Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергенов таваллудининг 92 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Жорий йилнинг 7 май куни университетимизда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, жамоат арбоби Тўлепберген Қаипбергенов таваллудининг 92 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Тўлепберген Қаипбергенов” ҳафталиги доирасида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирнинг якуний қисми ҳамда ҳафталик доирасида ўтказилган кўрик-танловларининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни университет ректори, академик Ботиржон Абдушукирович Сулаймонов очиб берди.
Дастлаб Т.Қаипбергенов ҳаёти ва ижодини ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида видеоролик намойиш этилди.
Сўзга чиқиб “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Сайёра Шукуровна Холмирзаева “Ёзувчи Тўлепберген Қаипбергеновнинг ижод фаолиятини ўрганиш” борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маъруза қилди.
Шунингдек, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар ва журналистлар уюшмаси аъзоси, Шуҳрат медали соҳиби, ёзувчи Хабиб Сиддиқ, Тошкент кимё технология институти “Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат” бўлими бошлиғи Опаев Асан Айманович,ТошДАУ Самарқанд филиали доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Темиров Шерали, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Кунназарова Шолпанлар “ZOOM” дастури орқали онлайн иштирок этишиб, адиб ҳаёти ва ижоди ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Сўнгра Тошкент давлат аграр университети Илмий-адабий маслаҳатчиси Ҳамраев Фазлиддин Шарифович “Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблея жамғармаси директори Тўлепберген Қаипбергенов ҳақида”ги хотиралари билан ўртоқлашди.
Фахрий меҳмон сифатида Тўлeпбeргeн Қаипбeргeновнинг фарзанди Қаипбeргeнов Адилбек Тўлeпбeргeнович ҳам оила аъзолари билан иштирок этиб, университет раҳбариятига ўз миннатдорлигини билдирди.
Ҳафта давомида “Адиб ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб этиш” юзасидан профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар ўртасида: “Иншолар”, “Расмлар”, “Видеороликлар” ва “Фаол тарғиботчи” танловлари бўлиб ўтди. Ушбу танловларда фаол иштирок этган ва ғолибликни қўлга киритган профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар муносиб рағбатлантирилди.