April 10, 2019

Даврон Убайдуллаев: “Японияликлар солиқларни ўзларининг эртангги истиқболига хизмат қилишини яхши англашади!..”

Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси қаерда бўлмасин Ўзбекистон тақдирига бефарқ яшай олмайди. Хусусан, бугун чет элда таҳсил олаётган, илмий изланишлар қилаётган, умуман хорижда бўлсада юртимиздаги ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан яшаб келётган ватандошларимиз кўплаб топилади.

Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати хориждаги ана шундай ҳамюртларимиз иштирокида “Хориждаги ватандошлар” лойиҳасини амалга оширади. Лойиҳа орқали хориждаги юртдошларимиздан улар истиқомат қилаётган мамлакат аҳолисининг солиқ саводхонлиги ва шу каби бошқа қизиқарли маълумотларга эга бўлишингиз мумкин.

Лойиҳамизнинг илк меҳмони Япониянинг Нагоя университетида таҳсил олаётган ҳамюртимиз Даврон Убайдуллаев бўлди.

М.: Даврон келинг, аввало ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз?

Д.У.: 1994 йил Андижон вилоятида туғилганман. 2013 – 2018 йиллар Тошкент давлат юридик университетининг бакалавр босқичида ўқидим. Талабалик йиллари, яъни 2015 йил сентябрдан 2016 йил августига қадар Япониянинг Киото шаҳридаги Ритсумеикан университетида япон тили ва маданияти изланувчиси сифатида таҳсил олганман. Шу сабабли ҳам бакалаврни тамомлаб магистратурани айнан Японияда эгаллашни мақсад қилдим. Ҳозирда Япониянинг Нагоя университетининг магистратура босқичи – Халқаро хусусий ҳуқуқ йўналишида таҳсил оляпман.

М.: Маълумки, Япония аҳолиси дунёнинг энг яхши солиқ маданиятига эга халқлардан бири. Кузатишларингиз натижасида японияликларнинг солиқ саводхонлиги ҳақида нималар дея оласиз?

Д.У.: Японияда асосан, талабалар ва ўқитувчилар билан кўп мулоқотда бўламан. Охирги вақтлар ушбу давра кенгайиб адвокатлар ва бошқа соҳа эгалари билан ҳам мулоқот қиляпман. Кузатишларим натижасида япон халқининг солиқ саводхонлиги анча юқори даражада эканлигига гувоҳ бўлдим. Хусусан, бу ерда Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган солиқ турлари бор. Истеъмолчи солиғи ана шундай солиқ турларидан бири. Мазкур солиқ тури маҳсулот нархининг 8 фоизини ташкил этади. Буни барча японияликлар жуда яхши билишади.

Шунингдек, кўп япон талабалари ўқиш даврида баито – part time jobда ишлашади. Масалан, талабалар йилига 1 200 000 иена (тахминан 10 000 доллар)дан кўпроқ даромад қилсалар, даромад солиғини тўлаш керак эканлигини яхши билишади. Қолаверса, улар оиладан бошқа шаҳарда ўқишганлиги боис, шу даврдан мамлакатдаги мавжуд солиқ ва тўловларни ўзлари мустақил амалга оширади. Ва шу даврдан солиқ тизими ҳақида тасаввурлари ривожлана бошлайди.

Эътиборлиси, японияликларда солиқдан қочиш кайфияти деярли йўқ. Чунки улар тўлаган солиқлар ўзларининг эртанги истиқболига хизмат қилишини яхши англашади.

М.: Келгусидаги мақсадларингиз қандай?

Д.У.: Магистратура босқичини тамомлагандан сўнг, Нагоя университетида PhD босқичида докторонтурани давом эттирмоқчиман. Таҳсилни тамомлаб албатта Ўзбекистонга қайтаман. Юртимизда адвокат сифатида хизмат қилиб, ҳуқуқий соҳада ҳам илмий изланишлар қилиш мақсадидаман.

ДCҚ Матбуот хизмати

#yangi_loyiha

#xorijdagi_vatandoshlar