Тошкент давлат юридик университети янги логотипига изоҳлар
1. Нима учун янги логотипни ишлаб чиқиш зарурати юзага келди
Эски логотипда бир нечта камчиликлар мавжуд эди.
Биринчидан, ягона ғоя ва композиция мавжуд эмас. Бино, унинг тагида китоб, китобнинг устида тароз ва магистр шапкаси – логотипни расмлар йиғиндисига айлантиради, холос. Ҳеч қандай ўзига ҳос мазмуни мавжуд эмас.
Иккинчидан, эски логотип талабаларда позитив ғурур кайфиятини уйғотмайди, уларни ягона ғоя устида бирлаштирмайди, маънавий функцияни бажармайди. Ўзида адолат мезонларини акс этмайди.
Учинчидан, эски логотипни промомахсулотларни учун ишлатишда технологик муаммолар юзага келади. Масалан, логотип қайсидир мақсадларда кичрайтирилганда асл логотипнинг аксини бермай унинг кўриниши таниб бўлмас ҳолатга келмоқда. Бунан ташқари, эски логотип ранг-баранг бўлганлиги учун монохром кўринишида ишлатиш ёки шеврон усули билан кийим устига қўйиш, кичик кўринишда ишлатиш имконияти мавжуд эмас.
2. Янги логотип концепцияси нимадан иборат
а) Янги логотипнинг асосий шакли – қалқон
Ушбу шакл дунёнинг етакчи университетлари (ТОП-100) томонидан 60% ҳолатларида ишлатилади ва университет бой тарихига эгалигини билдиради. Масалан, Гарвард, Йель, Кэмбридж, Принстон, Пенсильвания, Австралия, Гонконг, Нянган, Чикаго ва Джон Хопкинс университетлари ҳам ушбу шаклни ишлатишади. Шундай қилиб қалқон шаклидаги логотиплар дунё таълим бозорида етакчи таълим муассасаларга хос бўлганлигини билдиради. ТДЮУ ҳам Марказий Осиё ҳудудида ягона юридик университет ва етакчи таълим даргоҳи мақомига эга.
б) Логотипнинг асосий элементи – Амир Темурнинг силуэти
Бу шахс Ўзбекистон тариҳида ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкам ўрнатиш, қонун ижодкорлик фаолиятини йўлга қўйиш, таълимни юқори пағонага кўтариш, ўзбек халқининг буюк олим ва мутаффакирлар келиб чиқиши учун зарур сиёсий ва ижтимоий заминни яратиш билан ўрин олган.
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганидек, Амир Темур "Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади" сўзлари ҳаммамиз учун ибратдир. Соҳибқироннинг "Ҳуқуқ устувор жойида эркинлик бўлади" деган сўзлари ҳам чуқур маънога эга.
А.Темур образи барча Ўзбекистон ёшларида ғурурни ўйғотиб, уларни ўқишида ва профессионал фаолиятида катта ютуқларга эришишга, ўз устида тинмасдан ишлашга йўналтиради. Йигит ва қизларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳам А.Темур образи беқиёс аҳамиятга эга.
Бундан ташқари ҳозирги кунда ТДЮУ 25 дан ортиқ хорижий таълим муассасалари билан алоқаларни ўрнатиб халқаро таълим дастурларни йўлга қўймоқда. А.Темур образи хорижий ҳамкорлар ва абитуриентларда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий мактабига қизиқишни янада уйғотади.
в) Шиор – “Куч – адолатда”
Ўзбек халқининг буюк уғлони А.Темур томонидан илгари сурилган “Куч – адолатда” шиори Ўзбекистон барча юристларнинг шиорига айланиб, чуқур тарбиявий маънога эга. Ушбу шиор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги логотипида ҳам ишлатилади.