ЎҚИШНИ КЎЧИРИШ (перевод) ҳақида нималарни биламиз?
Ўқишни кўчириш:
Олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида:
- бир олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича.
Олий таълим муассасаси бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори асосида:
- олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича бир вазирлик (идора) доирасида бошқа олий таълим муассасасига;
- олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича турли вазирлик (идора) доирасида бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига.
Давлат комиссияси қарори асосида:
- хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига;
- бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик ёки идора ёхуд турли вазирликлар ва идоралар тизимидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган таълим йўналишларига ва истисно тариқасида мос бўлмаган мутахассисликларига.
Давлат олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.
Ўқишини кўчириш бўйича аризалар:
- ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар қабул қилинади;
- олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига (бир олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича ўқишни кўчиришда);
- Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган Ҳудудий ишчи гуруҳларга (қолган барча ҳолатларда) топширилади.
Ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқаро қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- кўчиришни истаган таълим йўналиши (мутахассислиги), ўқув тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза (аризада ўқиган олий таълим муассасаси ва таълим йўналиши (мутахассислиги), таълим шакли, мақсадли қабул бўйича ўқишга кирмаганлиги, кўчириш сабаблари, кўчириш қоидалари билан танишганлиги кўрсатилади);
- талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари;
- паспортнинг нусхаси.
Хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тизимида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларда ташкил қилинган комиссияларда ўқиши кўчирилаётган олий таълим муассасаларининг муайян таълим йўналишидаги ўқишга кириш фанлари бўйича ўқийдиган тилида махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш ёки касбий (ижодий) имтиҳон шаклида) топширади.
Халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатдан жой олган Россия Федерацияси олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларнинг аризаларига мувофиқ уларнинг ўқиши Давлат комиссияси қарори билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига синовлар (тест, ёзма иш)сиз тўлов-контракт асосида кўчирилади.
Олий таълим муассасаси, тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссияси аризаларни ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар кўриб чиқиб, қарор қабул қилади.
Батафсил танишиш учун:
https://lex.uz/docs/3244181#3245761