December 28, 2019

Ўзбекистонда ўқитиб Буюк Британия дипломини беришни ваъда қилаётган ташкилотлар бўйича ахборот

Президентимиз ўтган йили Олий Мажлисга Мурожаатномасида олий ўқув юртлари нуфузини ошириш, нодавлат таълим масканлари сонини кўпайтириб, соҳага юқори малакали кадрларни жалб этиш ва рақобатни кучайтириш лозимлигини таъкидлаб ўтган эди.

Мазкур вазифаси ижроси таъминлаш учун Таълим инспекцияси томонидан нодавлат таълим ташкилотлари ташкил этиш жараёнларини соддалаштириш билан бирга, лицензия талабгорларининг мурожаатларини қисқа муддатларда кўриб чиқиши йўлга қўйилди.

2018 йилнинг 1 январида юртимизда 500 та нодавлат таълим ташкилотлари фаолияти кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 2534 тани ташкил этмоқда.

Юртимизда олий, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида таълим хизматларини кўрсатишга оид фаолият билан шуғулланувчи нодавлат таълим ташкилотлари тармоғини янада ривожлантириш, ушбу соҳага давлат-хусусий шерикликнинг турли шаклларини самарали жорий этиш ҳамда давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиб беришга қаратилган ислоҳотлар аҳамиятли бўлмоқда.

Нодавлат таълим ташкилотлари сони ва йўналишлари ошгани, улар фаолиятини ташкил этишда, халқаро ташкилотлар, хорижий олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик қилинаётгани қувонарли ҳол.

Бироқ айрим ҳолатларда мазкур муассасалар фаолияти, вазифаси ва ваколати билан боғлиқ масалаларнинг нотўғри тушунилиши ёки талқин қилиниши сабабли фуқароларимизда айрим нодавлат таълим ташкилотлари ҳақида холис ахборот олишга бўлган эҳтиёж пайдо бўлмоқда.

Буни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг телеграм ботига (@Uztdibot) фойдаланувчилар томонидан юртимиздаги нодавлат таълим ташкилотлари фаолияти юзасидан келиб тушаётган кўплаб саволлардан кўришимиз мумкин.

Хусусан, кўпчилик “BRITISH FOUNDATION TASHKENT”, “LONDON GRADUATE SCHOOL OF BUSINESS” ва “INTERNATIONAL SCHOOL OF FINANCE AND TECHNOLOGY” ISFT ташкилотлари томонидан берилган дипломлар Ўзбекистонда олий таълим муассасаси дипломи сифатида тан олинадими?” деб мурожаат қилмоқда.

Юқоридаги масала юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:

Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 мартдаги 241-сон қарори билан тасдиқланган Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади.

“BRITISH FOUNDATION TASHKENT” нодавлат таълим муассасаси (СТИР 305849046) Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Ирригатор кўчаси, 3-уй манзилида “Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш” таълим тури бўйича 2019 йил 16 майда KMO 0345 рақамли лицензия олган бўлиб, ушбу лицензияга кўра, математика, иқтисодиёт, бизнес, инглиз тили таълим йўналишларида таълим хизматларини кўрсатиши мумкин. Мазкур лицензия олий таълим тури бўйича таълим хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини бермайди.

“BRITISH FOUNDATION TASHKENT” нодавлат таълим муассасаси Буюк Британиянинг “NCUK Foundation” консорциуми таълим дастури асосида бир йиллик “NCUK Foundation” таълим дастурини ўқитишни таклиф этмоқда. Ушбу дастур Ўзбекистонда ҳам, Буюк Британияда ҳам (4-даражали Буюк Британия Олий таълим квалификациялари рамкасининг 2-даражаси ҳисобланади ёки Буюк Британия Миллий квалификация рамкасининг 5-даражасига тўғри келади) олий таълим фаолиятининг бир қисми ҳисобланади. Мазкур муассаса томонидан таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналарига “Биз диплом бермаймиз, демак биз олий таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олишимиз шарт эмас” ёлғон маълумот берилмоқда. Фаолият якуни бўйича олий маълумот тўғрисида диплом берадиган ёки олий таълимнинг маълум бир даврини ўқиш имконини берадиган фаолият олий таълим фаолияти деб ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон қонунчилиги бўйича лицензия олиб фаолият кўрсатишга мажбур.

“LONDON GRADUATE SCHOOL OF BUSINESS” ташкилоти олий таълим тури бўйича таълим хизматлари кўрсатиш учун Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олмаган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида” 2001 йил 12 майдаги 222-II-сон қарорига мувофиқ, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолият лицензияланиши шарт бўлган фаолият тури ҳисобланиб, ҳар қандай таълим тури бўйича нодавлат таълим ташкилотлари томонидан таълим хизматларини лицензиясиз кўрсатилиши ноқонуний ҳисобланади.

“INTERNATIONAL SCHOOL OF FINANCE AND TECHNOLOGY” ISFT нодавлат таълим муассасасига Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Чилонзор даҳаси, 9а-мавзе, 18а-уй, 13-хонадон манзилида “Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш” таълим тури бўйича 2019 йил 16 майда KMO 0256 рақамли лицензия расмийлаштирилган. Ушбу лицензияга кўра, муассаса бошланғич бухгалтерия ҳисоби малака ошириш курси, физика, кимё, математика, она тили ва адабиёт, рус тили, тарих, ACCA-халқаро бухгалтерия ҳисоби ва аудит, IELTS, инглиз тили таълим йўналишларида таълим хизматлари кўрсатиши мумкин.

Мазкур муассасанинг веб-сайтида имтиҳонларни муваффақиятли топширган ёшларга Буюк Британиянинг Oxford Brookes University, Франциянинг European Global University каби олий таълим муассасаларининг бакалавр дипломи берилиши эълон қилинган. Лекин муассасанинг номлари юқорида қайд этилган Европанинг олий таълим муассасалари таълим дастурлари асосида фаолият юритиши учун тегишли лицензия олиниши талаб этилади.

Бундан ташқари, мазкур муассасанинг лицензияда кўрсатилмаган манзилда, яъни Тошкент давлат аграр университети ҳудудида фаолият юритиши ҳам лицензия талаблари ва шартларини бузиш ҳисобланади. Нодавлат таълим муассасаси томонидан Буюк Британиянинг Oxford Brookes University олий таълим муассасасининг бакалавр дипломи берилиши ҳамда бу диплом Ўзбекистон Республикасида тўғридан-тўғри (синовларсиз) тан олиниши тарғиб қилинмоқда. Таъкидлаш жоизки, бакалавр дипломи “INTERNATIONAL SCHOOL OF FINANCE AND TECHNOLOGY” ISFT нодавлат таълим муассасаси томонидан эмас, балки Буюк Британиянинг олий таълим муассасаси томонидан фақат имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган битирувчиларга берилади. Чунки “INTERNATIONAL SCHOOL OF FINANCE AND TECHNOLOGY” ISFT нодавлат таълим муассасасининг бакалавр дипломи бериш ҳуқуқи мавжуд эмас.

Шуни ёдда тутиш муҳимки, тегишли лицензияга эга бўлмаган ёки белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган таълим ташкилотлари томонидан берилган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар нафақат Ўзбекистон Республикасида балки бошқа давлатлар томонидан ҳам тан олинмайди.​

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Матбуот хизмати