May 5

НИЗОМ

Магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

(2-илованинг номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 ноябрдаги 674-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.11.2021 й., 09/21/674/1029-сон)

Олдинги таҳрирга қаранг.

1. Магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган давлат олий таълим муассасалари талабаларига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига биноан тайинланади.

(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 ноябрдаги 674-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.11.2021 й., 09/21/674/1029-сон)

Олдинги таҳрирга қаранг.

2. Талабаларга тайинлаш учун белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси квотаси (йигирма иккита) Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига мувофиқ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланадиган танлов йўналишлари бўйича (ҳар бир танлов йўналишига биттадан стипендия ҳисобидан) тақсимланади.

Бунда, олий таълим муассасалари томонидан номзодлар ҳар бир танлов йўналиши бўйича биттадан тавсия этилиши мумкин.

(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 ноябрдаги 674-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.11.2021 й., 09/21/674/1029-сон)

3. Талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш учун қуйидаги мезонларни бажариш белгиланади:

умумтаълим тайёргарлигини илмий-тадқиқот (ижодий ишлар) ишлари билан уйғунлаштириш;

йўналишлар бўйича конференция (танлов)ларда қатнашиш;

камида иккита эълон қилинган ишлар (асарлар)нинг мавжудлиги;

Олдинги таҳрирга қаранг.

тилларни — давлат тилини ва битта хорижий чет тилни билиш (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари давлат тилларидан ташқари), магистратурадаги мутахассислик хорижий тил бўлган тақдирда эса қўшимча равишда яна битта хорижий тилни билиш талаб қилинади;

(3-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 ноябрдаги 674-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.11.2021 й., 09/21/674/1029-сон)

Ўзбекистон тарихини билиш.

Тилларни, ахборот технологияларини, Ўзбекистон тарихини билиш бўйича талаб даражаларини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиясига талабгорлар ушбу фанлар бўйича ўз билим даражасини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида (минтақалар бўйича) махсус тест синовлари топширадилар. Марказ якуний ведомостларни тест синовлари натижалари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиясига номзодлар кўрсатиш, талабгорлар номзодларининг ўқишдаги ва илмий (ижодий) фаолиятдаги муваффақиятлари оммавий равишда муҳокама қилингандан сўнг, давлат олий таълим муассасаларининг илмий кенгашлари томонидан амалга оширилади.

Талабгорлар дастлабки кўриб чиқиш учун илмий кенгашга қуйидагиларни топширадилар:

синов дафтарчасидан кўчирма;

деканат, кафедра тавсияномаси;

илмий (ижодий) иш аннотацияси;

раҳбарнинг фикр-мулоҳазалари;

илмий (ижодий) ишга тақриз;

илмий ишлар рўйхати ва уларнинг босма нусхалари.

Барча ҳужжатлар икки нусхада тақдим қилинади. Ҳужжатларнинг ҳар бир тўплами жилдга жойланади, ҳар бир жилд муқовасида ишни тақдим қилган муассасанинг номи, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, ишнинг номи кўрсатилади.

5. Илмий кенгашлар яширин овоз бериш орқали, оддий кўпчилик овоз билан Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияларини тайинлаш учун стипендиатлар номзодларини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қиладилар.

Илмий кенгашлар қарорлари вазирликлар ва муассасаларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тавсиянома юбориши учун асос ҳисобланади.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги стипендиялар тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни йилига бир марта кўриб чиқади. Ҳужжатларни қабул қилиш муддати — 1—15 август, кўриб чиқиш муддати — 10—25 сентябрь.

7. Давлат олий таълим муассасалари талабаларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати қарори билан амалга оширилади.

Стипендиялар тайинланишидан аввал талабгорларнинг белгиланган мезонларга мувофиқ билим ва илмий (ижодий) тайёргарлик даражаси пухта экспертизадан ўтказилади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

зиммасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларига талабгорлар орасидан танлаб олиш юкланадиган махсус танлов комиссияси тузади;

талабгорларнинг таълим ва илмий (ижодий) тайёргарлиги даражасини баҳолаш мақсадида ишларни кўриб чиқиш учун йўналишлар бўйича экспертлар гуруҳлари тузади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда ахборот технологиялари, Ўзбекистон тарихи, хорижий тиллар бўйича имтиҳон комиссияларини ташкил этади, тест топшириқларини ишлаб чиқади;

танлов комиссияси ва эксперт гуруҳларининг иш тартибини белгилайди;

танлов комиссияси мажлисларини ўтказиш муддатларини белгилайди.

8. Танлов комиссияси талабгорларнинг якуний танловини яширин овоз бериш йўли билан ўтказади ҳамда талабгор ва унинг иши учун овоз беришда иштирок этган комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми овоз берганда талабалар номзодини Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш учун тавсия қилади.

Агар овоз беришдан сўнг талабгорлар сони белгиланган квотадан кўп бўлса, устунлик энг кўп овоз олган талабгорларга берилади.

Танлов комиссиясининг қарори Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати тасдиқлагандан сўнг кучга киради.

Олдинги таҳрирга қаранг.

(8-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 ноябрдаги 674-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.11.2021 й., 09/21/674/1029-сон)

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъатининг қарори давлат олий таълим муассасаларининг талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш ва тўлаш ҳақида буйруқ тайёрлаши учун асос бўлади.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари талабаларга ҳар йили, бир ўқув йили учун, 1 сентябрдан бошлаб, белгиланган миқдорларга қатъий риоя қилинган ҳолда тайинланади.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларига сазовор бўлган талабаларга «Президент стипендиясининг соҳиби» гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати мажлисида тантанали равишда топширилади.

Олдинги таҳрирга қаранг.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари соҳиблари бўлган магистратура босқичи талабалари олий таълим муассасасини битиргач, икки йил давомида таянч докторантурага кириш имтиҳонларисиз Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қабул қилинади.

(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 ноябрдаги 674-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.11.2021 й., 09/21/674/1029-сон)

Олдинги таҳрирга қаранг.

(13-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 ноябрдаги 674-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.11.2021 й., 09/21/674/1029-сон)

14. Кундалик дарсларни ўзлаштирмайдиган, ўқув интизомини ва илмий одоб-ахлоқни бузган талабаларни ўқув йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларидан маҳрум қилиш тасарруфида талаба ўқиётган олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати қарори билан амалга оширилиши мумкин.

15. Талабаларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш бўйича ариза ва шикоятлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарорига
3-ИЛОВА

Олдинги таҳрирга қаранг.

Бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари ҳамда уларни тайинлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларини тайинлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини тайинлаш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Олий таълим муассасалари бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари Ўзбекистон Республикасидаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, қўшма таълим дастурларида бутун ўқиши давомида фақат аъло баҳоларга ўқиётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган охирги курс талабаларига тайинланади ва тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиялари ҳар бир олий таълим муассасасининг бакалавриат босқичидаги бир нафар битирувчи курс талабасига тайинланади ва тўланади.

Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номли давлат стипендиялари (кейинги ўринларда — номли давлат стипендиялари) Ўзбекистон Республикасидаги давлат ва хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, қўшма таълим дастурларининг охирги икки курсида ўқиётган талабаларга тайинланади ва тўланади.

Тўлепберген Қаипбергенов ва Ибройим Юсупов номли давлат стипендиялари Қорақалпоғистон Республикасидаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, қўшма таълим дастурларининг охирги икки курсида ўқиётган талабаларга тайинланади ва тўланади. Бунда, ушбу номли давлат стипендиялари сони Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳар бир олий таълим муассасаси учун Тўлепберген Қаипбергенов ва Ибройим Юсупов номли давлат стипендиялари бўйича алоҳида биттадан белгиланади.

3. Келгуси ўқув йили учун номли давлат стипендиялари сони жорий ўқув йили охирида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Бунда, Ўзбекистон Республикасидаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда уларнинг филиаллари бўйича давлат стипендиялари сони Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига мувофиқ ҳар йили тасдиқланадиган танлов йўналишлари ва талабалар сонидан келиб чиқиб тақсимланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари танловларида иштирок этувчи номзодларга қуйидаги талаблар белгиланади:

а) номли давлат стипендиялари учун:

аъло ўқиш ва илмий (ижодий) ишларда иштирок этиш;

йўналишлар бўйича конференция (танлов)ларда қатнашиш;

Ўзбекистон тарихини билиш;

тилларни — давлат тилини ва битта хорижий (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) тилни билиш, бакалавриатдаги таълим йўналиши хорижий тил ҳисобланган алоҳида ҳолларда қўшимча равишда яна битта хорижий тилни билиш. Бунда, талабгорлар ушбу тиллар бўйича ўз билимлари даражасини аниқлаш учун ўқиш жойидаги тил кафедраларида махсус суҳбатдан ўтадилар;

б) Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси учун мазкур банднинг «а» кичик бандида белгиланган талабларга қўшимча равишда ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига мос мавзуда камида иккита эълон қилинган ишлар (мақола, тезис ёки асарлар)нинг мавжудлиги талаб этилади.

2-боб. Танловларни ўтказиш

5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларини тайинлаш учун номзодларни кўрсатиш олий таълим муассасалари кенгашлари томонидан, талабгорларнинг ўқув ва илмий фаолиятини оммавий муҳокама қилиш асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларига талабгорлар дастлабки кўриб чиқиш учун олий таълим муассасаси кенгашига қуйидагиларни тақдим қиладилар:

синов дафтарчасидан кўчирма;

деканат ва кафедранинг тавсияномаси;

илмий (ижодий) иш раҳбарининг тавсияномаси;

илмий ишлар рўйхати ва уларнинг босма нусхалари;

тиллар кафедраси, тарих кафедрасининг суҳбат натижалари ҳақидаги маълумотномалари.

Барча ҳужжатлар жилдга (папкага) жойланган ҳолда тақдим этилади. Муқовада Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки номли давлат стипендияси номи, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, факультети, бакалавриат таълим йўналиши, курси, гуруҳи кўрсатилади.

6. Олий таълим муассасалари кенгашлари талабгорларни танловларнинг навбатдаги босқичига тавсия этиш бўйича яширин овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан қарор қабул қиладилар.

Овоз бериш жараёнида олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳам иштирок этиши мумкин.

Овоз бериш натижаларига кўра олий таълим муассасаси кенгаши томонидан:

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясига энг кўп овоз олган уч нафардан (бунда номзодлар турли танлов йўналишлари бўйича аниқланишига урғу берилади);

номли давлат стипендияларига ажратилган ҳар бир квотага энг кўп овоз олган уч нафаргача номзод танловнинг навбатдаги босқичига тавсия этилади.

7. Олий таълим муассасаси кенгаши қарорига асосан танловларнинг навбатдаги босқичига тавсия этилган номзодлар тўғрисидаги маълумотлар ва тегишли ҳужжатлар олий таълим муассасасининг масъул ходими томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «stipendiya.edu.uz» электрон тизимига ҳар йили 1 — 15 август кунлари киритилади.

Бунда, номзодларнинг ҳужжатларининг аслига тўғри эканлиги ҳамда «stipendiya.edu.uz» электрон тизимига ўз вақтида ва тўғри киритилиши бўйича масъулият олий таълим муассасаси ректори (директори) зиммасига юклатилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги стипендиялар тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни йилига бир марта, ҳар йили 10 — 30 сентябрь кунлари кўриб чиқади.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиясига талабгорлар чет тиллари, ахборот технологиялари, Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича билим даражасини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида (ҳудудлар бўйича) махсус тест синовлари топширадилар. Давлат тест маркази тест синовлари натижалари қайдномаларини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари совриндорлари талабгорларнинг илмий ишлари, эришган ютуқлари ҳамда ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида танлов йўналишлари бўйича ташкил этилган танлов комиссиялари қарорига асосан аниқланади.

11. Танлов комиссияларининг қабул қилинган қарорларига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари совриндори бўлган талабалар рўйхати Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.

3-боб. Стипендияларни тайинлаш ва уларга бериладиган имтиёзлар

12. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи олий таълим муассасаси ректори (директори, ижрочи директори)нинг талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларини тайинлаш ва тўлаш ҳақидаги буйруқларни расмийлаштириши учун асос ҳисобланади.

Стипендиялар 1 сентябрдан бошлаб, бир йил муддатга, белгиланган миқдорга қатъий риоя қилган ҳолда тайинланади.

13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари танловларида ғолиб бўлган талабаларга Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан тасдиқланган қуйидаги гувоҳномалардан бири берилади:

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси соҳиби»;

«Беруний номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Ибн Сино номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Навоий номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Улуғбек номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Имом ал-Бухорий номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Ислом Каримов номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Тўлепберген Қаипбергенов номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Ибройим Юсупов номли давлат стипендиясининг соҳиби».

Гувоҳномалар талабаларнинг ўқиш жойида тантанали вазиятда топширилади.

14. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси соҳиби бўлган талабалар бакалавриатни тугатгандан сўнг икки йил мобайнида, номли давлат стипендиялари соҳиби бўлган талабалар бакалавриатни тугатганидан сўнг бир йил мобайнида тегишли мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинадилар.

4-боб. Якунловчи қоидалар

15. Талабаларни кундалик дарсларни ўзлаштирмаганлик, ўқув интизомини ва одоб-ахлоқни бузганлик учун ўқув йили мобайнида давлат стипендияларидан маҳрум қилиш олий таълим муассасалари тақдимномаларига биноан тегишли вазирликлар ва идоралар буйруқлари билан амалга оширилиши мумкин.

16. Талабаларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларига тайинлаш бўйича ариза ва шикоятлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

17. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.

(3-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 ноябрдаги 674-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.11.2021 й., 09/21/674/1029-сон)