйғудир!

• Ватан фақат инсонга хосми?

• Юрт ривожига барча дахлдор

• Ватан учун нима қилдик?

• Ватанга хизмат – олий ҳиммат

• Ватаннинг қандай ҳақлари бор?

• Ватанга тегишли осори атиқалар ардоқланади

• Ватан номи улуғдир!

• Туз ҳақи (ибратли ҳикоя)

• Ватаннинг ёмони бўлмас!

• Юртингизга Аллоҳ назар қилган...

• Ватан ҳақида ёзилган китоб ва рисолалар

• Ватан ва ватанпарварлик ҳақида ўзбек халқ мақоллари

Ватан остонадан бошланади

“Ватан муҳаббати” бир сўз билан ифода этиш қийин бўлган, кенг қамровли тушунчадир. Ватанга бўлган муҳаббатни ўзига яраша кўринишлари бор. У қуйидаги ҳолатларда яққол намоён бўлади. Ҳадисларда келганидек, инсон, аввало, яхшиликни ўзидан бошламоғи даркор. Ундан кейин оила, яқин қариндошлар, узоқ қариндошлар, девори туташ қўшнилар, сўнг узоқ қўшнилар, маҳалла, ёру биродарлар, бегоналарга, қўйинки, мусулмон ва номусулмон ҳар бир кишига яхшилик қилаверади. Яъни, мўминнинг яхшилик қилиш доирасини кенг, бошқа дин вакилларига ҳам рухсат этилган доирада ёрдам кўрсатаверади. Бу динимиздаги бағрикенгликнинг ёрқин ифодасидир. Ҳатто мўминнинг яхшилигидан ҳайвонот, наботот ва жамодот олами ҳам бенасиб эмас. Мана шу нарсалар Ватанга бўлган муҳаббатнинг кўринишлари ҳисобланар экан.

Ватанга муҳаббат нозик туйғудир!

Ҳамаср олимларимиздан шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ Ватан ҳақида оз ва соз, зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўядиган, жуда гўзал таъриф айтган: “Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам яхши кўраверади. Ватанни севиш – юракка сингиб кетган, инсонни унда бўлганида хотиржам, йироқ кетганида талпинадиган, ҳужум қилинганида асрайдиган ва камситилганида ғазабланадиган қилиб қўювчи туйғу”. Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларини бироз шарҳлайлик. Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам яхши кўраверади. Нега бундай? Чунки бу туйғуни, бу муҳаббатни инсон ўзидан-ўзи пайдо қилган эмас. Уни бандаси қалбига солган, қон-қонига, жон-жонига сингдириб қўйган, яратишда муҳаббати ила қориб яратган зот унинг Холиқидир. Демак, бу шунчаки оддий эмас, илоҳий туйғудир. Қалбга муҳаббатни Аллоҳ солганидан кейин, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам, уни яхши кўраверади. Имкониятларнинг чегараланганлиги, ризқининг танглиги ва шароитнинг торлигига эътибор бермайди, ундан шикоят ҳам қилмайди. Чунки Лайлининг ҳақиқий жамолини кўраман деганлар унга Мажнуннинг кўзи билан қарамоғи керак! Ватанни севиш – юракка сингиб кетган… Боиси, инсонни яратилиши ҳам, қайтадигани ҳам айни шу ватан, шу замин-да! Инсонни унда бўлганида хотиржам… Ҳақиқатан ҳам, инсон қийналса-да, ватанида бошқа жойга қараганда хотиржам, ҳур яшайди. “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл”, ҳикмати ҳам бежиз айтилмаган. Камбағал инсон ўз юртида подшоҳлар каби ҳаёт кечиради. Баъзилар ўзга юртда бой ҳолда яшагани билан, аслида, улар ғарибдир. Ҳикматларда: “Кишининг ризқи ўз ватанида бўлиши саодатдир”, дейилган. Йироқ кетганида талпинадиган… Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Инсоннинг хору зор бўлиши учун ватани ва яқинларидан айрилишининг ўзи кифоя!”, деганлар. Инсон узоқларда бўлса-да, ватани унинг хотирасидан ўчмайди. Ҳужум қилинганида асрайдиган... Ватанни-ку қўятуринг, инсон ўзига тегишли бир қарич ерни ҳам бировга бергиси келмайди. Ким Ватани сарҳадларига ҳужум қилинганини кўрса ҳимояга шайланади. Керак бўлса, унинг йўлида жонини қурбон қилади. Ёвга ватаннинг бир ҳовуч тупроғини ҳам бериб қўймайди. Ва камситилганида ғазабланадиган қилиб қўювчи туйғу”. Қай бир инсоннинг ватани камситилса ёки миллати пастга уриб масхара қилинса, албатта, унинг қалбида ғазаб уйғонади. Демак, мусулмон одам ватани дўстига дўст, душманига душман бўлмоғи керак.

Шундай экан, инсоннинг зиммасида покиза неъматларини еб ҳаёт кечирадиган, осмони остида Роббига тинч-осуда ибодат қиладиган ватаннинг қандай ҳақлари бор? Ҳар бир фуқаронинг Ватани олдида бир неча ҳақ ва вазифалари мавжуд. Бу хусусда қуйида алоҳида сўз юритилади. Уларнинг энг муҳимлари учта: Биринчи ҳаққи: ватанга чин муҳаббат қўйишдир. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини тезлатардилар. (От, хачир каби) уловда бўлсалар, уни ниқтардилар”. Абу Абдуллоҳ айтади: «Ҳорис Ибн Умайр Ҳумайднинг “Уловни уни (Мадинани) севганларидан ниқтардилар”, ривоятини зиёда қилган» (Имом Бухорий ривояти). Иккинчи ҳаққи: ватанни обод этиш. «...У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди...»

Учинчи ҳаққи: унда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик. «Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг...»


Dunyo xalqlari Vatan haqida

Har bir millatning Vatan haqida aytilgan so‘zlari bor. Quyida shu ikki misolni keltirish bilan kifoyalanamiz. Hindlar: “Vataning hurmati – otaonang hurmati kabidir. Chunki sening ozuqang ota-onangdan. Ikkisining ozuqasi vatandandir”, deydi. Forslar: “Tug‘ilish qalbda mehribonlik (ko‘chatini) o‘tqazgani kabi, yaralgan tuprog‘ing qalbda hurmat (ko‘chatini) o‘tqazadi”, deydi. Shuningdek, arablar uzoq yerga safar qilsalar, o‘zlari bilan birga o‘z yurtlarining tuprog‘i yoki qumidan bir hovuch olishar va undan yara, tumov yoki bosh og‘rig‘ida malham sifatida foydalanishar ekan.

IKKINCHI BOB

VATAN MUHABBATI IJTIMOIY TALQINDA

• Vatan ostonadan boshlanadi

• Vatanga muhabbat nozik tuyg‘udir!

• Vatan faqat insonga xosmi?

• Yurt rivojiga barcha daxldor

• Vatan uchun nima qildik?

• Vatanga xizmat – oliy himmat

• Vatanning qanday haqlari bor?

• Vatanga tegishli osori atiqalar ardoqlanadi

• Vatan nomi ulug‘dir!

• Tuz haqi (ibratli hikoya)

• Vatanning yomoni bo‘lmas!

• Yurtingizga Alloh nazar qilgan...

• Vatan haqida yozilgan kitob va risolalar

• Vatan va vatanparvarlik haqida o‘zbek xalq maqollari

Vatan ostonadan boshlanadi

“Vatan muhabbati” bir so‘z bilan ifoda etish qiyin bo‘lgan, keng qamrovli tushunchadir. Vatanga bo‘lgan muhabbatni o‘ziga yarasha ko‘rinishlari bor. U quyidagi holatlarda yaqqol namoyon bo‘ladi. Hadislarda kelganidek, inson, avvalo, yaxshilikni o‘zidan boshlamog‘i darkor. Undan keyin oila, yaqin qarindoshlar, uzoq qarindoshlar, devori tutash qo‘shnilar, so‘ng uzoq qo‘shnilar, mahalla, yoru birodarlar, begonalarga, qo‘yinki, musulmon va nomusulmon har bir kishiga yaxshilik qilaveradi. Ya’ni, mo‘minning yaxshilik qilish doirasini keng, boshqa din vakillariga ham ruxsat etilgan doirada yordam ko‘rsataveradi. Bu dinimizdagi bag‘rikenglikning yorqin ifodasidir. Hatto mo‘minning yaxshiligidan hayvonot, nabotot va jamodot olami ham benasib emas. Mana shu narsalar Vatanga bo‘lgan muhabbatning ko‘rinishlari hisoblanar ekan.

Vatanga muhabbat nozik tuyg‘udir!

Hamasr olimlarimizdan shayx Muhammad Gʻazzoliy rahmatullohi alayh Vatan haqida oz va soz, zarhal harflar bilan yozib qo‘yadigan, juda go‘zal ta’rif aytgan: “Bashariyat o‘z yerini undagi narsalari bilan, garchi u hech kim yashamaydigan cho‘l bo‘lsa ham yaxshi ko‘raveradi. Vatanni sevish – yurakka singib ketgan, insonni unda bo‘lganida xotirjam, yiroq ketganida talpinadigan, hujum qilinganida asraydigan va kamsitilganida g‘azablanadigan qilib qo‘yuvchi tuyg‘u”. Shayx Muhammad Gʻazzoliy rahmatullohi alayh aytganlarini biroz sharhlaylik. Bashariyat o‘z yerini undagi narsalari bilan, garchi u hech kim yashamaydigan cho‘l bo‘lsa ham yaxshi ko‘raveradi. Nega bunday? Chunki bu tuyg‘uni, bu muhabbatni inson o‘zidan-o‘zi paydo qilgan emas. Uni bandasi qalbiga solgan, qon-qoniga, jon-joniga singdirib qo‘ygan, yaratishda muhabbati ila qorib yaratgan zot uning Xoliqidir. Demak, bu shunchaki oddiy emas, ilohiy tuyg‘udir. Qalbga muhabbatni Alloh solganidan keyin, garchi u hech kim yashamaydigan cho‘l bo‘lsa ham, uni yaxshi ko‘raveradi. Imkoniyatlarning chegaralanganligi, rizqining tangligi va sharoitning torligiga e’tibor bermaydi, undan shikoyat ham qilmaydi. Chunki Laylining haqiqiy jamolini ko‘raman deganlar unga Majnunning ko‘zi bilan qaramog‘i kerak! Vatanni sevish – yurakka singib ketgan… Boisi, insonni yaratilishi ham, qaytadigani ham ayni shu vatan, shu zamin-da! Insonni unda bo‘lganida xotirjam… Haqiqatan ham, inson qiynalsa-da, vatanida boshqa joyga qaraganda xotirjam, hur yashaydi. “O‘zga yurtda shoh bo‘lguncha, o‘z yurtingda gado bo‘l”, hikmati ham bejiz aytilmagan. Kambag‘al inson o‘z yurtida podshohlar kabi hayot kechiradi. Ba’zilar o‘zga yurtda boy holda yashagani bilan, aslida, ular g‘aribdir. Hikmatlarda: “Kishining rizqi o‘z vatanida bo‘lishi saodatdir”, deyilgan. Yiroq ketganida talpinadigan… Imom Shofe’iy rahmatullohi alayh: “Insonning xoru zor bo‘lishi uchun vatani va yaqinlaridan ayrilishining o‘zi kifoya!”, deganlar. Inson uzoqlarda bo‘lsa-da, vatani uning xotirasidan o‘chmaydi. Hujum qilinganida asraydigan... Vatanni-ku qo‘yaturi