Ватан фақат инсонга хосми?
| Лотин ёзувидаги матн пастроқда
Инсон эга бўлган нарсалар ичида энг қимматбаҳоси – дини ва ватанидир. Бирор инсон йўқки, ватанини севмаса, улуғламаса. Қандай улуғламасин?! Чунки, Ватан унинг киндик қони тўкилган, беғубор болалик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик даврларини сурган, ўчмас хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир! Фақат инсон эмас, ҳатто ҳайвонлар ҳам ўз ватани – инини бошқа ҳеч бир нарсага алишмайди. Алишишга рози ҳам бўлмайди. Унинг йўлида ҳар қандай қиммат ва нафис нарсаларини қурбон қилади.
Қушлар инида бахтиёр яшайди. Бирор нарсани хасчўпдан бўлган инига алишмайди. Балиқлар денгиз ва океанлар оша минглаб чақиримларни сузиб ўтадилар. Яна барибир ўз ватанларига қайтадилар. Митти чумолини кўринг, ризқ талабида қанча жойларга боради, тепаликларга қийналиб чиқади. У ҳам яна ўз инига – ватанига қайтади. Баъзи ҳайвонлар асл ватанидан бошқа жойга кўчирилса, нобуд бўлиб қолади. Кўряпсизми, ҳамма – ҳазрати инсондан тортиб, то майда ҳашаротларгача ўз ватанини севади. Демак, бу мавжудотлар устидаги Аллоҳнинг одати, суннати, қонуни! Уни инсоннинг ҳам, бошқа жонзотларнинг ҳам фитратига Аллоҳ солиб қўйган. Бўлмаса, ҳарорати олтмишга етадиган иссиқ жойларда ёки ҳарорат нолдан паст бўлган шимолий қутбларда ёхуд ўрмонларда, ҳар кун ҳаёт учун хавфли ерларда яшашга уларни нима мажбур қилади?! Уларни бунга ундаган нарса фақатгина ватанларига бўлган муҳаббатдир.
Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ у отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда эдик. У зот ўз ҳожатлари учун кетдилар. Бир вақт кичкина қушни кўриб қолдик. Унинг иккита полапони бор эди. Полапонларини олиб қўйган эдик, тепамизда гир айланиб уча бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар-да: «Ким буни боласи сабабли безовта қилди? Боласини унга қайтаринглар», дедилар. Сўнг биз ёндирган чумоли уясига кўзлари тушиб: «Бунга ким ўт қўйди?» – деб сўрадилар. «Биз», деган эдик, «Парвардигордан бошқани олов билан азоблашга ҳақи йўқ», дедилар» (Абу Довуд ривояти). Халқимизда “Қушнинг ҳам ини бузилмасин” деган нақл бежизга айтилмаган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир чумоли пайғамбарлардан бирини тишлаб олди. Шунда у чумолилар қишлоғини ёндиришга буюрди. Аллоҳ таоло унга ваҳий қилиб: «Сени бир чумоли тишласа тасбеҳ айтадиган умматни ҳалок қиласанми?», – деди» (Имом Муслим ривояти). Абдуррауф Муновий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис шарҳида: “...пайғамбарлардан бири...” – Узайр, Мусо ёки Довуд алайҳиссаломлардан бири бўлиши мумкин, деган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайғамбарлардан бири дарахт тагига борди. Уни бир чумоли тишлаб олди. Шунда дарахт тагидан матоларини олиб, чумоли (ини)ни ёндиришга буюрди. Аллоҳ таоло ваҳий қилди: “Бир чумоли деб-а?”, – дедилар» (Имом Муслим ривояти). Роғиб Асфаҳоний раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Муҳозаротул удабо” китобининг тўққизинчи бобида “Яхшилиги кутилмайдиган, фазилати орзу қилинмайдиган киши” сарлавҳаси остида бир ажойиб воқеани келтиради: Зурора ибн Соид ҳақида Соҳиб: “Аллоҳга қасамки, у сиқиладиган ҳўл, синадиган қуруқ эмасдир. Унинг ҳузурида насирка, на шароб бор. У билан йўқлик бир хил эди”, деган. Абдулмалик у ҳақида: “Бахиллиги тошни тешади”, дер эди. Бир аъробий Зурора ибн Соид билан уришиб: “Сизлар ҳадя беришда оқсайсиз, аёлларни хўрлайсиз, сувни сотасиз! Сизда фойда ҳам, наф ҳам, чиройли фикру бегоналарни ҳурмат қилиш ҳам йўқ”, деди. Шунда Зуроранинг аёли унга: “Аллоҳга қасамки, ватан муҳаббати бўлмаганида, сенинг ҳовлингда ҳатто сичқон ҳам турмас эди”, деди. Иёс ибн Муовия бир жойдан ўтаётиб: – Ватанидан айрилган, ғариб итнинг овозини эшитяпман, – деди. – Буни қандай билдингиз? – Унинг паст овозда, бошқа итларнинг баланд овозда вовиллашидан, – деди.
Хулоса
Барча мавжудотлар ўз ини, ўз масканини севади ва унга ошиқади. Энди, мавжудотлар гултожи, ҳазрати инсон қандай ўз Ватанини севмасин, унга ошиқмасин?! Ватанпарварликда чумоли ва қалдирғочга етадигани бўлмайди “Ватанпарвар” сўзи аслида одамларга нисбатан қўлланади. Улардан бошқаларга «ватанпарвар» сўзи шартли равишда ишлатилади. Бироқ дунёда шундай ҳашаротлар, шундай қушлар борки, ўз инлари – ошёнларига бўлган меҳри ва садоқатини кўриб, ҳайратга тушасан киши. Қуйида ана ўша икки қаҳрамон: чумоли ва қалдирғоч ҳақида бироз сўз юритамиз. Чумоли ўзи митти ҳашарот бўлса-да, инсонларнинг ундан ўрганадиганлари жуда кўп. Ватанпарварликда чумолиларга етадигани бўлмайди. Бу ҳолатни бошқа ҳашаротларда учратмайсиз. Чумолининг ватанпарварлиги қилаётган ишларида яққол кўринади. Чумолилар табиатан энг тартибли, ораста, бир-бирини яхши тушунадиган, топганини биргаликда баҳам кўрадиган ҳамда жамоавий шароитда ҳаёт кечирадиган ҳашарот ҳисобланади. Жамоада миллионтагача чумоли бўлиши мумкин. Чумолилар оиласи тўртликдан ташкил топади: битта малика (она), эркак, ишчи ва қўриқчи чумолилар. Ҳар бирининг ўзига хос вазифалари бор. Она чумоли жуссаси каттароқ бўлиб, инидан чиқмайди. У тухум қўйиб, насл қолдириш вазифасини бажаради. Она чумолини ишчи чумолилар боқади. Чумолилар ўз инлари – ватанлари чегара дахлсизлиги, тинчлиги ва осойишталигига алоҳида эътибор қилади. Хатар пайдо бўлди дегунча жипслашиб, инига ҳеч нарсани йўлатмайдилар. Ҳатто, бу йўлда керак бўлса, ўзини қурбон қилишга тайёр турадилар. Бу чумолилардаги энг чиройли сифатлардан биридир. Бу вазифа қўриқчи чумолилар зиммасида. Озиқ йиғиш, тозалик ва бошқа вазифаларни ишчи чумолилар бажаради. Уйга кирмоқчи бўлган ишчи чумолилар мўйловларини қўриқчи чумолилар бошига теккизади. Ундан кейин ичкарига киришга рухсат берилади. Эркак чумолилар уруғлантириш – кўпайиш даврида яшайди, холос. Бу миттивойлар ҳайратга соладиган даражада энг тартибли, интизомли ҳаёт кечирадиган ҳашарот ҳисобланади.
Қалдирғоч бир жойда ин қуриб, тухум қўйиб, полапон очади. Уларни боқиб катта қилади. Совуқ тушуши билан инини тарк қилиб, иссиқ ўлкаларга учиб кетади. Шуниси қизиқки, полапонлар дунёга келган инини эслаб қолади. Яна ўша жойга қайтиб, тухум қўйиб, полапонларини очиб чиқади. Уларни биров безовта қилмаса, бу ҳолат такрорланаверади.
Vatan faqat insonga xosmi?
Inson ega bo‘lgan narsalar ichida eng qimmatbahosi – dini va vatanidir. Biror inson yo‘qki, vatanini sevmasa, ulug‘lamasa. Qanday ulug‘lamasin?! Chunki, Vatan uning kindik qoni to‘kilgan, beg‘ubor bolalik chog‘i o‘tgan, ilk qadamlarini qo‘ygan, yoshlik, keksalik davrlarini surgan, o‘chmas xotiralari muhrlangan, ota-bobolarining yurti, farzandu nabiralari ulg‘aygan zamindir! Faqat inson emas, hatto hayvonlar ham o‘z vatani – inini boshqa hech bir narsaga alishmaydi. Alishishga rozi ham bo‘lmaydi. Uning yo‘lida har qanday qimmat va nafis narsalarini qurbon qiladi.
Qushlar inida baxtiyor yashaydi. Biror narsani xascho‘pdan bo‘lgan iniga alishmaydi. Baliqlar dengiz va okeanlar osha minglab chaqirimlarni suzib o‘tadilar. Yana baribir o‘z vatanlariga qaytadilar. Mitti chumolini ko‘ring, rizq talabida qancha joylarga boradi, tepaliklarga qiynalib chiqadi. U ham yana o‘z iniga – vataniga qaytadi. Ba’zi hayvonlar asl vatanidan boshqa joyga ko‘chirilsa, nobud bo‘lib qoladi. Ko‘ryapsizmi, hamma – hazrati insondan tortib, to mayda hasharotlargacha o‘z vatanini sevadi. Demak, bu mavjudotlar ustidagi Allohning odati, sunnati, qonuni! Uni insonning ham, boshqa jonzotlarning ham fitratiga Alloh solib qo‘ygan. Bo‘lmasa, harorati oltmishga yetadigan issiq joylarda yoki harorat noldan past bo‘lgan shimoliy qutblarda yoxud o‘rmonlarda, har kun hayot uchun xavfli yerlarda yashashga ularni nima majbur qiladi?! Ularni bunga undagan narsa faqatgina vatanlariga bo‘lgan muhabbatdir.
Abdurrahmon ibn Abdulloh u otasidan rivoyat qiladi: «Rasululloh sollallohu alayhi va sallam bilan safarda edik. U zot o‘z hojatlari uchun ketdilar. Bir vaqt kichkina qushni ko‘rib qoldik. Uning ikkita polaponi bor edi. Polaponlarini olib qo‘ygan edik, tepamizda gir aylanib ucha boshladi. Payg‘ambar sollallohu alayhi va sallam keldilar-da: «Kim buni bolasi sababli bezovta qildi? Bolasini unga qaytaringlar», dedilar. So‘ng biz yondirgan chumoli uyasiga ko‘zlari tushib: «Bunga kim o‘t qo‘ydi?» – deb so‘radilar. «Biz», degan edik, «Parvardigordan boshqani olov bilan azoblashga haqi yo‘q», dedilar» (Abu Dovud rivoyati). Xalqimizda “Qushning ham ini buzilmasin” degan naql bejizga aytilmagan.
Abu Hurayra roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Rasululloh sollallohu alayhi va sallam aytdilar: «Bir chumoli payg‘ambarlardan birini tishlab oldi. Shunda u chumolilar qishlog‘ini yondirishga buyurdi. Alloh taolo unga vahiy qilib: «Seni bir chumoli tishlasa tasbeh aytadigan ummatni halok qilasanmi?», – dedi» (Imom Muslim rivoyati). Abdurrauf Munoviy rahmatullohi alayh hadis sharhida: “...payg‘ambarlardan biri...” – Uzayr, Muso yoki Dovud alayhissalomlardan biri bo‘lishi mumkin, degan.
Abu Hurayra roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Rasullulloh sollallohu alayhi va sallam: «Payg‘ambarlardan biri daraxt tagiga bordi. Uni bir chumoli tishlab oldi. Shunda daraxt tagidan matolarini olib, chumoli (ini)ni yondirishga buyurdi. Alloh taolo vahiy qildi: “Bir chumoli deb-a?”, – dedilar» (Imom Muslim rivoyati). Rog‘ib Asfahoniy rahmatullohi alayh o‘zining “Muhozarotul udabo” kitobining to‘qqizinchi bobida “Yaxshiligi kutilmaydigan, fazilati orzu qilinmaydigan kishi” sarlavhasi ostida bir ajoyib voqeani keltiradi: Zurora ibn Soid haqida Sohib: “Allohga qasamki, u siqiladigan ho‘l, sinadigan quruq emasdir. Uning huzurida nasirka, na sharob bor. U bilan yo‘qlik bir xil edi”, degan. Abdulmalik u haqida: “Baxilligi toshni teshadi”, der edi. Bir a’robiy Zurora ibn Soid bilan urishib: “Sizlar hadya berishda oqsaysiz, ayollarni xo‘rlaysiz, suvni sotasiz! Sizda foyda ham, naf ham, chiroyli fikru begonalarni hurmat qilish ham yo‘q”, dedi. Shunda Zuroraning ayoli unga: “Allohga qasamki, vatan muhabbati bo‘lmaganida, sening hovlingda hatto sichqon ham turmas edi”, dedi. Iyos ibn Muoviya bir joydan o‘tayotib: – Vatanidan ayrilgan, g‘arib itning ovozini eshityapman, – dedi. – Buni qanday bildingiz? – Uning past ovozda, boshqa itlarning baland ovozda vovillashidan, – dedi.
Xulosa
Barcha mavjudotlar o‘z ini, o‘z maskanini sevadi va unga oshiqadi. Endi, mavjudotlar gultoji, hazrati inson qanday o‘z Vatanini sevmasin, unga oshiqmasin?! Vatanparvarlikda chumoli va qaldirg‘ochga yetadigani bo‘lmaydi “Vatanparvar” so‘zi aslida odamlarga nisbatan qo‘llanadi. Ulardan boshqalarga «vatanparvar» so‘zi shartli ravishda ishlatiladi. Biroq dunyoda shunday hasharotlar, shunday qushlar borki, o‘z inlari – oshyonlariga bo‘lgan mehri va sadoqatini ko‘rib, hayratga tushasan kishi. Quyida ana o‘sha ikki qahramon: chumoli va qaldirg‘och haqida biroz so‘z yuritamiz. Chumoli o‘zi mitti hasharot bo‘lsa-da, insonlarning undan o‘rganadiganlari juda ko‘p. Vatanparvarlikda chumolilarga yetadigani bo‘lmaydi. Bu holatni boshqa hasharotlarda uchratmaysiz. Chumolining vatanparvarligi qilayotgan ishlarida yaqqol ko‘rinadi. Chumolilar tabiatan eng tartibli, orasta, bir-birini yaxshi tushunadigan, topganini birgalikda baham ko‘radigan hamda jamoaviy sharoitda hayot kechiradigan hasharot hisoblanadi. Jamoada milliontagacha chumoli bo‘lishi mumkin. Chumolilar oilasi to‘rtlikdan tashkil topadi: bitta malika (ona), erkak, ishchi va qo‘riqchi chumolilar. Har birining o‘ziga xos vazifalari bor. Ona chumoli jussasi kattaroq bo‘lib, inidan chiqmaydi. U tuxum qo‘yib, nasl qoldirish vazifasini bajaradi. Ona chumolini ishchi chumolilar boqadi. Chumolilar o‘z inlari – vatanlari chegara daxlsizligi, tinchligi va osoyishtaligiga alohida e’tibor qiladi. Xatar paydo bo‘ldi deguncha jipslashib, iniga hech narsani yo‘latmaydilar. Hatto, bu yo‘lda kerak bo‘lsa, o‘zini qurbon qilishga tayyor turadilar. Bu chumolilardagi eng chiroyli sifatlardan biridir. Bu vazifa qo‘riqchi chumolilar zimmasida. Oziq yig‘ish, tozalik va boshqa vazifalarni ishchi chumolilar bajaradi. Uyga kirmoqchi bo‘lgan ishchi chumolilar mo‘ylovlarini qo‘riqchi chumolilar boshiga tekkizadi. Undan keyin ichkariga kirishga ruxsat beriladi. Erkak chumolilar urug‘lantirish – ko‘payish davrida yashaydi, xolos. Bu mittivoylar hayratga soladigan darajada eng tartibli, intizomli hayot kechiradigan hasharot hisoblanadi.
Qaldirg‘och bir joyda in qurib, tuxum qo‘yib, polapon ochadi. Ularni boqib katta qiladi. Sovuq tushushi bilan inini tark qilib, issiq o‘lkalarga uchib ketadi. Shunisi qiziqki, polaponlar dunyoga kelgan inini eslab qoladi. Yana o‘sha joyga qaytib, tuxum qo‘yib, polaponlarini ochib chiqadi. Ularni birov bezovta qilmasa, bu holat takrorlanaveradi.