Карантин даврида фарзандлари мактабгача таълим муассаси тарбияланувчиси ёки бошланғич синф ўқувчиси бўлган ота-оналарга меҳнат таътили бериш тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 28 мартда 3227-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, Меҳнат таътили карантин даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиси бўлган боланинг ва умумтаълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчиси, яъни
1-синфдан 4-синфгача бўлган ўқувчининг ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс, васий, ҳомийсига берилади. Карантин даврида меҳнат таътили ходимнинг хоҳишига кўра ташкилот томонидан тасдиқланган таътиллар жадвалидан қатъи назар берилади. Бунда, ходимга биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин таътил беришга оид талаб татбиқ қилинмайди. Агар ходим карантин даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилишидан олдин меҳнат таътилини олган бўлса ёки карантин даврида меҳнат таътилини олишни хоҳламаса, иш берувчи ходимнинг хоҳишига кўра қуйидагиларни амалга ошириши мумкин:
ходимни масофавий иш усули, мослашувчан иш графиги ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиши;
ходимга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши.
Меҳнат таътили берилиши ходимлар иш берувчи номига меҳнат таътилини берилиши бўйича сабаби ва санасини кўрсатган ҳолда ёзма ариза тақдим этадилар.
Ходимнинг хоҳишига биноан, аризада сўралаётган меҳнат таътилининг давомийлиги кўрсатилиши мумкин, аммо бу муддат ташкилотнинг жамоа шартномасида ёки бошқа локал ҳужжатларида белгиланган, меҳнат шартномаси шартларига асосан меҳнат таътили кунларидан ошиб кетмаслиги керак.
Шу билан бирга, ушбу қоида ҳам асосий, ҳам узайтирилган меҳнат таътиллар, шунингдек йиллик қўшимча таътиллар, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ва бошқа норматив ҳужжатларда ҳамда меҳнат шартномасида белгиланган ҳолатларда татбиқ этилади.
Меҳнат таътилининг давомийлиги олти кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади. Меҳнат таътили даврига тўғри келадиган ва меҳнат таътили муддатини аниқлашда иш куни ҳисобланмайдиган байрам кунлари ҳисобга олинмайди, меҳнат таътили берилиши куни эса якшанбага тўғри келмаслиги керак.
Иш берувчи ходимдан меҳнат таътилига чиқиши ҳақида ариза олган куни меҳнат таътилининг бошланиш ва тугаш санасини кўрсатган ҳолда ходимга меҳнат таътилини бериш тўғрисида буйруқ чиқаради.
Меҳнат таътили учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади. Аммо, агар меҳнат таътили ариза берилган кундан кейинги кун ёки кейинги икки кун ичида талаб қилинган ҳолатларда, иш берувчи уни меҳнат таътили олиш учун ариза олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида тўлаши шарт ва меҳнат таътили ҳақини ходимнинг яшаш жойига етказиб берилишини таъминлаши ёки иш ҳақи ва даромадлар билан боғлиқ бошқа тўловларни олиш учун мўлжалланган ходимнинг банк картасига тўлаш орқали амалга оширади.
Агар мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилиши давом этиши муносабати билан ходимнинг меҳнат таътили тугаш куни ишга чиқиш имконияти мавжуд бўлмаса, иш берувчи номига қуйидаги мазмундаги аризани юборади:
муддати ва бошланиш санаси кўрсатилган иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил олиш бўйича;
масофавий иш усули, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиш бўйича.
Аммо, ҳодим меҳнат таътилида бўлган даврда мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасалари фаолияти тикланса ёки ходимнинг меҳнат таътилида қолиш эҳтиёжи бўлмаса, ходим муддатидан олдин ишга чиқиш бўйича ёзма равишда ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Бунда, иш берувчи ушбу аризани қаноатлантириши лозим.Бунда таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми тасдиқланган таътиллар жадвалига мувофиқ ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув асосида белгиланган бошқа муддатга, шу жумладан кейинги календарь йили учун меҳнат таътилига қўшиш орқали кўчирилиши мумкин.
Агар ходим иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилдаёки масофавий иш усули, мослашувчан иш графиги ёхуд уйда ишлашда бўлган даврда мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тикланса, ходим муддатидан олдин ишга чиқиш ёки одатий, тўлиқ иш режимига ўтказиш бўйича ёзма ариза билан мурожаат қилиши мумкин, иш берувчи эса, ушбу аризани қаноатлантириши лозим.
Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганлиги сабабли ходим таътилга чиққан даврида, ходимни таътилдан чақириб олишга йўл қўйилмайди.
Cаъдулла Абраев Қизириқ туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси