August 13, 2020

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ "САВДО ТЎҒРИСИДА"ГИ ҚОНУНИ

ID-20368

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва вазифалари

Ушбу Қонуннинг мақсади савдо соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборатдир:

савдо фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқларини ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш;

савдо фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги ваколатларни республика ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида тақсимлаш;

савдо маданиятини такомиллаштириш;

савдо фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиботларини ўрнатиш;

аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини товарлар ва хизматларга бўлган талабини қондириш, рақобат муҳитини шакллантириш;

ушбу Қонун ташқи ва биржа савдолари, кўчмас мулк бўйича битимлар, энергоресурслар таъминоти, ломбардлар, интеллектуал мулк соҳаларидаги савдо муносабатларини тартибга солмайди.

2-модда. Савдо тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Савдо тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида савдо соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг савдо тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Савдо фаолияти – товар ва хизматларни харид қилиш ва сотиш билан боғлиқ бўлган фаолият тури;

Савдо фаолияти сбъекти - ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтиб савдо фаолиятини амалга оширувчи ҳар қандай мулкчилик шаклидаги юридик (савдо ташкилотлари ёки уларнинг бирлашмаси) ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор).

Улгуржи савдо – бу турли хил товарларни оилавий, шахсий ёки уй шароитида ишлатиш билан боғлиқ бўлмаган, яъни тадбиркорлик мақсадларда фойдаланиш учун сотиб олиш, сотиш билан боғлиқ фаолият тури;

Чакана савдо – бу тўғридан-тўғри охирги истеъмолчиларга сотиладиган ва шахсий ёки оилавий фойдаланиш учун мўлжалланган товарлар ва хизматларни сотиш билан боғлиқ бўлган тадбиркорлик фаолияти турларининг тўплами;

Турғун савдо объекти – савдо жараёнини ташкил этиш ва мижозларга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган ускуналар билан жиҳозланган, шунингдек доимий асосда жойлашган ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланган кўчмас бино ёки иншоот (ёки унинг қисми);

Кўчма савдо объекти - вақтинча жойлашган ва мавсумий ёки мақсадли хусусиятга эга бўлган, шунингдек иш куни тамом бўлгандан кейин йиғиштириб олишни ва объект кўчирилишини талаб этиш асосида жойлаштирилган савдо объект;

Чакана савдо корхонаси – якуний истеъмолчиларга товарларни сотиш мақсадида фаолият юритаётган ҳар қандай мулкчилик шаклдаги савдо фаолияти субъекти;

Улгуржи савдо корхонаси – ишлаб чиқарувчилар ва чакана савдо ўртасида савдо воситачилигини амалга оширувчи барча мулкчилик шаклидаги таркибий шахслар тармоғига эга бўлган корхона;

Савдо майдони – товарларни намойиш қилиш ва сотиш, шунингдек мижозларга хизмат кўрсатиш (шу жумладан ҳисоб-китоб) учун мўлжалланган чакана (улгуржи) савдо объектининг бир қисми;

Савдо тармоғи – умумий бошқарув остида ва умумий таъминот хизматига эга бўлган айнан бир хил ассортиментдаги товарларни сотувчи икки ёки ундан ортиқ савдо объектларининг бирикмаси;

Кўчма савдо фаолияти – кўчма савдо воситаларидан фойдаланган ҳолда турғун савдо объектларидан ташқарида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлар чакана савдо фаолиятини юритиш;

Электрон савдо – ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган, товарларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлган тадбиркорлик фаолияти;

Тармоқли маркетинг — тармоқли ташкилот томонидан товарларни мустақил тарқатадиган сотувчи коммивояжерлар ташкил этилишига асосланган товарларни чакана сотиш тури;

Тармоқли ташкилот — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мустақил равишда ёхуд тармоқли маркетинг йўли билан сотувчи коммивояжерлар орқали савдони амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси юридик шахси;

Сотувчи коммивояжер — турғун савдо шохобчалари орқали товарларни бевосита сотувчи, шунингдек уйга буюртма олиш воситасида, муассасалар, ташкилотлар, корхоналарда, транспорт ёки кўчада потенциал харидорлар билан ишлайдиган, даромади фақат сотув ҳажмига боғлиқ бўлган жисмоний шахс – юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркор;

Савдо автомати – сотувчининг иштирокисиз товарларни сотиш учун мўлжалланган махсус ускуна;

Кўргазма-ярмарка савдоси – маълум бир жойда ва маълум бир вақтда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ташаббуси билан ташкил этиладиган савдо фаолияти тури.

Озиқ-овқат маҳсулотлари – хом ёки қайта ишланган шаклдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, озуқавий қўшимчалар ҳамда спиртли ва спиртсиз ичимликлар;

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари – озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ бўлмаган ва харидорнинг ҳар хил эҳтиёжлари ва талабларини қондириш мақсадида сотиладиган маҳсулотлар;

Контрагент – савдо тармоғига етказиб берилган товарларни сотишни ўз зиммасига олган шартнома иштирокчиси;

Савдо устамаси – товар нархининг таркибий қисми бўлиб,савдо корхоналари томонидан харажатларни қоплаш ва фойда олиш учун зарур бўлган товарнинг чакана ва улгуржи нархлари ўртасидаги фарқ.

4-модда. Савдо соҳасини давлат томонидан тартибга солиш

Савдо соҳасидаги муносабатлар қонунчилик даражасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, мазкур Қонун, шунингдек бошқа қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар томонидан тартибга солинади.

Аҳолини товарлар ва хизматлар билан таъминлаш учун шарт шароитлар яратиш мақсадида, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мазкур Қонун, бошқа қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ваколатлидир.

5-модда. Савдо фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш тамойиллари, методлари ва турлари

Давлат томонидан савдо фаолиятини тартибга солишнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

савдо фаолияти иштирокчилари, ишлаб чиқарувчилар, шунингдек маҳсулотлар ва хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида савдо фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш тизимининг ягоналиги.

Савдо фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш методлари қуйидагилардан иборат:

барча турдаги савдо фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишга қўйиладиган талаб ҳамда тартибларини тасдиқлаш;

озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сотиш ҳамда савдо фаолиятини юритиш қоидаларига амал қилинишини назорат қилиш;

савдо соҳасида монополияга қарши тартибга солиш;

савдо соҳасида ахборот таъминотини чуқур жорий этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш.

Савдо фаолиятини давлат томонидан тартибга солишнинг қуйидаги турлари мавжуд:

техник стандартлаштириш, гигиеник санитария қоидаларини белгилаш, товарлар ва савдо фаолияти субъектларини рўйхатдан ўтказиш;

6-модда. Савдо фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш соҳасида давлат органлари ҳамда савдо фаолияти субъектларини мувофиқлаштириш бўйича нотижорат бирлашмаларнинг ваколатлари

Ушбу Қонунга мувофиқ савдо фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қуйидаги ваколатларга эга:

савдо соҳасида давлат сиёсатини олиб бориш;

савдо соҳасини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

аҳолининг улгуржи, чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналари билан таъминланганлигининг минимал меъёрларини баҳолаш методологияларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2-боб. Савдо фаолиятини ташкил этиш ва амалгаошириш талаблари

7-модда. Савдо фаолияти субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Савдо фаолияти субъектлари қуйидагиларни мустақил равишда танлаш ҳуқуқига эга:

савдо соҳасида амалга оширмоқчи бўлган иқтисодий фаолият тури;

тадбиркорлик фаолиятини олиб бормоқчи бўлган савдо объекти (шахсий, ижарага олиш, турғун, кўчма);

савдо фаолиятини амалга ошириш усули (ярмарка, савдо автоматлари орқали, Интернет орқали ва х.к.);

сотиладиган товарларга нархлар;

савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби ва шартлари (товар ва хизматлар ассортименти, иш тартиби, фаолиятни ташкил этиш ва амалга оширишда фойдаланиладиган технологик асбоб-ускуналар, реклама ташкил этиш усуллари, олди-сотти шартномалар шартлари), шунингдек истеъмолчиларга сотувчи, таклиф этилаётган маҳсулотлар, кўрсатилаётган хизматлар тўғрисидаги маълумотларни етказиб бериш усуллари;

савдо объектларида товарларни харид қилиш ва хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш орқали ҳамда савдо-технологик ускуналар, юк кўтариш ва транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган санитар-гигиеник талабларга мувофиқ амалга оширилади.

8-модда. Савдо фаолияти субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари кафолати

Ўзбекистон Республикаси савдо фаолияти субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари таъминланишини кафолатлайди.

Давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият юритаётган субъектлар фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслар.

9-модда. Кўчма савдо объектларини жойлаштириш тартиби

Кўчма савдо объектлари жойлашиш тартиби савдо соҳасида давлат сиёсатини олиб бориш бўйича ваколатли орган тасдиқлаган тартиб асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ишлаб чиқилади, тасдиқланади ва эълон қилинади.

10-модда. Кўргазма-ярмарка савдоларини ташкил қилиш тартиби

Улгуржи кўргазма-ярмарка маҳаллий, республика ва давлатлараро даражада товарларни реклама қилиш, сотиш ва иқтисодий муносабатларни шакллантириш мақсадида давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ташкил этилади ва утказилади.

Кўргазма-ярмарка савдосида товарлар сотилиши намуналар, каталоглар, брошюралар ва бошқа маълумот манбаларидаги товарларнинг тавсифи бўйича амалга оширилиши мумкин.

Қайта ишланган озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини сотиш маълум бир вақтда маълум бир жойда сотувчилар ва харидорларнинг оммавий йиғилиши орқали айрим савдо-транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилади.

Кўргазма-ярмарка савдоси ташкилотчиси ярмаркани ташкил этиш ва товарларни сотиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, регламентини тасдиқлайди, шунингдек ярмаркани ўтказиш ҳамда савдо жойлари билан таъминланишини белгилайди.

Кўргазма-ярмарка савдоси ташкилотчиси оммавий аҳборот воситаларида ярмарка ташкил этиш ва уни ўтказиш санаси тўғрисида маълумот жойлаштиради.

Ярмаркадаги савдо жойлари юридик шахсларга, якка тартибдаги тадбиркорларга, шунингдек фуқароларга (шу жумладан фермер (дехқон) хўжаликларига ҳамда қишлоқ хўжалиги ёки чорвачилик билан шуғулланувчи фуқароларга) тақдим этилади.

Улгуржи кўргазма-ярмаркаларда товарларни сотиш учун жиҳозланган жой тақдим этиш, шунингдек савдони ташкил этиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш (ҳудудларни тозалаш, ветеринария-санитария экспертизасини ўтказиш ва бошқа хизматлар) тўлови ярмарка ташкилотчиси томонидан ярмаркани ташкиллаштиришга кетган ҳаражатларни қоплашни назарда тутган ҳолда белгиланади.

11-модда. Электрон савдо

Электрон савдони амалга оширишда олди-сотди шартномаси электрон ҳужжат расмийлаштириш орқали 2004 йил 29 апрелда қабул қилинган 611-II-сонли “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги, “Электрон тижорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ тузилади.

3-боб. Савдо фаолиятини монополияга қарши тартибга солиш

12-модда. Савдо фаолиятида монополияга қарши қоидалар

Республика ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қуйидагилар тақиқланади:

янги савдо фаолияти субъектларини ташкил этишга чекловлар жорий этиш, шунингдек бошқа фаолият турлари бўйича тақиқларни белгилаш (қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно);

савдо фаолияти субъектларига устуворлик билан шартномалар тузиш ёки товарларни маълум бир истеъмолчилар доирасига устунлик берган ҳолда етказиб бериш тўғрисида кўрсатмалар бериш;

савдо фаолияти субъектларининг акцияларини (улушларини) сотиб олиш (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно);

савдо фаолиятининг айрим субъектлари учун алоҳида камситувчи ёки имтиёзли шарт-шароитларни ўрнатиш;

савдо фаолияти субъектларига ва савдо тармоқларига маҳсулот етказиб берувчиларга бериладиган кўрсатмаларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш, шу жумладан товарларни белгиланган нархларда сотиш (давлат ҳокимияти органлари белгиланган тартибда нархларни тартибга солиш ҳуқуқига эга бўлган ҳоллар мундан мустасно);

айрим товарларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотилишини тақиқлаш;

рақобат муҳитини пасайишига олиб келувчи ҳамда савдо фаолияти субъектлари ва товарларни етказиб бериш билан шуғулланувчи субъектларнинг танловини чеклашга олиб келадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси субъектлари, шаҳарлар ва вилоятлар ўртасида товарларнинг эркин ҳаракатланишига нисбатан тақиқлар ёки чекловлар қўйиш.

Ниҳоятда зарур ҳолларда (эпидемия, табиий офатлар, фалокатлар, фавқулодда вазиятлар олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш мақсадида) республика ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юқорида келтирилган чоралар қўлланилиши мумкин.

Бозорнинг барқарор фаолият кўрсатишига ва рақобатни ривожланишига тўсқинлик қилувчи, шунингдек истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларига зарар етказадиган бошқарув органларининг ўзаро ёки хўжалик юритувчи субъект ўртасидаги келишувлар ўрнатилган тартибда тўлиқ ёки қисман бекор қилинади, яъни қуйидагиларга қаратилган келишувларга йўл қўйилмайди:

нархлар ва тарифларни ошириш ёки пасайтириш;

ҳудудий, сотиш (харид қилиш) ҳажми, товарларнинг ассоритменти ёки сотувчилар (харидорлар) доираси каби тамойиллар кўра бозорни бўлиш;

бозорга кириб боришни чеклаш ёки савдо фаолияти субъектларини бозордан сиқиб чиқариш;

бозорда монополияга эга бўлиш мақсадида бирнечта юридик шахслар ёки бошқарув органларининг бирлашиши;

давлат ҳокимияти органларига бозорда рақобатни чеклашга олиб келадиган ваколатлар бериш, уларнинг функцияларини савдо фаолияти субъектларининг функциялари билан бирлаштириш ёки уларга бериш.

субъектларнинг бозорга киришини чеклашга ёки уларни бозордан четлатишга олиб келадиган ҳатти ҳаракатларни амалга ошириш.

Савдо тармоғидаги савдо фаолияти субъектларига ҳамда савдо тармоғига маҳсулот етказиб берувчи тадбиркорлик субъектларига қуйидагилар тақиқланади:

13-модда. Ушбу Қонун талабларига амал қилиш устидан давлат назорати

Ушбу Қонун талабларига амал қилиниши устидан давлат назорати ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг савдо фаолияти соҳасидаги назорати Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари монополияга қарши қоидалар ва ушбу Қонун талаблари бузилганлиги аниқланганда, “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ чоралар кўради.

14-модда. Савдо соҳасини ривожлантиришнинг давлат мақсадли дастурлари

Савдо соҳасини ривожлантириш давлат мақсадли дастурлари ушбу модданинг талабларига мувофиқ ишлаб чиқилади.

Савдо соҳасини ривожлантириш давлат мақсадли дастурларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

давлат сиёсатининг устувор йўналишларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида савдо соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш;

савдо ўтказиш орқали улар ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш;

савдо соҳасини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

Савдо соҳасини ривожлантириш бўйича давлат мақсадли дастурларини шакллантириш тамойиллари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасида савдо соҳасининг ривожланишига таъсир этувчи ижтимоий-иқтисодий, демографик, экологик, маданий ташкилий ва маъмурий ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда савдо соҳасидаги муаммоларни бартараф этишда комплекс ёндашув;

бозор савдо инфратузилмасини шакллантириш;

савдони ривожлантиришнинг давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш;

15-модда. Савдо фаолияти субъектларининг ахборотдан фойдаланиш имкониятлари

Савдо фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг савдо соҳасидаги ҳуқуқлари ва манфаатларига таалуқли ва махфий бўлмаган ахборотларни давлат органларидан олишга ҳақлидир. Ахборотнинг махфийлиги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ белгиланади.

Савдо фаолиятини тартибга солувчи ва мажбурий кучга эга бўлган қонун ҳужжатлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ва савдо фаолияти субъектлари ҳамда товарларини етказиб берувчи субъектлар учун очиқ бўлиши лозим.

4-боб. Якунловчи қоидалар

Ушбу Қонунни бузганликда айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонун кучга киргунга қадар тузилган товарларни етказиб бериш бўйича шартномаларнинг шартлари Қонун кучга кирган кундан бошлаб олти ой ичида Қонун талабларига мувофиқлаштирилиши лозим.