September 21, 2020

❗️ПАХТА ТЕРИМИ БЎЙИЧА ЭНГ КЎП БЕРИЛАЁТГАН САВОЛЛАРГА ЖАВОБЛАР:

Ўзбекистонда пахта йиғим-терим мавсуми бошланди. Шу сабабли ҳар йили бўлганидек, жорий йилда ҳам аҳоли орасида ушбу мавзу актуал бўлиши табиий. Шунга кўра, муштарийлар томонидан энг кўп берилган саволларга жавобларни тақдим қиламиз:

❓Пахтага чиқиш мажбурийми?
Йўқ, мажбурий эмас! Мажбурий бўлиши мумкин ҳам эмас!

❓Пахтага ўрнига одам бериш мажбурийми?
Йўқ, мажбурий эмас! Мажбурий бўлиши мумкин ҳам эмас!

❓Пахтага пул бериш (ёки ойлигидан ушлаб қолиш) мажбурийми?
Йўқ, мажбурий эмас! Мажбурий бўлиши мумкин ҳам эмас!

❓Пахтага чиқмаслик фақат ўқитувчи ва шифокорларгами, бошқа ташкилотлар чиқишадими?
Йўқ, барчага мажбурий эмас. Қаерда, қайси ташкилотда, қайси лавозимда ишлашидан ёки ишсизлигидан қатъи назар.

❓Тадбиркорлар пахтага пул беришга мажбурми?
Йўқ, мажбур эмас. Буни талаб қилишга ҳеч кимнинг, на ҳокимият, на солиқчи ва на бошқасининг ҳаққи йўқ. Ўзи истаганлар пахта теримининг ташкилий ишлари учун хайрия қилиши мумкин. Лекин бу ерда энг муҳим жойи - хайрия ихтиёрий бўлиши керак, мажбурий эмас, ихтиёрий-мажбурий ҳам эмас!

❓Банкдагилар ўрнига одам беришга мажбурми?
Йўқ, мажбур эмас. Буни талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

❓Маҳалладаги ишсизлар пахтага чиқишга мажбурми?
Йўқ, мажбур эмас. Лекин уйида ғирт бекорчи бўлиб, тайинли иш қилмасдан ётгандан кўра, ўз ихтиёри билан чиқиб, қўшимча даромад олиш мақсадида пахта теримига чиқиш тавсия этилади. Меҳнатдан биров ўлмаган, қайтанга 2-3 млн атрофида даромад олиши, рўзғорига фойда келтириши мумкин. Албатта бу ҳам фақат ихтиёрий бўлиши керак.

❓Пахта теримига чиқмоқчи бўлганларга қаерга мурожаат қилиши керак?
Ўз ихтиёри билан пахтага чиқмоқчи бўлганлар terim.uz сайти орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлимларига ёхуд +998712000602 телефон рақамига ҳам мурожаат қилишлари мумкин.

❓Пахтага чиқмаган ходимларни ишдан бўшатиш мумкинми?
Мумкин эмас. Бундай ҳолатда ходимлар қайта ишга тикланади.

❓Маҳалла раиси пахтага чиқмаган аёлларнинг нафақасидан пул ушлаб қолиши мумкинми?
Йўқ, мумкин эмас. Айрим ҳолларда маҳалла раиси пахтага чиқмасанг, бутунлай нафақангни қирқиб ташлайман, ёки нафақа учун ариза берганларга пахтага чиқмасанг, нафақа тайинламайман, деб ҳам қўрқитади, мана шу талаблар ҳам қонунга хилоф.

❓Шифокорлар пахтага чиқиши айтиляптику!?
Ҳа, ўтган йилдаги каби шифокор ва ҳамширалар пахта теримига жалб этилиши мумкин, лекин улар пахта териш учун эмас, балки ўз хизмат вазифасидан келиб чиқиб, теримчилар отрядига тиббий хизмат кўрсатиш учун хизмат сафари тарзида бириктирилади. Улар теримчиларнинг соғлиғини доимий назорат қилиб туришади, зарур бўлганда биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишади. Бу мажбурий меҳнат ҳисобланмайди.

❓1 кг пахта тергани учун қанча ҳақ берилади?
Умумий ҳолатда қўл билан терилган 1 кг пахта учун биринчи теримда 1000 сўм берилади. Аҳоли кам бўлган айрим ҳудудларда эса 1-терим камида 1200 сўм қилиб белгиланган. Иккинчи теримда эса 1400 сўм тўланади, айрим туманларда 1600 сўмдан бошлаб берилади.
👉 қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун биринчи теримда - 1000 сўмдан, иккинчи теримда - 1400 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади; 👉 пахта териш машиналари билан териб олинган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун 920 000 сўмдан кам бўлмаган хизмат ҳақи тўлаш; 👉 пахта хомашёси учун меҳнат ва хизмат ҳақи ҳар беш кунда, зарурат бўлганда, ҳар куни тўлаш тавсия этилди; 👉 ишсиз ҳамда вақтинчалик банд бўлмаган аҳолидан иборат терим отрядлари раҳбарлари билан мавсумий ишга қабул қилиш бўйича фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилади ҳамда терим отрядлари раҳбарларига пахта хомашёси йиғим-терими якунига қадар 2 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

👉 Қуйидаги туманларда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун тавсия этилган тариф ставкасига давлат бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ тўланади:} ➖ Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманлари;
➖ Қорақалпоғистоннинг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманлари;
➖ Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманлари;
➖ Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманлари.

👉 Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари таълим, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ҳамда таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларини пахта хомашёси йиғим- теримига жалб қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бунга чек қўйиш юзасидан шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилди.

❓Агар мажбурий меҳнат ҳолатига дуч келинса, қаерга мурожаат қилиш мумкин? Агар мажбурий меҳнатга жалб қилинсангиз қуйидаги ишонч телефонларига мурожаат қилишингиз мумкин:

Ишонч телефони: 1176 ёки 1092
Сайт: dmi.mehnat.uz

🎓 @TalabaYoshlar - Ўзбекистон талабалари саҳифаси 👉O‘zbekiston talaba-yoshlari kanaliga ulanish👈