June 16, 2020

Тадбиркорлар иштирокида семинар ўтказилди.

Жорий йилнинг 15 июнь куни Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини химоя қилиш бўйича вакил девони (Бизнес омбудсман) вакили, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси вилоят бошқармаси ҳамда "Ермулккадастр" давлат корхонаси билан ҳамкорликда Ангор туманида фаолият юритувчи тадбиркорлар иштирокида тадбиркорлик фаолияти учун ер майдонлари ажратишга оид барча жараёнларни тушунтириш бўйича семинар ўтказилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1023-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг мазмун-моҳияти, "YERELEKTRON" AAТга ер участкаларини жойлаштириш, www.e-auksion.uz сайтида рўйхатдан ўтиш, лотга ариза бериш, аукционда иштирок этиш тартиблари амалий мисоллар билан тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, Ангор туман давлат хизматлари маркази масъул ходими томонидан давлат хизматлари марказларида жисмоний шахслар "Е-IJRO AUKSION" савдо майдончасида электрон онлайн-аукционда иштирок этишлари учун зарур шароитлар ва имкониятларга эга бўлган алоҳида хона ажратилганлигини, давлат хизматлари маркази ходимлари фуқароларга электрон онлайн-аукционда иштирок этиш бўйича зарур тушунтириш ва ёрдам беришга тайёр эканлигини айтиб ўтди.

Бу каби семинарлар вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларида (вилоятдаги эпидемиолигик вазиятдан келиб чиққан ҳолда қизил ҳудудларда онлайн шаклда) ўтказилиши белгилаб олинди.

Тадбиркорлик фаолияти учун ер участкалари олиш тартибларини тушунтириш бўйича тайёрланган видеоролик, буклет ва флаерлар ижтимоий тармоқлар орқали ҳам аҳоли эътиборига етказилмоқда.

Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси