April 3, 2021

Ваколат муддати тугаган судьянинг кейинги тақдирига қанча муддатда ойдинлик киритилади?

“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонун 2017 йилнинг 6 апрелидан кучга кирган. Орадан икки йил ўтиб (2019 йил, сентябрь), унга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Улар орасидаги энг муҳими - мазкур қонун янги -241-моддаси билан тўлдирилди.

Мазкур моддада  судьянинг ваколати муддати тугаганидан кейин уни яна шу ёки бошқа судьялик лавозимига тайинлаш тартибларига узил-кесил аниқлик киритилган. Янги нормага мувофиқ, ваколати муддати тугаган судьянинг кейинги тадирига уч ойдан ошмаган муддатда ойдинлик киритилиши керак. Яъниким, шу муддат ичида Судьялар олий кенгаши ваколат муддати тугаган судьянинг яна шу лавозимда фаолиятини давом эттиришига муносиб ёки номуносиблиги масаласини кўриб чиқиши лозим. Бу вақт мобайнида ваколат муддати тугаган судьяга маоши миқдорида компенсация тўлаб борилади.

Аввал ваколат муддати тугаган судьянинг кейинги тақдирига қанча вақтда ойдинлик киритиш масаласи очиқ қолган бўлиб, бу мавҳумлик турли тушунмовчилик, ҳатто коррупция эҳтимолини пайдо қилар эди. Қонунга киритилган мазкур қўшимча бундай эҳтимолларга нуқта қўйди.

Қисқаси, тўғри ва виждонан ишлаган судьянинг янги муддатга тайинланишида (сайланишида) ортиқча муаммо йўқ. Акс ҳолда, у ўзидан ўпкалаши лозим.