August 26, 2020

Янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича брифинг

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Олий ва ўрта махсус таълим таълими вазирлиги матбуот котиби Фарҳод Бабашев иштирокида брифинг ўтказилди ва янги ўқув йилига тайёргарлик ва соҳага оид саволларга жавоб қайтарилди.

❓Янги ўқув йили одатдагидек анъанавий тарзда бошланадими? Aкадемик лицейлар сентябрь ойида очиладими?
✅ Республика махсус комиссияси қарорига кўра янги ўқув йилини таълим муассасаларида масофавий тарзда бошлаш белгиланган.
Академик лицейларда таълим жараёнлари 2 курс ўқувчилари учун янги ўқув йилидан масовафий тарзда бошланади.
▪️Шунингдек, 2020/2021 ўқув йили учун саралаш имтиҳонларини жорий йилнинг 7 сентябридан 15 сентябрига қадар бўлган муддатларда ўтказиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига таклиф киритилган.

❓Мен Қозоғистон Республикасида ўқийман. Ўқишимни Ўзбекистонга кўчиряпман. Ариза топширганман, ўқишни кўчиришда имтиҳонлар бўладими?
✅ Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ хорижий давлатлардан талабалар ўқишини кўчиришда ўқиши кўчирилаётган таълим йўналишига кириш фанларидан махсус синов топширишлари белгиланган.
▪️ Шунга кўра, 2020/2021 ўқув йили учун хорижий давлатлардаги олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини кўчириш махсус синов натижаларига кўра амалга оширилади.

❓Мен Тошкент давлат педагогика университетининг "Мусиқа таълими" йўналишига ҳужжат топширганман. Имтиҳон топширадиган жойга Қарши шаҳрини танлаганман, лекин аввалги брифингларда Тошкент давлат педагогика университетининг ижодий имтиҳонлари Тошкентда бўлади дейилган. Менинг имтиҳонларим қаерда бўлади? Шунга аниқлик киритиб берсангиз.
✅ Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилида алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари абитуриентларнинг доимий яшаш манзилидан қатъий назар муайян олий таълим муассасаларида ўтказилади.
▪️ Ушбу йўналишларига кириш имтиҳонлари ўтказиладиган жойи ва муддати ҳақидаги маълумотлар олий таълим муассасалари томонидан абитуриентларга етказилади.

❓Талабалар нечинчи курсдан дарс беришлари ва қанча ставкада ишлашлари мумкин?
✅ Олий таълим тўғрисидаги низомга кўра, кундузги ўқиш шаклида таҳсил олаётган талабаларга ўқишдан бўш вақтларида (куннинг иккинчи ярмида) меҳнат шартномаси бўйича олий таълим муассасасида ёки бошқа ташкилотларда ишлашга РУХСАТ БЕРИЛАДИ.
▪️ Меҳнат фаолияти билан боғлиқ қолган масалалар иш берувчи ва фуқаро (талаба) ўртасида тузилган меҳнат шартномасига кўра тартибга солинади.
▪️ Қолган таълим шакллари бўйича таҳсил олаётган талабалар ҳам дарс машғулотларига таъсир этмаган ҳолда меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари мумкин.

❓Қўшни давлатдан ўқишини кўчиришга ҳужжат топширганларга нега буйруқ чиқмаяпти? Вазирлик вакиллари паспорт кўрсатишнинг ўзи етарли дейишган эди, лекин ОТМ раҳбарлари, деканлар ўқиётган давлатда ОТМдан ҳужжатларингизни олиб келсангизгина буйруқ чиқади, дейишяпти. Ҳозир пандемия шароитида ҳужжатларни қандай олиб келамиз?
✅ Қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан ўқиши кўчирилишига рухсат этилган фуқароларнинг дарс машғулотларига иштирок этиш тўғрисида фармойишлар расмийлаштирилган.
▪️ Аммо, Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ ўқиши кўчирилишга рухсат этилган фуқароларнинг тегишли ҳужжатлари олий таълим муассасасига тақдим этилмагунча талабаликка қабул қилиш бўйича буйруқ расмийлаштирилишига рухсат этилмайди.

❓Магистратурага киришда мутахассислик фани билан хорижий тилдан имтиҳонлар бир кунда бўладими ёки алоҳида ўтказиладими?
✅ Ҳозирги кундаги пандемия ҳолатлари, коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда абитуриентларга қулайликлар яратиш мақсадида 2020/2021 ўқув йили учун магистратурага кириш имтиҳонлари бир кунда топширилади.

❓Магистратурага кириш имтиҳонини топшириш учун рухсатномани қайси сайтдан юклаб олиш мумкин?
✅ 2020/2021 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларининг магистратурасига кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун РУХСАТНОМА ЖОРИЙ ЭТИЛМАЙДИ.
▪️ Талабалар ўзларининг шахсий кабинетларига электрон тизим орқали кириб, кириш имтиҳонлари ўтказиладиган жой ва муддат тўғрисида ахборот олишлари мумкин бўлади.
▪️ Талабалардан кириш имтиҳонларига паспорти билан келишлари талаб этилади.

❓«Темир дафтар»га киритилган оилаларда яшовчи талабаларга 4 млн. сўмгача белгиланган чегирмани олиш учун қандай маълумот керак ва қайси ташкилот томонидан берилади?
✅ Талаба “темир дафтар” рўйхатига киритилган оила аъзоси эканлигини тасдиқловчи маълумотни ўзи таҳсил оладиган ОТМ раҳбариятига тақдим этиши зарур.
▪️ “Темир дафтар” рўйхатида эканлигини тасдиқловчи маълумотни олиш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари (яъни ўзи яшаб турган ҳудудий бўлинмаси)га мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқ.

Нега фақат кундузги талим шаклида ўқиётган талабаларга 10% контракт пулига чегирма берилди? Сиртқи таълимга бу йил ўтган йилга нисбатан кўпроқ ҳужжат топширилганку?
✅ ОТМларда сиртқи ва кечки таълим шаклида таҳсил олувчи талабалар асосий иш ўрни ва ўзларини моддий таъминлаш имкониятига эга бўлганлиги сабабли ушбу чегирмадан фойдалана олмайди.

❓Олдинги ўқув йилларида кўзи ожиз абитуриентлар учун имтиҳонлар умумий имтиҳонлардан 10 кун олдин суҳбат асосида алоҳида вақтда олинарди. Бу йил имтиҳонлар қандай тартибда бўлади?
✅ 2020/2021 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига кўзи ожиз абитуриентларни қабул қилиш муайян таълим йўналиши тест блокидаги фанлардан оғзаки савол-жавоб орқали амалга оширилади.
▪️ Бунда олий таълим муассасалари томонидан кўзи ожиз абитуриентлар учун кириш имтиҳонларининг ўтказиш муддати ва жойи тўғрисида ахборот берилади.

❓Ўқишга кириш учун балл етмай қолган тақдирда суперконтракт табақалаштирилган тизими мавжуд, лекин жуда қиммат. Суперконтракт тўловини камайтириш ва суперконтракт тўловини 4 ёки 6 йил мобайнида бўлиб тўлаш тартибини жорий этсангиз.
✅ Аввало билдирилган таклиф учун миннатдорчилигимизни билдирамиз ҳамда амалдаги оширилган тўлов-шартнома (суперконтракт) тўловини тўлашга доир ҳужжатлар заруратга кўра ўзгартирилганда мазкур таклифингиз ваколат доирасида кўриб чиқилади.
▪️Маълумот ўрнида, оширилган тўлов-шартнома (суперконтракт) асосида ўқиш ихтиёрий бўлиб, ундан тушган маблағлар ОТМнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш каби бир қатор харажатларга йўналтирилган.

🎓 @TalabaYoshlar - O'zbekiston talabalari sahifasi
👉O‘zbekiston talaba-yoshlari kanaliga ulanish👈