ОТМларда ўқиш қачондан анъанавий шаклга қайтиши ҳали аниқ эмас – вазирлик ижтимоий тармоқдаги хабарларни рад этди
Олий таълим муассасаларида таълимни масофавий таълимдан анъанавий шаклга ўтказишдан олдин эпидемиологик вазият ва бошқа барча жиҳатлар инобатга олинади, сўнг шунга қараб хулоса қилинади. Лекин қачон анъанавий таълим шаклига ўтилиши ҳали маълум эмас.
Ижтимоий тармоқларда ОТМларда ўқув йили 2021 йил февраль ойига қадар масофавий шаклда давом этиши маълум қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабарларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашевнинг «Севимли» телеканали мухбирига берган интерьвюси асос қилиб кўрсатилган. Kun.uz мухбири мазкур хабарга аниқлик киритиш мақсадида вазирлик ахборот хизмати раҳбари билан боғланди.
Вазирлик вакилининг айтишича, у интерьвюда таълимнинг анъанавий шаклига эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб ўтилишини, бу балки 2-3 ойдан кейин, балки 2-семестрда бўлиши мумкинлигини айтганди.
«Интерьвюда мен айтган айрим гаплар тушиб қолган. Мен ҳамма ҳам анъанавий таълим шакли самарали эканини билишини, лекин бу шаклга ўтиш учун махсус комиссия қарори инобатга олинишини, масофавий таълим иккинчи семестрга қадар ҳам давом этишини, иккинчи семестр эса февралда бошланишини айтгандим.Ҳозирда ҳар эҳтимолга қарши таълим шаклини масофавий тарзда олиб бориш учун бир семестрлик дастурлар, видеодарслар тайёрланмоқда. Чунки вазиятга қараб, анъанавий шаклга ўтиладиган бўлса, ҳамма учун яхши. Лекин биз қайсидир санани ҳозирдан айтиб қўйсак, лекин ўша пайтга бориб анъанавий шаклга ўтилмайдиган бўлса, ўқитувчилар онлайн дарс материалларини тайёрлашда сусткашликка йўл қўйиши, талабалар ҳам масофавий шаклдаги дарсларда тўлиқ қатнашмай қўйиши мумкин», дейди Фарҳод Бабашев.
Вазирлик матбуот котиби анъанавий шаклга ўтиш учун кўп жиҳатлар ҳисобга олинишини ҳам айтиб ўтди.
«Март ойида 80 минг талаба вилоятларга қайтарилган эди. Қабул квоталари кўпайгани ҳисобига янги ўқув йилида 1-курслар билан қўшиб ҳисобласа, 100 минг талаба пойтахтга келади. Одатда, пойтахтда август ойида метро, автобусларда одамлар кам бўлади, сентябрдан бошлаб эса ҳамма жойда одамлар кўпаяди. Шунинг ўзи ўқув йили бошланганини билдиради.Пандемия вазиятида 100 минг талабанинг пойтахтга қайтиши ижтимоий масофа сақлаш имконини пасайтиради. Бу – анъанавий таълим шаклига ўтиш учун эътибор берилиши керак бўлган бир жиҳат.Иккинчи жиҳат эса ҳозир талабалар турар жойларининг карантин ҳудудлари сифатида фойдаланилаётгани ва захирага берилгани билан боғлиқ. Ваҳоланки, пойтахтга қайтадиган 100 минг талабанинг камида 30-40 мингида ётоқхонада яшаш эҳтиёжи бўлади. Бу вазиятда талабалар ижарада туришига тўғри келиб қолади. Натижада талабалар ҳолатдан норози бўлиши мумкин», дея қайд этди Фарҳод Бабашев.
Унинг қўшимча қилишича, таълимни анъанавий шаклга ўтказишдан олдин барча жиҳатлар инобатга олинади ва шунга қараб хулоса қилинади. Лекин бу қачон юз бериши ҳали маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, ОТМларнинг юқори курс талабалари учун ўқув йили 2-сентябрдан масофавий тарзда бошланди, биринчи босқич талабалари учун эса кириш имтиҳонлари тугагач, 2 октябрдан масофавий тарзда бошланади.
🎓 @TalabaYoshlar - Ўзбекистон талабалари саҳифаси 👉O‘zbekiston talaba-yoshlari kanaliga ulanish👈