May 26, 2020

“Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари” ташкил этилади.

Юридик хизматлар кўрсатиш марказларини ташкил этиш борасида

Давлат раҳбарининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши юридик хизмат соҳасини такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди дейиш мумкин.

Бугунги кунда миллий қонунчилик базасининг сифат жиҳатдан юқори даражага кўтариш, қонун устуворлигини таъминлаш ва энг муҳими меҳнат жамоаларида қонунчиликни мунтазам равишда тарғиб қилиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва бу орқали жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш жараёнида давлат органи ва ташкилоти фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида ташкил қилиниши билан аҳамятлидир.

Юридик хизмат

Мазкур Фармон билан давлат органлари ва ташкилотларига сифатли юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Наманган шаҳри ва Қарши туманларида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказларини ташкил этиш белгиланди.

Фармонга кўра, ушбу марказлар бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этилиб, тегишли ташкилотда қонун ҳужжатлари билан юридик хизматларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади. Бунда энг аввало, давлат органи ва ташкилотида ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш, ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бориш, қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлаш масалаларида уларнинг тузилмалари ишини мувофиқлаштириш, ходимларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва аҳамиятини, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали етказишда иштирок этиш, шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, давлат органи ва ташкилотининг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш юридик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланиди.

Наманган шаҳри ва Қарши туманларида жорий қилинаётган эксперимент натижалари асосида 2021 йил 1 январга қадар ушбу тизимни республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этиш режалаштирилган.

Жорий этилаётган бундай янги тартиб юридик хизмат ходимларининг ўзи хизмат кўрсатаётган давлат органи ва ташкилотининг раҳбариятига бўйсунув ва қарамликдан холис қилиб, қонун доирасида эркин фаолият юритишига мустаҳкам замин яратиб, қонун бузилишлари, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширувчи мустаҳкам тизимга айланишига хизмат қилади.

Бинобарин, юридик хизмат ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган ташкилотда, албатта, барча ишлар қонун талаблари асосида олиб борилади ва қонунийлик мустаҳкамланади.

Жалақудуқ туман адлия бўлими

бош маслаҳатчиси Ш.К.Юсупов

Жалақудуқ шаҳар, Ўзбекистон кўчаси 2-уй.
26. 05.2020 йил