МУЛК ҲУҚУҚИНИНГ СУБЪЕКТЛАРИ ТУШУНЧАСИ ВА ТАСНИФИ
Мулк ҳуқуқининг субъектларини таснифлаш, уларнинг ўзига хос хусу- сиятларини ҳамда ҳуқуқий ҳолатини ифодалашдан аввал, фуқаролик ҳуқуқининг субъекти тушунчасига умумий изоҳ бериш ўринлидир. Зеро, мулк ҳуқуқининг субъекти аввало, фуқаролик ҳуқуқининг субъекти ҳисобланади.
Фуқаролик ҳуқуқининг субъектлари - ҳуқуқ лаёқатига эга бўлган фуқаролик ҳуқуқи билан тартибга солинадиган муносабатларнинг иштирок- чиларидир. Яъни улар фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда иштирок этиш орқали муайян ҳуқуқ ва ва бурчларга эга бўладиган, ўз зиммасига муайян мажбуриятларни оладиган шахслардир.
Ўз мақомига кўра фуқаролик ҳуқуқининг субъекти бўлган шахслар мулкий муносабатларда мулк ҳуқуқининг субъекти сифатида иштирок этадилар. Содда қилиб айтиладиган бўлса, мулк ҳуқуқининг субъектлари - мулкдор бўла оладиган, мулкни эгаллаш (қўлга киритиш) ва уни тасарруф қилиш лаёқатига эга бўладиган шахслардир.
Амалдаги фуқаролик қонунчилиги мулк ҳуқуқининг субъектларини қуйидаги уч тоифага туркумлайди:
• фуқаролар;
• юридик шахслар;
• давлат.
Мулк ҳуқуқининг субъектлари мулкни қўлга киритиш, унга эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этишдаги ўзига хос хусусиятлар ҳуқуқ лаёқатининг вужудга келиши ва тугатилишига кўра бир-биридан фарқланади. Лекин ушбу субъектлар учун умумий бўлган хусусият шунда ифодаланадики, уларнинг барчаси мулкий муносабатларда бир хил ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлади ҳамда қонун томонидан тенг ҳимоя қилинади.
Ушбу тамойил Конституция даражадасида ўз ифодасини топган бўлиб, давлат барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Ҳуқуқ ҳар қандай шахсни ҳам мулкий муносабатларнинг субъекти сифатида эътироф этмас экан, мулк ҳуқуқи субъектларига хос белгилар ҳақида алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқдир.
ФУҚАРОЛАР МУЛК ҲУҚУҚИНИНГ СУБЪЕКТИ СИФАТИДА
Мулк ҳуқуқининг субъекти сифатида фуқароларни эътироф этишда дастлаб фуқаролик қонунчилигида белгиланган “фуқаро” тушунчасига изоҳ бериш лозим
Фуқаролик қонунчилигида “фуқаро” атамаси фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан эмас, бошқа давлатларнинг фуқаролари, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан ҳам татбиқ қилинади. Шу сабабли фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда, хусусан, мулкий муно- сабатларда “фуқаро” атамаси ва “жисмоний шахс” атамасини айни бир тушунча сифатида билиш тўғри ҳисобланади.
Бундай ҳуқуқий ёндашув мулк ҳуқуқининг барча жисмоний шахсларда уларнинг фуқаролигидан қатъий назар тенг эътироф этилишининг тасдиғи ҳисобланади.
Фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати.
Фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати у туғилган пайтДан эътиборан вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди.
Фуқаролик ҳуқуқ лаёқати фуқароларга ўзларининг моддий ва маданий эҳтиёжларини қондириш мақсадида хилма-хил ҳуқуқий муносабатларга киришишнинг юридик имкониятини беради.
Фуқаролар ҳуқуқ лаёқатининг мазмунини ташкил этувчи ҳуқуқларнинг асосий қисми мулкий муносабатлар билан боғлиқ эканлиги уларнинг нақадар узвий эканлигини кўрсатади (мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлишлари; мол-мулкни мерос қилиб олишлари ва васият қилиб қолдиришлари; банкда жамғармаларга эга бўлишлари ва ҳ.к.).
Қайд этилганидек, фуқароларнинг ҳуқуқ лаёқати уларнинг туғилган пайтида юзага келади ва туғилиш факти юридик аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли у фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимида рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Гарчи ҳуқуқ лаёқати фуқаронинг туғилиши билан бошланиши, яъни туғилган вақтида мавжуд бўлган муносабатларга нисбатан юзага келиши белгиланган бўлсада, қонунда ҳуқуқ лаёқатининг фуқаронинг туғилишидан олдин юз берган муносабатларга нисбатан ҳам таъсир этиши ҳолатлари белгиланган.
Қонун фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати тугашини ўлим факти билан белгилаши сабабли, ўлимнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан қайд этилиши ёки суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши ҳуқуқий жиҳатдан аҳамиятлидир.
Мулк ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатлар фуқаролар ҳуқуқ лаёқати мазмунининг кенг ва аҳамиятли бир қисмини ташкил этади.
Шу туфайли ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этиш лозимки, фуқаролар туғилиши билан вафот этгунига қадар мулк ҳуқуқининг субъекти бўладилар
Фуқаролар ўз ҳуқуқ лаёқатини намоён этишлари, мулк ҳуқуқининг субъекти сифатида муносабатларга киришишлари учун қуйидаги икки ҳолатнинг мавжуд бўлиши талаб қилинади:
• фуқаронинг исми;
• фуқаронинг яшаш жойи.
Фуқаронинг исми.
Қонунга кўра фуқаро ўз фамилияси ва исми, шунингдек, отасининг исми билан ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлади ҳамда уларни амалга оширади. Фуқаронинг ўз исмини ўзгартириши аввалги исми билан олган ҳуқуқ ва бурчларини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди.
Бошқа шахс исмидан фойдаланиб ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлишга йўл қўйилмайди.
Фуқаронинг яшаш жойи.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 21-моддасига кўра фуқаронинг доимий ёки асосан яшаб турган жойи унинг яшаш жойи ҳисобланади.
Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг (кичик ёшдаги болаларнинг) ёки васийликда бўлган фуқароларнинг қонуний вакиллари - ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки васийлари яшайдиган жой вояга етмаганлар ёки васийликда бўлган фуқароларнинг яшаш жойи ҳисобланади.
Мазкур икки ҳолат фуқароларнинг мулк ҳуқуқининг субъекти сифатида мулкий муносабатларга киришишларида аҳамиятли бўлиб, ушбу муносабатлардан келиб чиқувчи ҳуқуқ ва бурчлар фуқаронинг исми ва яшаш жойи билан узвий боғлиқ бўлади.
Фуқаронинг муомала лаёқати.
Фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини амалга ошириш учун уларнинг муомала лаёқатининг мавжудлиги муҳим аҳамият касб этади ва зарурий шарт ҳисобланади
Фуқаронинг муомала лаёқати - унинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқатидир.
Қонунда фуқаронинг муомала лаёқатини тўлиқ амалга ошириши учун тегишли босқичлар белгиланган бўлиб, тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлгунига қадар фуқарода айниқса, мулк ҳуқуқининг субъекти сифатида муайян ҳаракатларни амалга оширишда чекловлар мавжуд.