ЖАРОҲАТ
Баъзи яралар вақт ўтиши билан битади.
Баъзиларининг изи қолади.
Аммо шундай жароҳатлар борки, улар на танада, на юзда бўлади. Улар инсон қалбининг энг чуқур жойига ўрнашиб олиб, йиллар давомида қонашда давом этади.
Кузнинг совуқ тонгларидан бири эди. Осмон кулранг булутлар билан қопланган, дарахтларнинг сарғайган барглари шамол таъсирида ҳовли бўйлаб учиб юрарди.
Шаҳар четидаги эски болалар уйининг темир дарвозаси секин очилди. Дарвоза олдида қора машина тўхтади.
Машина ичидан бир аёл тушди. Унинг қўлидан эса кичкина қизалоқ маҳкам ушлаб олганди. Қизнинг кўзлари ёшга тўла эди.
У ҳеч нарсани тушунмасди.
Фақат юраги нимадандир қўрқаётганини ҳис қиларди.
— Ойижон... уйга кетамизми?.. — деди қиз титроқ овозда.
Аёл жавоб бермади.У бошини бошқа томонга бурди.
Қиз яна сўради.
— Ойижон...нега индамайсиз? Ишимизни битириб кетамизми?
Бу сафар ҳам жавоб бўлмади.
Аёл қизнинг қўлидан ушлаб, болалар уйининг эшиги томон юрди. Қиз эса ортига қараб борарди. Гўё у ерда қолаётган ҳаётини сўнгги марта кўраётгандек.
Орадан ўн дақиқа ўтиб аёл бинодан ёлғиз чиқди.
Қиз эса йўқ эди. Сўнги бор болалар уйининг дарвозасига қараб, чуқур хўрсинди.
— Кечир қизалоғим...— деди афсус билан ва машинага жойлашди.
Машина ишга тушиб, болалар уйининг олдидан узоқлашиб кетди.
Қизалоқ дераза ортидан югуриб чиқди. Кичкина кафтларини ойнага босди.
Кўзларидан ёш оқарди.
— ОЙИЖОООН! МЕНИ ТАШЛАБ КЕТМАНГ!
Машина эса тўхтамади.
Қизнинг овози унга етиб бормади. Шу куни олти ёшли Умида ҳаётидаги энг катта йўқотишни бошдан кечирди.
Ва шу куни тақдир уни ўзининг энг катта жароҳати билан учраштириш учун илк қадамини ташлади.
Қизнинг кўзларидан шашқатор ёшлар оқарди.
Тарбиячи қизнинг ахволини кўриб, дарҳол уни ёнига борди. Кичик жуссали қизни бағрига олди.
— Болажоним, бўлди тинчлан. Бунақада касал бўлиб қоласан-ку! — деди тарбиячи овозида меҳр ва тушкунлик қоришиқ.
Қиз ҳали ҳам ҳиқиллар, нима бўлётганига ақли етмасди.
Кичик елкалари тарбиячининг бағрида дир-дир қалтирарди.
— Ойим...ойим...нега кетдилар? — деди қиз титроқ овозда.
Тарбиячи уни юпатишга ҳаракат қилар, аммо қизнинг қалбидаги ўша бўшлиқни ҳеч нарса тўлдира олмасди. Уни болалар уйининг узун ва совуқ коридоридан етаклаб ўтишди. Деворлардан кўчиб тушаётган бўёқлар, хонадаги ўзига хос – эски китоблар ва намлик ҳиди аралашган ҳид... ҳаммаси бегона, ҳаммаси қўрқинчли эди.
Тарбиячи уни ошхонага олиб кирди. Бу ерда болалар тушлик қилаётган эди. Қизалоқ бурчакдаги столлардан бирига ўтқазилди. Атрофида ўнлаб болалар бор эди, аммо у ўзини бутун дунёда ёлғиз қолгандек ҳис қиларди. У йиғидан қизарган кўзларини пастга тикканча, бармоқлари билан ўз кийимининг четини бурарди.
Шу пайт қарама-қарши томонда ўтирган, ёши ўн учлардаги бир бола унга тикилиб турганини сезмади. У боланинг кўзлари жуда ғалати эди – гўё у ёшига нисбатан жуда кўп нарсани кўрган, ҳаётнинг "тиши"га эрта дуч келган одамдек қаттиқ ва жиддий. Унинг юзи ҳам, хатти-ҳаракати ҳам шу ернинг бошқа болаларига ўхшамасди.
Бола секин ўрнидан турди. Қўлида яримта нон ва бир парча пластмасса билагузук бор эди. У Умиданинг ёнига келди. Умида секин бошини кўтариб, унга қаради. Қизалоқнинг нигоҳидаги ўша чексиз дард, ўша "ташлаб кетилганлик" туйғуси боланинг юрагида аллақандай номаълум торларни чертиб ўтди.
Бола ҳеч нарса демади. У ўз қўли билан ясаётган, устига қора рангли қалам билан нимадир чизилган оддий пластмасса билагузукни қизнинг олдига қўйди.
— Йиғлама, — деди у паст, аммо ишончли овозда. — Йиғлашдан фойда йўқ. Улар барибир қайтмайди.
Умида ёшли кўзлари билан унга боқди. Бу бола унга раҳм қилаётган бошқа болаларга ўхшамасди. У қизнинг оғриғини тушуниб турган эди.
— Мен... мен қўрқяпман, — шивирлади қизалоқ.
Бола қизнинг ёнига ўтирди ва пластмасса билагузукни унинг кичкина билагига тақиб қўйди.
— Мен Зайронман, — деди у қатъий оҳангда. — Энди мен борман. Ким сенга озор берса, менга айт. Мен уларга сени ранжитишларига рухсат бермайман.
Ўша дақиқада, ўша совуқ ва қоронғу ошхонада, икки "жароҳатланган" қалб бир-бирига боғланди. Умида биринчи марта ўзини бутунлай ёлғиз эмасдек ҳис қилди. Зайрон эса ўша куни ўзининг "ҳимоячи"лик миссиясини қабул қилди.
Ўша кундан кейин болалар уйининг деворлари гўё бироз "илиқлашгандек" бўлди. Зайрон ўзининг қаттиққўл ва вазмин табиатини фақат Умиданинг олдида юмшатарди. У қизалоқ учун нафақат дўст, балки дунёдаги энг катта таянчга айланди.
Кунлар ўтиб, Умиданинг кўзларидаги ўша чўчишлар аста-секин йўқола бошлади. У энди ўзини бутунлай дунёдан узилган деб ҳис қилмасди, чунки ёнида Зайрон бор эди. Зайрон унга боғдаги энг чиройли гулларни териб келар, тушликдаги ширинлигини яширинча қизга узатар ва энг муҳими — унга ўзининг "дунё билан жанг қилиш" усулларини ўргатарди. Қизалоқ эса Зайроннинг ёнида ўзини хавфсиз ҳис қилиб, илк бор чинакамига жилмайди. Бу табассум Зайроннинг ҳаётидаги энг қимматбаҳо мукофот эди.
Бир куни болалар уйида шов-шув бўлиб кетди. Шаҳардан меҳмонлар — болалар уйидаги болаларни суратга олиб, уларнинг ҳаётини кўрсатувчи журналистлар ва профессионал фотоаппаратли инсонлар келишди. Болалар қизиқиш билан атрофда югуриб юришар, ҳамма чиройли чиқишга уринарди.
Зайрон эса одатдагидек четда, қўлларини чўнтагига солганча, Умидани ҳимоя қилиб турарди. Фотоапаратчи уларнинг ғайриоддий жуфтлигига кўзи тушди: қаттиққўл ва жиддий йигит, ҳамда унинг сояси каби эргашиб юрган, кўзларида илиқлик порлаётган қизалоқ.
— Хўш, болалар, келинглар, сизларни бирга суратга туширамиз! — деди фотоапаратчи самимий оҳангда.
Зайрон бир зум иккиланиб турди, сўнгра Умиданинг қўлидан ушлаб, камерага яқинлашди. Чироқ чақнади, лаҳза абадийлашди.
Ўша куни кечқурун, ҳамма ухлаб ётган маҳалда, Зайрон чўнтагидан ўша суратнинг иккита нусхасини чиқарди. У суратдаги икки боланинг нигоҳларига узоқ тикилди. Уларнинг кўзларида қандайдир ёруғ келажакка ишонч бор эди.
Зайрон суратлардан бирини Умидага узатди. Қизалоқ уни қўлларига олди ва эҳтиёткорлик билан кўксига босди.
— Буни асра, — деди Зайрон паст овозда. — Билагузук каби, бу ҳам бизнинг ваъдамиз.
У суратнинг иккинчи нусхасини ўз кўйлагининг чўнтагига, юраги устига жойлади.
— Бири менда туради, — деди у жиддий қиёфада, — иккинчиси сенда. Қаерда бўлсак ҳам, қанчалик узоқда бўлсак ҳам, бу расм бизни бир-биримизга боғлаб туради.
Умида ёшига яраша бўлмаган бир тушуниш билан бошини қимирлатиб, тасдиқ ишорасини берди.
Ўша тунда улар хотиржам ухлашди.
Болалар уйининг деразаларидан кириб келаётган ёруғлик бу сафар бошқача эди.
Қишнинг совуқ нафаси аста-секин чекиниб, ўрнини юмшоқ, илиқ шамолларга бўшатиб бераётган баҳорнинг илк тонги эди бу. Осмон ҳали тўлиқ тиниқлашмаган, лекин кулранглик ҳам йўқолиб бораётган эди. Ҳаво ичида қандайдир янгиланиш, қандайдир жим, аммо чуқур ўзгариш сезиларди.
Аммо болалар уйи ичида ҳамма нарса одатдагидек эди. Қаттиқ қадамлар, эски ёғоч полнинг ғичирлаши, ошхонадан келаётган қайноқ шўрва ҳиди ва болаларнинг бетартиб шовқини. Фақат Умида учун бу тонг бошқача эди.
У дераза ёнида туриб, ташқарига тикилиб қолганди.
Қўлида ўша эски сурат.
Йиллар ўтган бўлса ҳам, қоғоз бироз сарғайган, бурчаклари эса енгил букилиб кетганди. Лекин ундаги икки бола ҳануз ўша эди.
Зайрон ва у. Умида суратга қарар экан, юраги ичида ғалати оғриқ сезарди.
Гўё нимадир яқинлашаётгандек, лекин у нимадир яхши эмаслигини ҳам ҳис қиларди.
— Умида!
Орқадан тарбиячининг овози эшитилди. Қиз шошилиб суратни кийимининг ичига яширди.
— Ҳа, опа… — деди бироз сўлғин овозда.
Тарбиячи юзида одатдагидан жиддий ифода билан кириб келди. Унинг кўзларида ҳам қувонч йўқ эди, ҳам хавотир.
— Сени чақиришяпди.
Умида жим қолди.
— Ким?
Тарбиячи чуқур нафас олди.
— Бир оила… сени кўрмоқчи.
Шу сўзлар айтилган заҳоти хонадаги ҳаво ўзгарди.
Гўё вақт бир лаҳзага тўхтаб қолгандек. Умиданинг юраги ғалати урди.
— Мени… олиб кетишадими?
Тарбиячи жавоб бермади.
Бу жимлик эса энг оғир жавоб эди. Ўша куннинг ўрталари.
Болалар уйи ҳовлиси одатдагидан сокинроқ эди.
Ҳатто қушлар ҳам пастроқ учаётгандек, ҳатто шамол ҳам эҳтиёткор эсаётгандек туюларди.
Қора машина яна дарвоза олдида тўхтади. Бу сафар Умида қўрқиб қотиб қолмади. Лекин юраги ичида нимадир ёрилаётгандек эди.
У эшикдан чиқаркан, оёқлари ўзига бўйсунмаётгандек титрарди.
Машина ёнида бир аёл ва эркак турарди.
Аёлнинг кўзлари илиқ, аммо чуқур бир бўшлиқ билан қарарди — гўё у ҳам нимадир йўқотган, энди эса қайта топмоқчи бўлаётгандек.
Эркак эса жим, кузатувчан.
Умида уларни кўрди. Аммо унинг кўзлари дарҳол бошқа томонга — болалар уйи эшигига қайтди.
Чунки у кимнидир кутарди.
Кимнидир охирги марта кўришни хоҳларди.
Ва у келди. Зайрон.
У одатдагидек четдан чиқиб келди. Қўллари чўнтагида, юзида эса ҳеч нарса ўзгармагандек совуқ ифода. Лекин кўзлари…
Кўзлари ҳаммасини айтиб турарди. У ҳам биларди. Бугун айрилиқ куни. Умида уни кўриб югуриб келди.
— Зайрон!
Қизнинг овози титраб чиқди.
У келиб, йигитнинг қўлини маҳкам ушлаб олди.
Гўё қўйиб юборса, ҳаммаси йўқ бўлиб кетадигандек.
— Мени олиб кетишяпти…
Зайрон жим қолди.
Бир неча сония ҳеч нарса демади.
Кейин паст овозда деди:
— Биламан.
Умида кўзларини катта очди.
— Мен кетишни хоҳламайман…
Зайроннинг жағи қаттиқлашди.
У ҳаётида биринчи марта ожиз эди. Лекин у буни кўрсатмаслиги керак эди.
— Эшит…
У чўнтагидан ўша суратни чиқарди. Сарғайган, лекин ҳали ҳам тирик хотира.
— Бу суратдан сенда ҳам бор, менда ҳам. Бу бизнинг сўнги хотирамиз бўлиб қолсин. Бу болалар уйининг ҳар бир бурчаги сен билан ўтган бахтли онларимни эслатади. Сен албатта бахтли бўлишинг керак. Мен учун ҳам. Сен охиргача бу ерда қололмайсан. Ўқиб, бахтли қиз бўлишинг керак. Мени тушундингми?
Умида бошини чайқади.
— Йўқ… мен сенсиз кетмайман…
Зайрон унинг билагига қаради. Ўша эски пластмасса билагузук ҳали ҳам ўша ерда эди.
Ҳеч қачон ечилмаган.
У енгил кулимсиради.
Аммо бу кулги қувонч эмас эди, бу оғриқ эди.
— Сен кучли бўласан.
Умида йиғлаб юборди.
— Мен хоҳламайман кучли бўлишни!
Зайрон бир лаҳза жим қолди.
Кейин аста қўлини қизнинг бошига қўйди.
Бу унинг энг илиқ ҳаракати эди, энг оғири ҳам шу эди.
— Мен сени унутмайман.
Сўзлар секин чиқди, лекин жуда аниқ.
— Қаерга борсанг ҳам, Қачон борсанг ҳам.Сени унутмайман.
Шу пайт машина сигнали чалинди. Вақт тугаётган эди. Умида янада қаттиқроқ Зайроннинг қўлига ёпишди.
— Илтимос… мени қўйиб юборма…
Зайрон унинг қўлини секин ушлади, ва аста қўлини унинг қўлидан бўшатди.
Бир лаҳза, фақат бир лаҳза уларнинг қўллари ажралмади.
Кейин ажралди.
— Қизим, тезроқ бўлақол. Кетишимиз керак. Даданг кутиб қолди.
"Даданг". Умиданинг юраги бир зум бу сўздан шув этди.
Кўзларидан тинимсиз ёшлари оқар, кўп йиғлаганидан бурни ҳам оқиб қолганди.
Наҳотки энди умуман танимаган инсонларга, "ойи", "дада" дейдими?. Йўқ! У буни уддалолмайди. Зайронни маҳкам қучоқлаб олди.
— Ахир...ахир биз келишган эдикку. Ажиралмасликка келишган эдикку. Нега ундай қиляпсиз? Илтимос...мени олиб кетишмасин. Мен улар билан кетишни истамайман.
Зайрон Умидани тезда бағридан чиқариб, икки елкасини қўллари орасига олди.
— Умиш, — деди меҳр билан, — сени албатта излаб топаман. Яна бирга бўламиз. Аммо сен ҳам ҳаётингни бошлашинг керак. Бу болалар уйида узоқ қолмасдинг ҳам. Бу оила бўлмаса, барибир бошқа оилага сени бериб юборишарди. Мен ҳам тез кунларда кетаман...сендан олдин мен кетсам, нима бир ўзинг шу ерда қоласанми? Буни иложиси йўқ. Илтимос...кет.
Охирги жумлаларни таллафууз қилаётганда, йигитнинг лаблари титради.
— Мен сизсиз яшолмайман...сизга боғланганман.
— Бунга кўникишга мажбурсан! — қатъий деди йигит, — охиргача менга суяниб яшолмайсан! Сени ўз ҳаётинг бор. Илтимос, кет!
Зайрон Умидадан узоқлашиб, болалар уйига тез-тез қадамлар билан кириб кетди. Ортига қараб ҳам қўймади. Агар қараганида, яна юраги амрига қулоқ тутиб, Умидани ўзидан узоқлаштира олмасди. Зайроннинг ҳам кўзидан бир томчи ёш оқиб тушди.
Умида эса йиғлаганча Зайрон кетган тарафга қараб қолди.
— ЗАЙРОН! — деди қичқириб.
Бу қичқириқ инсон қалбини титратиб юборувчи хусусиятга эга эди.
Умиданинг янги онаси олдига келиб, қизни бироз тинчлантирди. Машинадаги эркак эса уларни сабрсизларча кутарди. Аёл Умидани машинага олиб бориб, машина орқасига ўтқазди. Ўзи бўлса олд қаторига ўтирди. Машина ишга тушди ва юриб кетди.
Тобора машина болалар уйидан узоқлашиб борарди.
Умида эса ҳеч кўз ёшларини тўхтатолмасди.
— Бўлди, қизим йиғлама, — деди аёл самимият билан, — биз билан албатта бахтли бўласан. Уйда аканг ҳам сени келишингни кутяпди.
Умида эса жахл билан юзини дераза тарафга буриб олди.
— Аканг эмиш. Менга фақат Зайрон керак, — деди пичирлаб ўзи эшитадиган овозда.
Зайроннинг ичидаги олов болалар уйининг томи устида совуқ шамол билан тўқнашди. У баландликда, ҳамма нарсадан узоқда, лекин шу билан бирга ҳамма нарсага яқин тургандек эди. Атрофда фақат тунги шаҳарнинг чироқлари милтилларди, аммо Зайрон учун дунё қоронғу эди. У ўша суратни кафтида маҳкам сиқиб ушлаган, бармоқларининг суяклари оқариб кетганди.
"Кечир," деб шивирлади у бўғиқ овозда. Бу сўз шамолда учиб кетди, аммо унинг қалбида оғир тошдек қотиб қолди. Зайроннинг нигоҳи чексиз бўшлиққа қадалган, юзидаги совуқ ниқоб остида ўша 16 ёшли боланинг йиғиси, аламли изтироби яширинган эди. У суратдаги Умиданинг юзини бармоқлари билан силади. Бу унинг учун шунчаки қоғоз парчаси эмас, бу унинг ягона хотираси эди. У қасам ичди: бу айрилиқ вақтинчалик. У шундай кучга эга бўлиши керакки, дунё унинг олдида тиз чўксин ва у Умидани ўзига қайтариб олсин. Зайроннинг кўзларидаги ёш қотиб қолди, унинг ўрнини совуқ, беғубор қасос оловига ўхшаш қарор эгаллади.
Айни пайтда, шаҳарнинг нариги чеккасида...
Машина катта, темир дарвозали сарой-уйлардан бирининг олдида тўхтади. Умида машинадан тушганда, кўзлари шишиб кетган, юзида эса фақат нафрат ва соғинч бор эди. Бу уй жуда катта, совуқ ва ҳашаматли эди. Уйдаги ҳар бир детал, ҳар бир мебел гўё ўз эгасининг бойлигини кўз-кўз қилгандек, қизалоқнинг маъсумлигига бегона туюларди.
Улар эшикдан киришлари билан, нарвон томондан бир йигит тушиб келди. Унинг эгнида қимматбаҳо бренд кийим, юзида эса одамларни паст назар билан кузатадиган ғурур. Унинг исми Ренат.
Ренат қизга бир муддат тикилиб турди-да, сўнг энсасини қотириб, онасига ўгирилди:
— Яна биттами? Бизга хизматкор етишмаётганмиди ёки яна бир текинтомоқ келдими? — деди у заҳарханда оҳангда.
Аёл хижолат бўлиб, "Ренат, жим бўл!" деб койинди. Аммо йигит Умиданинг ёнига яқинлашиб, унинг кўз ёшлари билан қоришган юзига масхаралаш билан боқди.
— Демак, бу ўша "янги сингли"мизми? — Ренат қизнинг елкасидан туртиб қўйди. — Эшит, қизалоқ. Бу уйда "ота-она" деган нарса йўқ, фақат қоидалар бор. Мендан узоқроқ юрсанг, яхши бўлади. Мен етимхона қолдиқларини ўзимга яқинлаштирмайман.
Умида тишларини қаттиқ тишлаб, қалтираётган қўлларини мушт қилди. Унинг қалби Зайроннинг бағридан шафқацизларча юлиб олинганида аллақачон сўниб бўлганди. Ренатнинг совуқ муомаласи эса унинг азобини янада чуқурлаштирди. У бу уйда ўзини энди шу уйнинг ярим бўлаги эмас, балки қафасга тушиб қолган қушдек ҳис қилди.
У кўзларини ердан кўтармай, пичирлади:
"Сизларнинг ҳеч бирингиз унинг тирноғига ҳам арзимайсиз."
Ренат кулиб юборди ва хонадан чиқиб кетди. Умида эса ўша ҳашаматли уйнинг ўртасида, ҳамма нарсаси бор, лекин ҳеч нарсаси йўқ қизалоқ бўлиб ёлғиз қолди. У чўнтагидаги суратни яна бир бор сиқиб қўйди.
Бу энди унинг ягона паноҳи эди.
Умиданинг янги ҳаёти "олтин қафас"дан бошқа нарса эмасди. Ҳашаматли хоналар, қимматбаҳо кийимлар, энг сара мактаб... Лекин буларнинг бари унинг учун ғамгин кулранг тусда эди. У янги мактабида ҳам ҳеч ким билан гаплашмас, танаффусларда ҳам ўзига берилиб, чўнтагидаги ўша сарғайган суратни силаб, Зайроннинг иссиқ қўлларини қўмсаб ўтирарди.
Ренат учун эса Умида шунчаки уйнинг бир қисми — худди девордаги безак ёки эскирган мебел каби эди. У қизнинг ёнидан ўтаётиб, уни кўрмасликка олар, ҳар бир имкониятда "етимхона маҳсулоти" деган сўзлар билан уни ерга урарди.
Бир оқшом, Умидани янги онаси — Малика хоним ўз кабинетига чақирди. Малика хонимнинг юзида қандайдир совуқ хотиржамлик бор эди.
— Умида, — деди у хонага кириши билан, — мен сени расмий ҳужжатларингни кўриб чиқдим. "Умида" исми жуда содда ва ўтмишингни эслатиб туради. Мен сенинг исмингни Басират деб ўзгартирдим. Энди бу уйда сен Басират бўласан.
Бу гап Умиданинг қалбини худди заҳарли найза каби тешиб ўтди. Унинг ўтмиши, Зайрон айтган ўша исми — булар унинг ягона ўзи эди. У ўзини йўқотиб қўйгандек ҳис қилди. Бирданига ичидаги барча ғазаб, барча тўпланган дард портлаб чиқди.
— Сиз... — унинг овози бутун хона бўйлаб акс-садо берди, — сиз мени ҳаётимдан, бахтимдан айирганингиз етмагандек, энди исмимдан ҳам айирдингизми?! Мен сизнинг "Басират"ингиз эмасман!
Умида биринчи марта ўзидан бунчалик қатъий ва баланд овоз чиқаётганини сезди. Малика хоним ҳайратдан кўзлари катталашиб, ортга чекинди. Шу заҳоти кабинет эшиги шиддат билан очилди. Ренат хоккей формасида, қўлида таёқ билан кириб келди. Унинг кўзлари ғазабдан ёнарди.
— Сен нима дединг? — Ренат қадам ташлаб яқинлашди. Унинг ҳар бир қадами полни титратарди. — Сен менинг онамга бақирадиган даражага етдингми, тентак?
Умиданинг юраги қаттиқ урарди, лекин у чекинмади.
— У менинг исмимни тортиб олмоқчи!
Ренатнинг юзи буришди. У бир ҳаракат билан яқинлашди-ю, бутун кучи билан Умиданинг юзига қаттиқ тарсаки туширди. Зарбдан Умиданинг боши бир тарафга оғди, дудоғи ёрилиб, оғзига қон таъми келди. Қизалоқ ўзини бошқаролмай, полга йиқилди. У бўғилиб йиғларди, оғриқ эса бутун вужудини қоплаганди.
Ренат яна унинг устига ёпирилиб, тепмоқчи бўлганида, Малика хоним ўғлининг қўлидан тутиб қолди.
— Ренат, тўхта! Синглингга қўл кўтарасанми?! — деб бақирди Малика хоним, лекин унинг овозида меҳирдан кўра, уйнинг "обрўси" учун хавотир кўпроқ эди.
Ренат онасининг қўлини силтаб ташлади ва Умидага нафрат билан тикилди.
— Синглимми? — деди у заҳарханда билан. — Бу етимча ҳеч қачон бизнинг қонимиз бўлолмайди! У шунчаки бир буюм. Ва эсингда тут, "Басират" — бу уйда ҳеч ким, ҳаттоки сен ҳам онамга овозингни кўтаришга ҳақли эмассан!
Ренат эшикни шиддат билан ёпиб чиқиб кетди. Умида полда, совуқ мармар устида ётганча йиғларди. Унинг юзи ёнган, юраги эса ундан ҳам қаттиқроқ ўртанарди. У секин чўнтагига қўл узатди. Сурат ҳали ҳам жойида эди. У пичирлади:
— Зайрон... мени топинг... илтимос, мени бу ердан олиб кетинг...
Зайрон эса ўша куни, мактабга деб кетиб, бошқа болалар уйига қайтиб келмади... У учун болалар уйи эшиги, Умида кетган куннинг ўзидаёқ ёпилган эди. Зайронни ҳар томондан излашди аммо тополишмади ва умидларини узишди. Зайрон янги ҳаёт томон бироз эрта ошиққан эди.
У 16 ёшда бўлиб, бир эркакнинг назарига тушди ва у эркак уни ўз фарзандлигига олди...исмига эса тегмади. Зайрон — бу куч дегани эди. Аммо бир зум ҳам Зайрон Умидани ёдидан чиқармади. Уни топиш учун ҳам тинмай ҳаракат қилар эди. Аммо билмасдики Умиданинг исми аллақачон ўзгарган, хужжатларда умуман бошқа исм билан тилга олинётганини... Уларнинг ҳикояси энди бошланётганди...