April 20, 2020

Карантин вақтида тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилмоқда.



Дунё бўйлаб, шу жумладан бизнинг юртимизда кечаётган оғир вазиятда, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан ишлаб чиқариш, саноат, хизмат кўрсатиш ва иқтисодиёт тармоғи ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмини янада қўллаб-қуватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан қисқа вақт ичида муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 3 апрель куни имзоланган ПФ-5978-сон “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам пандемия билан курашиш борасида муҳим қадам бўлди.

Ушбу Фармонга мувофиқ, иқтисодиётимизни барқарор ишлашини таъминлаш, қийин вазиятда тадбиркорлар, ҳунарманд, фермерлар ва корхоналарни фаол қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли аниқ чоралар белгиланди.

Жумладан, тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида молиявий қийинчилликка дуч келган корхоналарга банкротлик тартиб-таомилларини қўллаш ва уларни банкрот деб эълон қилишга 2020 йил 1 октябргача манаторий жорий этилиши, карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилиши, бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилиниши, ўз фаолиятини тўхтатилишига мажбур бўлган тадбиркорлар томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилиши, йил якунигача фоизсиз молиявий кўмак тақдим этилганда қайта молиялаш ставкаси асосида аниқланган даромадга айланмадан солиқ ҳамда фойда солиғи солинмаслиги, 2020 йил 1 октябргача дорихоналарда тайёрланган дори воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа маҳсулотларни улгуржи сотишга рухсат берилиши, 2019 йил якунлари бўйича мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни аудиторлик текширувидан ўтказиш муддати 2020 йил 1 октябргача узайтирилиши белгиланди.

Шунингдек, Фармонга кўра, жорий йилнинг март—июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаш уларни тўлашни янги муддатда давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга (бироқ бола тегишлича 2 ёшга ва  14 ёшга тўлгунидан кўп бўлмаган муддатда) танаффуссиз давом эттирилиши ҳамда  ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўлашни узайтириш билан боғлиқ харажатлар Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қопланиши белгилаб берилди.

Яна бир муҳим жиҳат, Фармон билан аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланмоқда.

Хусусан, жорий йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмаслиги белгиланмоқда. Мазкур ҳолат, шубҳасиз, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмол товарларининг нархларини ошиб кетмаслигига хизмат қилади.

Шу билан бирга, Фармонга асосан карантин даврида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга асосий озиқ-овқат ва гигиена товарларини бепул етказиб бериш вазифалари ҳам белгилаб берилмоқда.

Ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, юртимизда вужудга келган қийин вазиятда, давлатимиз раҳбари томонидан тўғри фармонлар қабул қилинмоқда, барча соҳаларда ишлар тўғри ташкил қилинмоқда, минглаб масъул ходимлар куни-тун фидокорона меҳнат қилмоқда.

Ҳозирги кунда, коронавирус пандемияси билан курашиш, мамлакатимизда тиббий чораларни кўриш билан бир қаторда, юртимизнинг барча фуқаролариданкатта масъулият, темир интизом ва сабр-тоқатни талаб этмоқда.

Шунга кўра, барчамиз давлатимиз раҳбари атрофида янада жипслашиб, ушбу оғир дамлардабарча қийинчиликларни енгишда сабр-матонатли бўлишимиз ҳамда карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз зарур бўлади.


  Нодир Мамадиев

Бойсун туман адлия бўлими бошлиғи