November 6, 2019

Бугун "Ҳуқуқий билимлар куни" адлия сайли тадбирининг навбатдагиси Жарқўрғон туманида ўтказилди.


Адлия сайли ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий-маърифий, спорт ҳамда бепул юридик маслаҳат ва сайёр қабул йўналишларида ташкил этилди.




Тадбир очилиш қисмини санъаткорлар ҳамда мактабгача таълим муассасаларидаги тарбияланувчи болаларнинг чиқишлари билан бошланди ва миллий либослар, каштадўзлик ва ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда китоблар ярмаркаси тадбирга ташриф буюрган фуқаролар учун айни муддао бўлди.



Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан мавжуд бўш иш ўринлари юзасидан ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 5 нафар фуқаро ўзига мос бўлган иш билан таминланди.



Шунингдек, адлия сайли давомида кекса ёшдаги отаҳонлар учун "Нуронийлар бурчаги" ҳам ташкил этилган бўлиб, унда спортнинг шахмат тури бўйича адлия кубоги ташкил этилди.



Адлия сайлида "Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилади" деган шиор остида фуқаролар ва тадбиркорлар учун адлия бошқармаси Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси раҳбарияти томонидан сайёр қабул ташкил этилди.



Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарорига асосан жорий йил 20 октябридан 20 ноябрига қадар ўтказилаётган "Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги" муносабати билан махсус ташкил этилган павильонда Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссиясининг аъзоси С.Қурбонқулов иштирок этиб, жорий йилда илк бор сайловда қатнашадиган ёшлар билан савол-жавоб тарзида мулоқот ўтказди.


Адлия сайли якунида тадбирда фаол қатнашган иштирокчилар адлия бошқармасининг қимматбаҳо эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.



Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими.