Ноқонуний ҳоким қарори бекор қилинди!
Бойсун туман адлия бўлими томонидан тумандаги “Косиблар” МФЙда яшовчи тадбиркор фуқаро Т.Қўчқоров ва бошқаларнинг ўзларига тегишли савдо дўконлари қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид равишда ва мулкдорларнинг розилигисиз бузилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасига кўп қаватли уй-жойлар қуриш режалаштирилаётганлигидан норози бўлиб ҳамда мазкур бузилиши режалаштирилаётган савдо дўконлари жойлашган ер майдонига ўзлари замонавий кўп қавватли савдо дўконлари қуришларига амалий ёрдам беришни сўраб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида аниқланишича, Бойсун туман ҳокимининг 2021 йил 20 апрелдаги Q-772-сон “Бойсун тумани “Тузбозор” маҳалласида “Беруний” кўчаси ёққасида жойлашган нотурар жой бинолари ўрнидан компенцация маблағларини олдиндан тўлиқ тўлаб бериш ёки бино билан таъминлаш шарти билан бузиб, ўрнидан битта кўп қавватли турар-жой биноларини қуриш учун ер майдонини “Назари Қушбеги” хусусий кичик корхонасига ажратиб бериш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
“Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги низомнинг (кейинги ўринларда Низом деб юритилади) 55-бандига асосан туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси барча мулкдорларга тегишли компенсация берилгандан кейин, шунингдек, турар ва нотурар жойлар, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа бино ва иншоотлар амалда тўлиқ бўшатиб қўйилганидан сўнг икки иш кунида тайёрланиши қайд этилган.
Мазкур Низомнинг 56-бандига кўра, кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина йўл қўйилиши белгиланган.
Шу билан бирга, Низомнинг 57-бандида туман (шаҳар) ҳокимларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорида мазкур ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисида тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори реквизитлари, бузиб ташланиши лозим бўлган кўчмас мулк объектларининг манзилли рўйхати, бузиб ташланиши лозим бўлган кўчмас мулк объектларининг мулкдорларига компенсация тўлиқ берилганлигини тасдиқловчи маълумот, ҳар бир кўчмас мулк объектининг бузиб ташланиши бошланиш санаси ва бузиб ташлаш муддатлари ҳам акс эттирилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Шунга кўра, Бойсун туман ҳокимининг 2021 йил 20 апрелдаги Q-772-сонли қарори мазкур Низом талабларига зид равишда қабул қилинганлиги сабабли қарорни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш учун Бойсун туман адлия бўлими томонидан туман ҳокимлигига 2021 йил 6 май куни тегишли тақдимнома киритилиб, туман ҳокимининг 2021 йил 20 апрелдаги Q-772-сон қарори бекор қилинди.