«Супер контракт» нархи қанча ва кимлар учун?
Тест натижалари чиқишни бошлагач, абитуриентлардан қўшимча контракт (халқ тилида "супер контракт") ҳақида саволлар кўпайди. Шуларни инобатга олиб, қўшимча контракт ҳақидаги айрим саволларга жавобларни тақдим қиламиз:
• Қўшимча контракда ўқиш учун неча балл олиш керак?
Фарқи йўқ. Тестга кирган бўлса, кифоя. 1 балл олган бўлса ҳам, қўшимча контрактда ўқиши мумкин. Фақат нархи балига қараб фарқ қилади.
• Қўшимча контракда ўқишни хоҳлаганлар қачон ариза бериш керак? Ўқишга кира олмаган абитуриентлар қўшимча контрактда ўқиш учун тест натижалари эълон қилингандан бошлаб 1 ой ичида ариза бериши керак.
• Ариза қаерга берилади? Қўшимча контрактда ўқиш истагида бўлганлар ОТМ ректори номига ариза беради.
• Бешта йўналишдан қайси бирида ўқиш мумкин? Ўтган йили исталган 3 та йўналишдан бирида супер-контрактда ўқишга рухсат берилганди. Жорий йилда ҳам исталган бешта йўналишдан бирида ўқишга рухсат берилса керак.
• Қўшимча контрактнинг нархи қанча? Қўшимча тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:
•1-тоифа
Кириш чизиғига 4 балл етмаганлар нисбатан анча арзон контракт тўлайди. Жумладан:
1 баллгача етмаган абитуриентлар учун - 1,5 баробар;
1.1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун - 2,0 баробар;
2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун - 2,5 баробар;
3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун - 3,0 баробар.
Масалан, кириш бали 140 бўлган дейлик. 139 балл тўплаган абитуриент контрактнинг 1,5 баробарини тўлайди. Масалан, асли 10 млн сўм контракт бўлса, 15 млн сўм тўласа кифоя.
138,9 балл олган абитуриент эса 2 баробарини тўлайди, яъни 20 млн сўм. Ва ҳ.к.
•2-тоифа
56,7 баллдан кўп тўплаган, лекин кириш чизиғига 4 баллдан кўпроқ етмай қолган абитуриентлар контракт суммасининг 10 бараваридан ошиқ миқдорда тўлайди.
Масалан, яна ўша кириш 140 балл бўлган йўналишни мисол олсак, 135,9 баллдан кам 56,7 баллдан кўп тўплаганлар 2-тоифага тушади.
Жорий йилда 2-тоифа учун нархлар ҳали тасдиқланмади. Шунингдек, жорий йилдан супер-контракт нархларини ОТМлар ўзлари белгилашади.
•3-тоифа
56,7 баллдан кам тўплаганлар (масалан, 1 балл бўлса ҳам) 2-тоифадаги супер-контракт миқдорининг 2 баробарини тўлаб ўқишлари мумкин. Масалан, оддий супер-контракт 15 баробар бўлса, 56,7 баллдан кам тўплаганлар 30 баробар тўлаб, супер-мупер контрактда ўқиши мумкин.
• Қўшимча контракт ҳар йили тўланадими ёки бир марта? Бир марта тўланади. 1-ўқув йилини тугатгандан сўнг кейинги йилларда эл қатори оддий контрактни тўлаб ўқишади.
• Магистратурада ҳам қўшимча қабул борми? Ҳа, бор. Фақат магистратурада бакалаврга ўхшаб табақалаштирилган қиммат контракт тўланмайди, оддий контракт нархи қанча бўлса, қўшимча қабул қилинган магистрлар ҳам шунча тўлашади.
• Супер-контрактни бўлиб-бўлиб тўласа бўладими? Ўтган йили супер-контрактни йил давомида иккига бўлиб ёки ҳаттоки ойларга бўлиб тўлаш имконияти ҳам берилган эди. Жорий йилда ҳам берилса керак.
• Супер-контракт учун таълим кредити олса бўладими? Йўқ, супер-контракт учун таълим кредити бериш амалдаги қонунчиликда белгиланмаган. Лекин банклар бозор нархларида ўз кредитларини таклиф этиши мумкин.
‼️ ЭСЛАТМА: 10 ёки 20 баробар дегани бу энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан эмас, ўша йўналишдаги стипендиясиз контракт нархига нисбатан. Яъни стипендиясиз контракт 7 млн сўм бўлса, 10 баробар бўлганда қўшимча контракт учун 70 млн сўм тўланади.
🎓 @TalabaYoshlar - Ўзбекистон талабалари саҳифаси 👉O‘zbekiston talaba-yoshlari kanaliga ulanish👈