2 - МАЪРУЗА. ЖАХОНДА ВА ЎЗБЕКИСТОНДА ОҒИР АТЛЕТИКА СПОРТ ТУРИНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ ВА РИВОЖЛАНИШ ТАРИХИ.
Ушбу маълумотлар "Оғир атлетика, велоспорт, от спорти назарияси ва услубияти" кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган.
РЕЖА:
1. Оғир атлетикани ривожланиш тарихи
2. Штангани такомилланиши
3. Жахонда оғир атлетикада буйича биринчи мусобақалар
4. Оғир атлетикани пайдо бўлиш тарихи
5. Халқаро мусобақаларда Ўзбекистон оғир атлетикачиларни ютуқлари
7. Назорат саволлар
1. Оғир атлетикани ривожланиш тарихи
“Куч, соғлиқ ва чидамлиликни мустаҳкам ирода, ақл ҳамда юқори маданиятни ўзида мужассам этган инсон ҳақиқий атлетдир” ушбу ҳикмат қадимий юнон файласуфи Платонга тегишлиддир.
Гўзал қадди-қомат ва жуда катта кучга эга бўлишни ҳохламайдиган кишининг ўзи йўқ. Шу мақсадда оддий оғир атлетика штангаси асосий спорт снаряди бўлиб хизмат қилади. “Штанга” сўзи немис тилидаги stange сўзидан олинган бўлиб, металл (темир) таёқ (замонавий атама бўйича гриф) маъносини англатади. Оғир атлетика штангаси ҳозирги замонавий кўринишга келгунга қадар анча ўзгаришларга учраган.
Шубҳа йўқки, спорт хусусиятидаги барча мусобақаларда оғирликларни кўтариш энг қадимийси ҳисобланади. У югуриш, улоқтириш, кураш беллашувлари сингари катта тарихга эга.
Қадимдан инсонлар кучларни синаб кўриш учун мусобақалашганлар, чаққонлик, чидамлиликда беллашганлар. Байрамлар албатта атлетика томошалар билан ўтказилган, уларнинг шартлари ўша ернинг ўзида, мусобақалашаётганлар даврасида ҳалқнинг кўз ўнгида белгилаб олинган. Бир ҳолларда буғдой солинган қоп, бошқасида темирчиларнинг сандони ёки ҳарсанг тош спорт снаряди сифатида хизмат қилган. Қўл остидаги материалнинг исталган буюми жисмоний куч - қудрат ўлчови сифатида қўлланилган.
Атлетизм ватани – Қадимги Юнонистон. Гантелларнинг ишлаб чиқилишида устуворлик қадимги юнонларга тегишли. Бу гантеллар ёш йигитларда кучни ривожлантириш учун қўлланилган. 1,5 – 2 кг оғирликдаги гантелллар тош, темир, қўрғошиндан тайёрланган. Гантеллардан ташқари, юнонлар тош гирялар ва блоклардан спорт снаряди сифатида фойдаланганлар. Улар бу снарядлар ёрдамида нафақат мушакларни ривожлантирганлар, балки улардан сакраш машқларида мусобақалашаётганларида чопиб келишни кучайтириш учун фойдаланганлар.
Ўзларини аёвсиз ҳаёт тартибига ўргатган кучли кишиларнинг мусобақалари томошага айланган. Яна шу нарса маълумки, Афина майдонларида оғир темир босқон ётган ва ҳохлаган юнон уни кўтаришга уриниб кўрган, ўзини синовдан ўтказган, ўз ҳамшаҳарларига кучини намойиш қилишга уринган.
Ҳозирда Олимпия музейида сақланаётган энг йирик гиря 143,5 кг оғирликка эга (унинг ўлчамлари – 68 / 39 / 33 см).
Қадимги юнонликлар кучни риволантириш учун турли хил оғирликлардан биринчи бўлиб фойдаланганликлари, шубҳасиз. Бундан ташқари, атлетларни тайёрллаш мақсадли равишда ва тартибли олиб борилган. Махсус академиялар ташкил этилган бўлиб, бу ерда баҳодирлар ҳар кунги машғулотларда ва овқатланишда алоҳида тартибга риоя қилганлар. Атлетчиларнинг озиқ-овқат рационига нон, хурмо, ёнғоқ, асал, юмшоқ пишлоқ, Гиппократ даврида эса гўшт кирган.
Агар биз эрамиздан аввалги VI асрда яшаб ўтган таниқли олим Пифогорнинг ўқувчиси бўлган Милон Кратонский юнонлик биринчи оғир атлетикачи, деб айтсак хато қилмаган бўламиз. Афсонавий юнонлардан, масалан, Геркулесдан фарқли равишда Милон Кротонский катта мушак кучига эга бўлган. У бунга махсус машғулотлар ёрдамида эришган у ҳарсанг тошларнинг кўтариш машқларини бажарган, ёшлик чоғида эса елкасига бузоқчани кўтариб юрган. Бузоқча улғайиб борган, аввал буқачага, кейин эса оғир вазнли буқага айланган, бироқ Милон уни ҳар куни елкасида олиб юришни давом эттираверган ва бир куни, қадимги юнон тарихчиси Павзанийнинг гувоҳ беришича, атлет тўрт ёшли жониворни елкасида кўтариб, бутун стадион масофасини чопиб босиб ўтган.
Милоннинг кучи ва шавкати тўғрисида афсоналар юрган. Атлетнинг ватандоши ҳайкалтарош Дамкас Милоннинг бронза хайкалини ясаган. Статуя кўринишича, жуда оғир бўлган шу сабабли Павзаний паҳлавоннинг жасоратини санай туриб, шундай ёзадики: “Милон шунчалар қудратли эдики, ўз статуясини (ҳайкалини) елкасида эркин ушлаб туради”.
Кратонлик Милон олимпия ўйинларида олтита “палма”ни қўлга киритган, бунда ғолибнинг биринчи палма гулчамбарини у кураш беллашувларидаги ғалабаси учун олган. У вақтда Милон ҳали бола эди.
Халқ орасидан чиққан паҳлавонлар, уларнинг меҳнат ва жанг майдонидаги жасоратлари тўғрисидаги афсоналар авлоддан – авлодга ўтиб келган.
Ҳамма давлатларда ўзларининг таниқли паҳлавонлари бўлган.
Бошқа қадимги юнон баҳодирлари тўғрисида ҳам маълумотлар бизгача етиб келган. Улардан бири – Меленкомас. У бармоқларини букмай туриб, бир кеча – кундуз давомида қўлларида осилиб тура олган эмиш. Уни чидамлилик чемпиони, деб аташар экан. Юнонистоннинг энг баланд бўйли атлети Эллад Полидамас ҳам кучлилик бобида тенги йўқ бўлган. Афсоналарга қараганда, Олимп тоғида у бир куни ўз қучогида шерни бўғиб қўйган.
Европанинг цирк ва бозор майдонларида ўз чиқишлари билан иштироқ этган атлетлар орасида Па – де Кале Андри стьери алоҳида ажралиб турган. 1876 йилда бу шимоллик Геркулес умумий бирлиги бир тоннага яқин бўлган иккита пушкани елкасида олиб турган.
Монреаллик полициячи 150 кг вазнга эга паҳлавон Луш Сирни “Атлетлар қироли” ва “Америкалик мўъжиза”, деб аташган. Луш 28 ёшида катта шуҳрат қозонган. У 1891 йилда, Монреалда мусобақалашаётиб, Циклопдан – машҳур европалик баҳодир Франц Бекловкийдан кучлироқ бўлган. Бир йилдан сўнг Лондон “Аквариуми” да қатнашаётиб, Сир Евгений Сандов (Англияда яшаган немис Фредирик Миллернинг шундай аташар эдилар) устидан ғалаба қозонган.
Бир минг нафар лондонликлар иккита энг кучли ва машҳур атлетларнинг оғирлик кўтариш мусобақаларини томоша қилганлар. Сандов гўзал ва кучли эди, лекин у Аполлонсифат баҳодир Гераклсифат канадаликнинг куч машқларини қайтара олмас эди. Сандовнинг бўйи 174 см вазни эса 90 кг бўлган. Сир эса 3 см баландроқ ва 67 кг оғирроқ эди. У “Атлетлар қироли” унвонини қўлга киритган.
Англияда Томас Тофан энг кучли паҳлавон эди. Уни Британия Геркулеси, деб аташар эди. Бу атлет 1741 йил 28 майда денгиздаги ғалаба нишонланаётган пайтда сув тўлдирилган учта бочка турган супани бел ва оёқлари кучи билан ердан кўтаришига муваффақ бўлган. Юк 800 кг га яқин эди. Яна шу нарса маълумки, Томас темир занжирдан фойдаланиб қўллари билан 760 кг. Ли тошни кўтарган.
Нютоннинг ўқувчиси доктор Дезигильдорнинг гувоҳлик беришича, Томас Тофан нафақат ғайриоддий кучи, балки гўзал қадди-қоматга эга бўлган, бунга у оғирликлар билан мунтазам машғулотлар ҳолида қатъий тартиб эвазига эришган.
Машҳур украиналик полвон Иван Поддубний сайр қилаётган пайтларида бир пуд келадиган чўянли “Ҳасса” билан юрган. Бошқа паҳлавон, волгалик Иван Заикин бир куни темир релсни тугунча қилиб букиб, ўраб қўйган. Бу ғайритабий экспонат ҳозирда Париж музейларидан бирида сақланади. Атлетлар орасида Москвалик Петр Крилов ҳам жуда машҳур бўлган. Уни гирялар билан моҳирона машқлар бажарилиши туфайли гиря қироли, деб аташар эди. Ўзининг кўргазмали чиқишларидан бирида у шар ўрнатилган штангани кўтарган. Энг ҳайратланарлиси шуки, бу шарлар ичида иккита баланд бўйли аскарлар ўтирган бўлган.
АҚШ да ўтган асрнинг иккинчи ярмида Валтер Кеннеди энг кучли атлетлардан бўлган. У белини тўлиқ ростлаган ҳолда 600 кг ли ядрони ердан кўтара олган.
Қадимий грекларнинг атлетик маданиятини римликлар қабул қилиб олганлар. Кучга сиғиниш гладиаторларнинг ўлимли олишувлари пайтида ёки буюк актерлар – полвонлар – Атлант, Рустицелий (лақаби “Геркулес”), Фувгий силвийларнинг дабдабали томошаларида коллизей майдонида ҳукм сурган.
Римликларнинг фикрича, ҳақиқий эркак қўрқмас жасур ва жисмонан кучли бўлиши керак. Тацитнинг ёзишича, “Касал бўлмаслик – бу жуда кам: менга бақувват, қувноқ, тетик киши ёқади”.
Римликлар қадимий грекларнинг услублари бўйича кучни ривожлантирганлар яъни оғирликлар билан машқ қилганлар. Рим емирилиши билан атлетизмга бўлган қизиқиш сўнди. Мушак кучини мақсадли ўстириш тўғрисида инсоният фақат бир неча юз йилликлардан сўнг тикланиш даврида ёдга олди.
XIV – XV асрларда инглиз салдатлари темир тўсинни улоқтириш бўйича махсус машқлар бажарар эдилар. Шотландияликлар жисмоний кучни алоҳида қадрлар эдилар. Уларда етукликни синаш учун шундай жиддий синов амалда қўлланилар эди: ҳар бир улғайган ўсмир камида 100 кг келадиган тошни кўтариши ва уни 120 см ли баландликка, бошқа тош устига қўйиши лозим эди. Фақат шундай кейингина ўсмирни йигит, деб тан олардилар ва у шапка кийиб юриш ҳуқуқига эга бўлар эди.
Оғирликлар кўтариш ҳақиқатдан ҳам халқ спорти турига айланди. Унинг қадимги олимпия ўйинларига бориб тақалувчи оммавийлиги ва шавкатли анъаналарини ҳисобга олиб юнонларнинг спорт мусобақаларини янги асрда танлаши мажбуриятини ўз бўйнига олган қўмита биринчи учрашувлар дастурига “темир усталари”, штангачиларни мусобақаларини ҳам киритди.
Оғир атлетика ривожланишининг бошланғич даври айрим кучли кишиларнинг ҳар хил оғирликларни кўтаришдаги буюк ютуқлари билан боғлиқ. У вақтда биринчи чемпионатлар ва халқаро турнирлар ўтказилмаган.
Францияда оғирликлар кўтариш бўйича биринчи мусобақалар ўйнала бошланди. Маълумки, 1825 йилдаёқ парижликлар кучлилар турнирига гувоҳ бўлишган.
Профессионал атлетлар орасида энг гўзал, рассомлар ва ёзувчиларнинг севган атлети бўлган Иполит.Триа гантеллар ҳамда гирялар билан бажариладиган машқлар ёрдамида семириш касаллигини даволаш орқали кун кечирар эди. 1851 йилда 38 ёшли атлетизм тарафдори Франция ҳукуматига югуриш, оғир атлетика ва бошқа енгил машқлар билан шуғулланишга асосланган “Миллатни соғломлаштириш дастурини” тақдим этди. Лекин режа тан олинмагач, И.Триа хафа бўлганидан ўзининг соғломлаштирувчи илмий ишини ёқиб юборган.
У пайтларда штангалар қуйидагича бўлган: бир хил вазндаги шарли (монолит шарлар); тўлдирма (бўш шарлар, уларга қум ёки ўқ дори (дробь) қўшиш мумкин бўлганлар.) қизиқки, немислар аввал учларида шарлари бўлмаган фақат темир стерженнинг ўзини штанга, деб аташганлар. Карлесруэдаги антропологик комиссия ассистенти А. Штольц (кейинчалик у Россияга кўчиб ўтган) ўзининг “Куч ва мушакларни риволантириш учун ўз-ўзини ўқитиш” китобида таъкидлайдики, ўртача вазн билан шуғулланиш учун асбоблар диаметри 50 мм ва оғирлиги 50 фунт (20 кг) келадиган темир штангадан фойдаланишлари мумкинлигини таъкидлаган.
2. Штангани такомилланиши
Штанганинг спорт снаряди сифатида такомиллаштирилишида “Аполлон ўқи” (вагонетканинг стержен диаметри 50 мм бўлган 165 кг ли ўқи) катта аҳамиятга эга бўлган.
Юқорида айтиб ўтилган ҳамма оғир атлетика снарядларининг бир хил камчилиги бўлган: снаряд оғирлигини тезкор равишда ошириш ёки камайтиришнинг иложи йўқ эди. Эсланг, темир стерженга қўрғошинли юклар осиб қўйилар эди, шарли штангаларга эса дроб тўлдириларди. Бу спорт снарядларини такомиллаштириш зарур эди. Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги машҳур тарихчи олим Б. Чесноковнинг маълумотларига кўра XIX асрнинг 60- йилларида Германида илк бор йиғиладиган штанга пайдо бўлган. Металл стерженга (грифга) шарларнинг ўрнига марказида гриф диаметрига мос келадиган тешик бўлган металл дисклар (блоклар) ўрнатилган (илинган). Йиғиладиган штанга аста секин ўзидан аввалги снаряд шарли штангани атлетика майдонларидан чиқариб юборди. Олдин у машғулотларда, кейин эса турли миқёсдаги мусобақаларда қўлланила бошланди. ХХ аср бошида биринчи марта айланадиган темир таёқли (гриф) йиғма штанга пайдо бўлди. Бундай янгилик муаллифи немис инженери Берг эди. Уни спорт снаряди сифатида Венада бўлиб ўтган Европа чемпионатидан (1929 й) бошлаб қўллай бошладилар.
Баъзи тарихчилар оғир атлетика спортига асос солувчилар орасида биринчи бўлиб таниқли италян цирк паҳлавони Фелиц Наполини таъкидлаб ўтадилар. Унинг иқтидорли ўқувчилари бўлиб, улар орасида Луис Аттила алоҳида ажралиб турган. Бу атлет снарядни кўкракка кўтариш учун “қайчи” усулини илк бор қўллаган, яъни оғирлик тагига енгилгина чўккалаб ўтириш, бунда бир оёқ кафти билан тўлиқ олдинга қадам ташлайди, иккинчи оёқ эса бир вақтнинг ўзида орқага узатилади ва оёқ учига таянилади. Бироқ уни жаҳон оғир атлетика отаси, деб атай олмаймиз, чунки оғир атлетика тўсатдан эмас, балки Европанинг турли мамлакатларида бутун XIX аср мобайнида шаклланиб борган.
Жаҳон оғир атлетикаси ривожланишига петербурглик врач Владислав Францевич Краевский сезиларли даражада ҳисса қўшган. У қадди-қомати келишган, бақувват, успиринлардек ҳаракатчан инсон эди. Дўстлари уни “қари доктор”, деб аташарди. 1885 йил 23 августда “қари доктор” томонидан ташкил этилган “Атлетика ҳаваскорлари тўгараги” нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу кун Россия оғир атлетика спортининг ташкил этилган санасидир.
В.Краевский гиря спорти ихлосманди бўла туриб, Михайловский майдонидаги ўз уйида атлетика кабинетини жиҳозлаган. Бу ерда ҳамма зарур жихозлар: шарли штангалар, турли оғирликдаги гирялар, гантеллар бўлган.
“Қари доктор” маҳаллий ва бошқа ерлардан келган баҳодирларни ўз уйига таклиф қилар эди ва агар у билан рақобатлаша олмайдиган меҳмон топилса, жуда қувониб кетарди.
Олдинига йиғма штанга атлетлар томонидан фақат машғулотларда, биринчи Россия чемпионатидан (1897 й) бошлаб эса турли миқёсдаги мусобақаларда фойдаланила бошланди. Бунгача оғир атлетикачилар тўлдирма шарли штанга билан қатнашардилар.
В.Ф.Краевский штангаси бир неча марта такомиллаштириб борилган. Революциягача таниқли москвалик оғир атлетикачи С.Д.Дмитриев шу штанга устида ишлаган. Революциядан кейин Краевский штангасини хизмат кўрсатган спорт усталари Л.Ю.Спарре (Москва) ва Н.И. Конимь (Ленинград, ҳозирда Санк-Петербург) яхшилашган.
Ҳозирги пайтда ҳамма йирик халқаро мусобақаларда резина кийдирилган штангалар қўлланилади. Совет рекордчи штангаси (Висти) модели Москва олимпиадасида қўлланилган штанга сифатида тасдиқланган ва ҳозирги пайтда жаҳонда кенг оммалашган.
3. Жахонда оғир атлетикада буйича биринчи мусобақалар.
1891 йил март ойида Буюк Британия биринчи халқаро турнир ташкил қилишга уриниб кўрилди. Лондонда Англия, Белгия, Германия ва Италия давлатларининг энг кучли атлетлари тўпландилар. Йирик мусобақаларни ўтказиш тажрибаси беш йилдан кейин асқотди. 1896 йил 11 мартда Роттердамда биринчи Европа чемпионати ўтказилди. Уни шаҳар атлетика клуби ташкил қилган эди. Қатнашчилар сони ва қайси давлатлардан келганликлари тўғрисидаги маълумотлар сақланиб қолмаган. Фақат шу нарса маълумки, атлетлар у пайтда вазнларини ўлчамаганлар ва мусобақаларнинг аниқ дастури бўлмаган. Чемпионлик унвонига давогарлар айланага чиқиб, оғирлик учун дроб тўлдирилган тош шарлар осилган штангани кўтарганлар. Атлетлар, шунингдек, булдог гирялар – оғир шарсимон гантелларни кўтаришда ҳам рақобатлашганлар. Бунда ҳар бир атлет ўзи кучли бўлган машқ турини намойиш қилган. Германиялик атлет Ганс Бек ғолиб бўлган. Унинг шахсий вазни 113,5 кг ни ташкил қилган. Икки қўлда штагани сиқиб кўтариш машқида у 130 кг, силтаб кўтаришда 135 кг натижа кўрсатган. Шунингдек, мусобақалар дастурига умумий вазни 70 кг бўлган иккита булдогларни иккала қўлда сиқиб кўтариш машқи ҳам киритилган. Бу машқни Ганс Бек кетма-кет 27 марта такрорлаган.
Бироқ Ганс Бек ва Европа чемпионатининг бошқа қатнашчилари биринчи Олимпия ўйинларида (1896 йил, Афина) иштироқ этишмаган. Ўша даврда паҳлавон баходирларни ҳеч ким бирлаштирмаган, оғир атлетика эса мустақил спорт тури сифатида тан олинмаган. Эҳтимол, шунинг учун бундай вазият юзага келган. Халқаро Олимпия қўмитаси оғирликлар кўтаришни атлетика турларидан бири сифатида ўйинлар дастурига киритган.
1896 йил 14 апрелда биринчи баходирлар – олимпиачилар иккита машқ бўйича мусобақалашдилар – штангани бир ва иккала қўлда кўтариш. 5 та давлатдан 11 нафар атлет иштироқ этди. Қатнашчилар вазн тоифаларига ажратилмаган. Снарядлар – тўлдирма шарли штангалар ва гантеллар. Штанга вазни шар ичига овчилар дробини солиш орқали бошқариб турилган. Англиялик Лаунсестон Элион олтин медал соҳиби бўлган – у бир қўлида ҳаммадан кўп 71 кг кўтарган. Энг кучли атлет унвонига даниялик Вигго Йенсен сазовор бўлган. У иккала қўлда 111,5 кг оғирликдаги штангани кўтарган. Олимпия мукофатлари грек атлетлари Александрос Николопулос ва Сотириос Версисга ҳам насиб этган улар бронза медали соҳибига айланишган.
Гантелни бир қўлда кўтариш
Лаунсестон Эллиот (Буюк Британия) – 71,0 кг.; Вигго Йенсен (Дания) – 57,2 кг.
Александрос Николопулос (Греция) – 57,0 кг.
Шартли штангани икки қўлда эркин сиқиб кўтариш.
Вигго Йенсен (Дания) – 111,5 кг.; Лаунсестон Эллиот (Буюк Британия) – 111,0 кг
Сотириос Версис (Греция) – 109,9 кг.
Оғир атлетика турнири ғолиблари ўйинлар дастуридаги бошқа турларда (кураш, гимнастика, ўқ отиш, диск улоқтириш ва ядро ирғитиш) ҳам яхши қатнашдилар.
Афинада иштирроқ этган штангачиларнинг ютуқлари жуда камтарона бўлган, балки шу сабабли II Олимпия ўйинларида (Париж, 1900й), оғирликлар кўтариш мусобақалари ўтказилмаган. Бироқ бу вақтга келиб оғир атлетика спорти кўпгина давлатларда оммавий тус ола бошлаган эди.
Биринчи жаҳон чемпионати.
1898 йил 31 июл – 1 август, Вена, “Пройер” - ҳаводаги майдонча. 5 та давлатдан 11 нафар атлет қатнашган. Чемпионат Бутужаҳон спорт кўргазмасининг ўтказилиши билан бирга қўшиб ташкил қилинган. Қатнашчилар вазн тоифаларига ажратилмаган. Дастурга 14 та машқ, асосан фақт куч хусусиятига эга машқлар бўлган. Снарядлар – тўлдирма штангалар ва чўян булдоглардан иборат бўлган. Жюри раиси – “Алгемасткен цайтунг” газетаси муҳаррири В.Зильберер. Параллел равишда французча кураш бўйича Европа чемпионати ўтказилган.
Ғолиблар: Вилгелм Трюк (117,5 кг) – Австрия – 70 очко; Эдуард Биндер (128 кг) – Австрия – 41 очко; Георг Гаккеншмидт (93 кг) – Россия – 46 очко
4. Ўзбекистонда оғир атлетикани ривожланиши.
Ўзбекистонда биринчи оғир атлетика тўгараги 1917 йилда очилган, у “Тошкент оғир атлетика жамияти” деб номланган. Унинг асосчиси Феоктист Гориздро ҳисобланади. Ўрта Осиё Олимпиадасида Ф.Гориздро кураш бўйича 1-ўринни, оғир атлетика бўйича 2- ўринни эгаллаган. Шундан кейин у йигирма йил мобайнида Ўзбекистоннинг энг кучли оғир атлетикачиларидан бирига айланган. Ўша даврларда оқилона машғулот усулияти тўғрисида маълумотлар етарли бўлмаган ва спортчилар амалий тажрибага таянган ҳолда машқ қилганлар. Машғулотлар юкламаларининг спорт натижаларига таъсирини ўрганиш ҳамда уларни тўғри меъёрлашни билиш мақсадида М.А.Мкртумян Москвага ўқишга боради. 1934 йилда у Москва жисмоний тарбия институтидаги мураббийлар олий мактабига ўқишга киради. 1936 йил уни битиргач, у Тошкентга йўлланма билан қайтиб келади. Шу пайтдан бошлаб Ўзбекистонда замонавий оғир атлетиканинг ривожланишига асос солинади.
5. Халқаро мусобақаларда Ўзбекистон оғирталетикачиларни ютуқлари
Тошкенда 1937 йилда цирк аренасида оғир атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтади. Мусобақада энг кучли спортчилар иштирок этганлар, улар орасида самарқандлик Г.Гариев, М.Маслаков, тошкентлик М.Мкртумян, С.Мкртумянлар мусобоқада энг яхши натижа кўрсатиб, ўз вазнлари бўйича Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлганлар.
1938 йилда Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида ўртоқлик мусобақаси бўлиб ўтди. Бу мусабоқада Лутфулла Кашаев даст кўтариш машқида 116 кг натижа кўрсатиб жаҳон рекордини ўрнатди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Л.Кашаев ватан ҳимоясида қатнашди. Урушдан сўнг у яна устози М.А.Мкртумян рахбарлигида оғир атлетика билан шуғулланишини давом эттирди.
Л.Кашаев 1947 йилда собиқ Иттифоқ чемпионатида ўрта вазн тоифасида қатнашиб, сиқиб кўтаришда 107,5 кг; даст кўтаришда 120 кг; силтаб кўтаришда 150 кг; учкурашда 377,5 кг натижа кўрсатиб Ўзбекистон тарихида биринчи марта собиқ иттифоқ чемпиони деган номга сазовор бўлди. Шу йилнинг июль ойида Хельсинки шаҳрида бўлиб ўтган Европа чемпионатида Л. Кашаев фахрли 3- ўринни эгаллади.
1950-65 йилларда Ўзбекистонда оғир атлетика спорти оммавий тарзда ривожлана бошланди. 1956 йилда фақатгина Тошкент шаҳрида оғир атлетика тўгаракларида 900 нафар спортчи шуғулланган. Шу йили 31-мартда болалар спорт жамияти /БСЖ/ ва муассасалар ўртасида жамаолараро Ўзбекистон биринчилиги бўлиб ўтди.
Мусобақада “Буревестник“ БСЖ, “Локомотив“, “Спартак “, “Динамо“, “Шахтер“, “Туркво“ ва шахсий биринчиликда Чирчиқ шаҳрининг “Торпедо“, “Химик“ жамоалари қатнашди. Мусобақада 41 нафар спортчи иштирок этди, шулардан 2 нафари спорт устаси, 15 нафари 1 разрядли ва 24 нафари II-разрядли спортчилар катнашди.
Жамоалар ўртасида биринчи ўринни “Туркво“, 2-ўринни “БСЖ“ “Локомотив“,БСЖ, 3-ўринни эса “Буревестник“ жамоаси эгаллади. Мусобоқа борасида 4-та Ўзбекистон рекорди ўрнатилди. Улардан: Владимир Ли енгил вазнда сиқиб кўтариш машқида 92,5 кг, Иван Молюков 90 кг гача бўлган вазнда силтаб кўтариш машқида 153 кг ва Стеgан Корелланов оғир вазнда сиқиб кўтариш машқида 133 кг ва учкураш натижасида 410 кг.натижа кўрсатишди.
1962 йилга келиб Ўзбекистонда 14 нафар спорт устаси ва 113 нафар биринчи разрядли спортчилар бўлган. Оғир атлетика билан 13702 нафар спортчи шуғулланган, бу даврда 64 нафар тренер, 604 нафар ҳакам ва 729 нафар жамоатчи мураббийлар хизмат қилишган. Бу даврга келиб Ўзбекистон спортчиларидан 5 нафари Иттифоқ терма жамоасига қабул қилиндилар, булар спорт усталари В.Суворов, П.Шарипов, А.Хутуриди ва Ю.Расческинлар эди.
1968 йилда Собиқ Иттифоқ чемпионатида халқаро тоифадаги спорт устаси Эркин Каримов биринчи ўринни эгаллаган, у силтаб кўтаришда 156 кг натижа билан жаҳон рекордини ўрнатган.
1970 – 1980 йилларда кўплаб халқаро тоифадаги спорт усталари тайёрланди. Булар Э.Каримов, Л.Куртаметов, А.Картунов, Н.Мухамедияров, Г. Маляр ва В. Богуцкийлардир.
1982 йилда андижонлик Наил Мухамедьяров ўсмирлар ўртасидаги Европа биринчилигида биринчи ўринни эгаллади.
1988 йилда Сеулда бўлиб ўтган XXIV Олимпия ўйинларида Наил Мухамедьяров 90 кг гача бўлган вазн тоифасида икки курашда 400 кг натижа кўрсатиб кумуш медали соҳиби бўлди.
1989 йилда жаҳон чемпионатида наманганлик С. Сырцов 90 кг вазн тоифасида иккикурашда 402,5 кг натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди.
1990 йилда Европа чемпионатида 67,5 кг вазн тоифасида С.Казадаев 2-ўринни эгаллади. Худди шу йили жаҳон биринчилигида иккикурашда 312,5 кг билан 2-ўринни забт этди.
1991 йилда Германияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иккита спортчимиз – С.Сырцов ва И.Содиқов жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлдилар.
6. Мустақилликдан сўнг оғир атлетикачиларимизнинг халқаро майдонлардаги иштироклари
1992 йилда МДҲ давлатлари терма жамоаси таркибида С. Сырцов XXV Олимпия ўйинларида (Испания) иштирок этиб, 90 кг гача бўлган вазн тоифасида иккикураш якунларига кўра 412,5 кг жамғариб, кумуш медални қўлга киритди.
1993 йилда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси Халқаро оғир атлетика федерациясининг расмий аъзоси бўлди. 1993 йилдан бошлаб Осиё, жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси мустақил давлат сифатида иштирок эта бошлади.
Шу йилнинг ўзида ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида (Польша) А. Манушев 105 кг дан юқори вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлди. У даст кўтаришда 167,5 кг, силтаб кўтаришда 205 кг натижа кўрсатди.
1994 йилда XII Осиё ўйинлари (Япония) бўлиб ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 5 нафар спортчи қатнашди. Улардан 100 кг гача бўлган вазн тоифада Д. Фролов 3 – ўринни, 108 кг дан ортиқ бўлган вазн тоифада И. Халилов 3-ўринни эгалладилар. Натижада Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг 24 та мамлакатлари ўртасида фахрли 6 – ўринни эгаллади.
1995 йилда оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати (Хитой) бўлиб ўтди (Олимпия ўйинларига иштирок этиш йўлланмаси). Бу мусобақада ҳам ўзбек оғир атлетикачилари иштирок этдилар: 56 кг- В. Янский 12- ўринни, 94 кг гача – А. Ўринов 11-ўринни, 108 кг гача В. Манушев 16-ўринни эгаллаганлар. Ўзбекистон терма жамоаси 116 та давлатлар қаторида 16 – ўринни эгалладилар ва Олимпия ўйинларига 5 та йўлланмани қўлга киритдилиар.
1996 йилда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида (Жанубий Корея) 3 нафар спортчи қатнашди: Б. Нуруллаев – 3-ўринни, И. Халилов 3 – ўринни, У.Махмудов 5-ўринни эгаллашга мушарраф бўлдилар.
Шу йилнинг ўзида ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида (Жанубий Корея) бизнинг ўсмир оғир атлетикачиларимиз қуйидаги ўринларни эгалладилар: У.Махмудов 1-ўринни, Ф.Ўразимбетов 2-ўринни ва Б.Казадаев 3-ўринни.
1998 йилда ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати (Хитой) Ўзбекистон миллий терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Мустақил Ўзбекистон тарихида Қитъа чемпионати Осиё кубогни қўлга киритган илк жамоага айланди. Унинг таркибида қуйидаги спортчилар қатнашдилар; Р.Жумамуродов 1 та кумуш ва 2 та бронза, К.Баязитов 3 та бронза, С.Рахмонов 1 та кумуш ва 2 та бронза, У.Махмудов 1 та олтин ва 2 та кумуш А.Азизов 3 та бронза, М. Аюпов 3 та кумуш, Б. Эргашев 3 та бронза.
XIII Осиё ўйинларида (Бангкок) терма жамоа таркибида 8 нафар спортчи қатнашди ва мамлакатимиз оғир атлетикачилари умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади. И.Халилов 2-ўрин ва Б.Нуриллаев 3-ўринга сазовар бўлдилар.
1999 йил ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати (Хитой) бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида қуйидаги оғир атлетикачилар иштирок этдилар:
Ёшлар: И.Гумеров 69 кг вазн тоифасида 1 ўринни, А.Мамбеков 105 кг вазн тоифасида 3- ўринни, Б. Эргашев 105 кг вазн тоифасидан юқори 2- ўринни эгаллади.
Ўсмирлар: М. Тоғаев 62 кг вазн тоифасида ва Б.Усмонов 85 кг 1- ўринни, В. Ким 94 кг Х. Нурметов 105 кг Г. Давлетов +105 кг вазн тоифасида 2-ўринни, Д. Ким 69 кг Б. Базаров77 кг вазн тоифасида 3-ўринни эгалладилар.
2000 йилда Осиё чемпионатида (Япония) И.Халилов 105 кг дан юқори вазн тоифасида 1- ўринни, Б.Нуриллаев 85 кг вазн тоифасида 2-ўринни ва Ф.Ўразимбетов 94 кг вазн тоифасида 3- ўринни эгалладилар. Ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида (Корея) Б.Усмонов 85 кг вазн тоифасида 1-ринни ва О .Асатуллаев 94 кг вазн тоифасида 2-ўринни эгалладилар.
2001 йилда ёшлар ўртасида Осиё чемпионати (Хитой) бўлиб ўтди Унда 6 нафар спортчи қатнашди: Б. Усмонов 85 кг вазн тоифасида 1- ўринни, С. Раупов ва Р. Жумамуродов 69 кг вазн тоифасида, Ш. Юсупов 77 кг вазн тоифасида, Ф. Нажмитдинов 94 кг вазн тоифасида, А. Мартимянов +105 кг вазн тоифасида 3-ўринни эгалладилар.
2002 йилда ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати (Тайланд) ўтказилди.
М.Тагаев 62 кг вазн тоифасида, В.Тен 85 кг вазн тоифасида 1-ўринни, Ф.Саидов 77 кг вазн тоифасида 2-ўринни, Р.Алпанов 51 кг вазн тоифасида 3 ўринни эгалладилар.
Талабалар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида (Туркия) Ўзбекистон талабалари жамоаси умумжамоа ҳисобида 3-ўринга сазовар бўлдилар. Б.Нуриллаев 85 кг вазн тоифасида 2-ўринни, М.Тагаев 69 кг вазн тоифасида, А.Мамбеков105 кг вазн тоифасида 3-ўринни эгалладилар.
XIV Осиё ўйинларида (Корея) Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 6 нафар спортчи қатнашди, улардан; Б.Нуруллаев 85 кг вазн тоифасида 3-ўринни, И.Халилов 105 кг дан юқори вазн тоифасида 2 ўринни эгалладилар, умумжамоа ҳисобида эса 5-ўринни қўлга киритдилар.
2003 йилда ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати (Индонезия) унда ёш оғир атлетикачиларимиз М.Тагаев, Б.Усмонов, Ф.Саидов - 2 ўринни ва Ш.Алиходжаев 3 ўринни эгалладилар.2004 йилда ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати (Белоруссия) ўтказилди. Б.Усмонов 3 ўринга сазовор бўлди. Шу йилнинг ўзида талабалар ўртасида жаҳон чемпионатида (АҚШ) М.Тагаев 69 кг вазн тоифасида ва Б.Усманов 94 кг вазн тоифасида 2-ўринни эгаллашдилар.
2005 йил Ўзбекистон оғир атлетика Федерациясининг ташаббуси билан Чирчиқ шаҳрида ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати Ўзбекистонда ўтказилди. Унда терма жамоамиз таркибида иштирок этган оғир атлетикачиларимиз кўйидаги ўринларга сазавор бўлишди. Улардан:
Ўсмирлар: Л.Гулямов, А.Усмонов 1-ўрин, Ф.Саидов Ш.Тураев Б.Ражабов Ш.Алихонов 2- ўрин.
Ёшлар: Е.Асланова 2-ўрин, И.Ефремов, А.Переверзов ва М.Тагаева 3-ўрин.
2006 йил XV Осиё ўйинларида (Доха, Қатар) А.Мартемянов 3- ўринни эгаллади.
2008 йил Олимпия ўйинларида (Пекин, Хитой) спортчиларимиз иштирок этиб, Ш.Юсупов 77 кг вазн тоифасида 16 ўринни ва 85 кг вазн тоифасида М.Чашемов 7 ўринни эгалладилар.
2010 йилда жахон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида биринчи бор умумжамоа ҳисобида 4- ўринни эгаллади. XVI Осиё ўйинларида (Гуанчжоу, Хитой) М.Чашимов 85 кг вазн тоифасида 372 кг натижа ва И.Ефремов 105 кг вазн тоифасида 400 кг натижа билан 2- ўринни эгаллашдилар.
2011 йилда жахон чемпионатида (Париж) Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олимпия ўйинларига йўлланмани кўлга киритишди. Ўзбекистон терма жамоасидан энг юқори натижани кўрсатган спортчимиз Р.Нуриддинов силтаб кўтариш машқида 2-ўринни эгалади.
ХХX олимпия ўйинлари (Лондон) терма жамоа таркибида 8 нафар спортчи қатнашди. И.Эфремов 5-ўрин ва Р.Нуриддинов 4-ўринга сазовар бўлдилар.
(Давоми бор)
Назорат саволлар:
1. Атлетизм ватани.
2. Қандай штангалардан атлетлар фойдаланганлар?
3. Қачон ва ким томонидан штанга такомиллаштирилган?
4. Собик Иттифоқ даврида оғир атлетика тўгараги қачон очилди ва унинг асосчиси ким?
5. Мусобақа қоидалари қандай бўлган?
6. Қачон ва қаерда биринчи мусобақалар ўтказилган?
7. Ўзбекистонда оғир атлетика тўгараги қачон очилди ва унинг асосчиси ким?
8. Қайси ўзбек оғир атлетикачилар олимпия ўйинларида иштирок этишди?
9. Мустақилликдан сўнг ўзбек оғир атлетикачиларининг ютуқлари қандай?