May 1, 2021

Оммавий аҳборот воситалари соҳасига оид қонунчиликдаги янгиликлар!

Ёлғон хабарлар тарқалишини олдини олиш ва уни тарқатган шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида 2020 йил 25 декабрь куни қабул қилинган Ўзбекистон РеспубликасинингЎРҚ–658-сон Қонуни билан ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Яъни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддасига кўра жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, — БҲМнинг 50 (11 млн 150 минг сўм) бараваридан 100 (22 млн 300 минг сўм)   бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 244-6-моддасига кўра жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача (44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Оммавий ҳаракатлар тартибга солиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритилди. Яни:

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга - Ўзбекистоннинг қонунчилик ҳужжатлари талабларини жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган тарзда бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан ОАВ, телекоммуникация тармоқлари, Интернетдан, шунингдек, матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда омма олдида даъват қилиш БҲМнинг 60 бараваридан 80 бараваригача (14 млн 700 минг сўмдан 19 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 244-моддаси биринчи ва иккинчи қисми қуйидагича тўлдирилмоқда:

Оммавий тартибсизликка ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилиш – БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Агар ушбу хатти-ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникациялар тармоқларидан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек, матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилинса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 121-моддаси
2-қисмига мувофиқ веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер Интернет тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.

Белгиланган мажбуриятлар веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер томонидан бажарилмаган тақдирда, мазкур веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан ёхуд бошқа ахборот ресурсидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда махсус ваколатли орган томонидан чекланиши мумкин.

Ушбу белгиланган талабларни бузганлик қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Ушбу талаблар веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер томонидан бажарилмаганлиги натижасида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган шахслар ўз ҳуқуқларини, шаъни, қадр-қимматини ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш учун, шу жумладан зарарнинг ўрнини қоплаш, маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги даъволар билан белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳақли.

Фуқароларимизга яна шуни эслатиб ўтишимиз лозимки, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилишга сабаб бўлмайди. Шу сабабли қонунчилик талабларига риоя қилишингизни сўраб қоламиз!