Таълим кредити кимларга, қандай тартибда берилади?
Банклар томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун уларнинг ўзларига, ота-оналари ёки васийларига таълим кредитлари берилиши мумкин.
Таълим кредитлари талабалар учун бакалавриатга ўқишга қабул қилинганда 10 йилгача ва магистратурага ўқишга қабул қилинганда 5 йилгача бўлган муддатга берилади.
✅ Банклар томонидан берилган таълим кредитлари бўйича:
👉 чин етимлар, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганлар ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганларга – ноль фоиз ставкаси (фоизсиз кредит);
👉 талабаларнинг қолган тоифаларига — 2020 йил 1 январдан бошлаб фоиз харажатларининг бир қисмини "Yoshlar — kelajagimiz" жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш механизмидан фойдаланиш имконияти билан бозор ставкалари белгиланади.
✅ Таълим кредити учун банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
• ариза;
• тўлов-контракт шартномаси (контракт);
• кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат;
• имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, "Меҳрибонлик уйлари"да тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганлар, кам таъминланган оилалардан чиққанлар тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.
ЭСЛАТМА: Қарз олувчи юқоридаги ҳужжатларни банкка тақдим этиш билан айни бир вақтда паспортини шахсан кўрсатади. Банк паспортдан ва тақдим этилган бошқа ҳужжатлардан зарур кўчирмалар ва нусхалар олишга ҳақлидир.