January 29, 2019

ҒОЛИБЛАР ҚОНУНИ. 2-ҚОНУН. ДОИМ ЎҚИНГ ВА ЎСИНГ

Дунёнинг яралиши ҳақидаги ҳинд афсоналарига кўра, Худо аввал чиғаноқни яратиб, уни денгизнинг тубига тушириб қўйибди. Чиғаноқ у ерда бир хил, мазмунсиз ҳаёт кечира бошлабди. Унинг кун бўйи қилган иши ойқулоқларини очиб, танасига бироз денгиз суви ютиб, нафас олишдан иборат экан. Шундай қилиб кунлар ўта бошлабди.

Шундан сўнг Худо бургутни яратибди. Унга исталган жойга учиш имконияти ва эркинлигини берибди. Бургут учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ, лекин бундай озодликнинг ҳам ўзига яраша товони бор экан. У ҳар куни ўзига ўзи емак ахтариб топишга мажбур экан. Айниқса унинг полопонлари пайдо бўлгач, унинг бу муаммолари икки ҳисса ортибди — у уззу-кун осмонда парвоз этиб, егулик ахтариш билан банд бўла бошлабди. Бироқ бургут шундай ҳаётга жон-жон деб рози бўлибди.

Шундан сўнг Худо инсонни яратибди. Унга чиғаноқ ва бургутни кўрсатибди ва «қандай ҳаётни танлайсан?» деб сўрабди.

* * *

ДОИМ ЎҚИШ ВА ЎСИШ (ДЎЎ)

Бизда икки ҳаётий моделдан бирини танлаш имконияти бор. Чиғаноқ ўз истиқболларини кенгайтириш имкониятини қўлдай бой берган инсон тимсолидир. Шу сабабли у бутун умр бир хил иш билан банд бўлишга маҳкум. Наполеон Хилл кунлардан бирида шундай деганди: «Одамларнинг баъзилари кўп егани учун ўлади, баъзилари кўп ичгани учун, учинчилари эса қиладиган бошқа иш қолмагани учун».

Бургутдек яшашни истаганлар ўзларига мураккаб йўлни танлайди. Бу йўлдан ўтишнинг ягона имконияти мавжуд — ўсаётганимиз, ўрганаётганимиздан хурсанд бўлиш. Қанчалик кўп билсак шунчалик ўсаверамиз, шунчалик эркин бўлаверамиз. Ҳаётдаги ҳар қандай қийинчилик ва муаммоларни навбатдаги сабоғдек қабул қилиш керак.

ДЎЎнинг ҳаётий фалсафаси тўрт асосий омилга асосланган:

1. ЎСИШ СИЗНИНГ ГЕНЕТИК КОДИНГИЗДА МАВЖУД

Тирик ва жонсизни қандай фарқласа бўлади? Жамики тирик нарса ўсади! Айнан шу жиҳати билан тош марвариддан фарқ қилади. Ўсиш ва ўзгаришлар тугаган заҳоти ўлим юз беради. Шундай қилиб, ўсиш — ҳаётнинг хоссаси ҳисобланади. Лекин бизнинг ҳолатимизда гап шунчаки ўсиш устида эмас, мақсад сари йўналтирилган эволюция (ривожланиш) ҳақида бормоқда. Бу ўсиш ҳаётга чанқоқликни ошириш ва ривожлантиришга қаратилган.

2. ДЎЎ — ИНСОННИНГ АСОСИЙ ЗАРУРИЯТИ

Болаларни кузатар эканмиз, табиатимизда бутун умр ўсиш ва ўрганиш зарурияти чуқур ўрнашганини англаб оламиз. Болалар доим бир нарсаларни тадқиқ қилиб, ўрганишади ва ўз қобилиятларини такомиллаштиришади. Бу ҳолатда улар ҳар қандай саргузашт ва таваккалларга таппа-тайёр. Ўйланиб қоласан киши, болалар бунча куч-қувватни қаердан олишига. Балки ўз заруриятини қондиришга интилганда инсонда қўшимча куч-қувват пайдо бўлиши ҳақиқатдир?

Таққослаш учун ўсишдан тўхтаган ва ҳеч нарсани ўрганмаётган инсонларни кузатинг. Гарчи улар вақтини кўнгилдагидек ўтказишга уринаётган бўлса ҳам, уларнинг бахтлилари жуда озчиликни ташкил этади. Сабаби оддий: агар сиз ўсиш ва ўрганишни бас қилган бўлсангиз ҳаёт қуруқ ва бемаъни бўлиб қолади. Қондирилмаган заруриятлар ҳаётга чанқоқлигимиз ва куч-қувватимизни сўриб олади.

3. ИНСОННИ ЯХШИЛИККА УНДАМАГАН БИРОРТА ДИН ЙЎҚ

Мен бу ерда диндорлик ҳақида гапирмоқчи эмасман, шунчаки, жаҳон динларининг барчаси инсониятнинг ички заруриятлари ва орзулари — ёмонликдан қутқариш, илм олиш, ёруғлик, тинчлик, яхши ҳаёт ва абадий муҳаббатни намойиш қилади. Бироқ буларнинг барча умумий бир нарсага бориб тақалади: инсон ўзгариши ва ўрганиши керак. «Қандай бўлсанг шундайлигингча қол», деган бирорта дин йўқ.

4. ИСТАЛГАН ИҚТИСОДИЙ ТИЗИМ ВА ИСТАЛГАН КОМПАНИЯ БИР ПРИНЦИПГА АСОСЛАНАДИ: ТЎХТАШ КЕРАК ЭМАС!

Компания ё ривожланади, ё кучсизланади. Қандайдир маълум бир даражада қолиш учун уринишлар рақобатчилар билан курашда мағлубиятга олиб келади. Ҳар қандай ишбилармон ўсишни ўрганиши керак, акс ҳолда у тобора кучсизлана боради. Эдвардс Деминг сифат тушунчасини қуйидагича тушунтиради: «Сифат қандайдир маълум бир стандартни ушлаб туриш эмас, доимий такомиллашишнинг жонли ва динамик жараёнидир».

Агар сиз ҳаёт қонуни, эволюция принципини бузсангиз, ўз эҳтиёжларингиз, интилишингиз ва иқтисодий мақсадга мувофиқликка зид ҳаракат қилсангиз қандай бахтли бўла оласиз? Ўқиш ва ўсиш — ҳаёт мазмунининг ажралмас таркибий қисмларидир. ДЎЎ ёрдамида қўлга киритишимиз мумкин бўлган нарсаларга ҳеч қандай мўъжиза ёки сеҳр билан эришиб бўлмайди.

ДОИМ ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИГАН ҚАРОР

Балки у ёки бу ҳаёт тарзига оид қарорни бир марта қабул қилиш етарли, деган тасаввур пайдо бўлар. Бироқ биз кунларнинг бирида қабул қилинган ўша қарорни доим қувватлаб туришимиз керак.

Биз ўзимизни доим китоб ўқишга, кундалик юритишга, семинарларга қатнашишга, нималарнидир ўрганишимиз мумкин бўлган инсонлар билан мулоқотга киришишга мажбурлашимиз керак.

Инсонлар ўсиш ва ўқишни йиғиштириб қўйишларига иккита сабаб бор:

Биринчидан, уларнинг янада яхшироқ бўлишларига кўзи етмайди. Аслида эса, билим олиш ва ўсиш учун чегара йўқ.

Иккинчидан, бу лоқайдлик. Шунчаки беозор кўринса-да, бу инсонга зарар етказиши мумкин бўлган энг ёмон одат. Доим ўқиб-ўсмас эканмиз, шубҳасиз, анча паст ҳаётий даражага тушиб қоламиз.

Бироқ энг катта хавф «Орқага бироз қадам ташлаш унчалик зарар қилмайди», деган фикрда!

БАҚА УЧУН ТУЗОҚ

Агар бақани иссиқ сувли идишга солсак нима бўлади? У дарҳол «Бу жой ноқулай экан, тезроқ туёқни шиқиллатиш керак» дейди ва дарҳол сакраб чиқади. Агар ўша бақани совуқ сувли идишга солиб, идишни остидан қиздирсак-чи? Бақа ўзини эркин тутади. У албатта борган сари иссиқ бўлаётганини сезади, бироқ «ортиқча иссиқнинг зарари йўқ», деб ўйлайди ва алал-оқибат пишиб қолади. Хулоса: ҳаётда жуда кўп нарса аста-секин тўпланиб қолади. Масалан, қарзлар билан ана шундай бўлади. Масалан сиз индин куни уйғониб, олтмиш саккиз минг евро қарзингиз борлигини сезиб қолсангиз, дарҳол даҳшатга тушиб қоласиз. Бироқ бу ҳодиса босқичма-босқич амалга ошса — бугун тўққиз евро, эртага ўн тўрт евро — сиз буни жиддий қабул қилмай қўясиз. Бироқ ҳаётда ҳамма нарса тўплана боради. Куни келиб қарзларингиз сизни эркин нафас олдирмай қўяди. Агар эртага уйғониб, тарозида вазнингизни ўлчатсангиз-у, нақ 30 килога семирганингизни билиб қолсангиз ташвишланасизми? Албатта! Бироқ бу ой ичида 1 кило, кейинги ойда яна 1 килога семириб бораверсангиз, сиз бунга фожеа сифатида қарамай қўясиз. Бақани эсга олиб, тенденциялар ҳақида фикр юритинг. Майда-чуйдаларга беэътибор бўлманг. Улар доим тўпланиб боради. Ҳар қандай арзимас нарса сизни ё мақсад сари яқинлаштиради, ёки ундан узоқлаштиради. Ҳеч қачон ўртача, нейтрал ҳолат бўлманг! Шунинг учун ўзингизга доим шу саволни бериб юринг: «Мен қайси томонга интилаяпман?»

УЗОҚ МУДДАТЛИ ТЕНДЕНЦИЯЛАРНИ АНИҚЛАШ

Бугун бир дона олма ёки шоколад ейишимиз, китоб ўқиш ёки телевизорда сериал томоша қилишимиз, 10 еврони сарфлаш ёки иқтисод қилишнинг бир қараганда қандай фарқи бор-а?..

Бироқ орадан 10 йиллар ўтгач сиз бундаги фарқни яққол сезасиз. Шоколад, сериал ва пулни сарф қилиш сем��риш, юзакилик ва қашшоқликни келтириб чиқаради. Мевалар, яхши китоблар ва иқтисод — саломатлик, билим ва фаровонликни. Сиздан доим доҳиёна қарорлар қабул қилишни ҳеч ким кутмайди. Бироқ ҳаёт қабул қилган қарорларимизнинг умумий суммасидан иборатдир, бунда лоқайдлик ёмон маслаҳатчи ҳисобланади.

Бир ота тинчгина ишлашни хоҳлабди ва ўғлини бир муддат нимагадир банд қилиб қўйиши зарар бўлибди. Ота қандайдир журналдан дунё харитасини топиб олибди ва уни бўлаклаб ўғлига қайта йиғишни топшириқ қилиб берибди.

Бироқ дам ўтмасдан ўғил харитани тўғри йиғиб олиб келибди. Ота бунга қийинчилик билан ишонибди, ўғил эса тушунтирибди: «Хаританинг орқа томонида аллақандай инсоннинг сурати бор экан. Суратни йиғиш қийин эмас, шу сабабли мен агар бу инсон суратини тўғри йиғиб чиқсам, жаҳон харитаси ҳам тўғри йиғилади, деган қарорга келдим».

ДЎЎнинг моҳияти мана шу ерда билинади. Биз ўзимиз қабул қилган қарорлар йиғиндисидан иборатмиз, йиғинди эса келажагимиз қандай бўлишини белгилаб беради. Агар биз тўғри «йиғилган» бўлсак, «жаҳон харитаси» ҳам кўнгилдагидек бўлади.

ПЭТ РАЙЛИ

Америка баскетболи тарихида энг буюк мураббий «Лос Анжелес Лейкерс» жамоасини бошқарган Пэт Райли ҳисобланади. 1986 йилда жамоа ўйинчилари энди бошқа ўса олмаймиз, деган тўхтамга келишади. Бироқ мураббий ўйинчилардан ўйинни бор-йўғи 1 фоизга яхшилашни сўрайди. 1 фоиз бу кулгили даражада кичик катталик.

Бироқ Райли ўйинчилар учун кичикроқ ҳисоб-китобни амалга оширади. Агар 12 та ўйинчи ўйиндаги 5 компонентда ўз ютуқларини 1 фоизга оширишса, бутун жамоа 60 фоизга яхшироқ ўйнай бошлайди. Унинг тушунтиришича, чемпионлик унвонини қўлга киритиш учун 10 фоиз ҳам етарли бўлиши мумкин, бироқ ҳар бир кишидан 1 фоиз алоҳида уринишларсиз бажариш мумкин бўлган натижа. Ўйинчилар мураббийнинг гапларига қулоқ осишди ва шу йилиёқ чемпионлик унвонини қўлга киритишди.

Айтайлик, сиз ҳаётнинг беш таркибий қисми — саломатлик, бошқалар билан мулоқот, молия, ҳис-туйғу ва ишда 1 фоизгинага яхшироқ бўлишга қарор қилдингиз. Агар сиз бир йил давомида ҳар ой бу билан шуғуллансангиз, сизнинг самарадорлигингиз 1 йил ичида 60 фоизга ошади.

ДЎЎ ЎЗ-ЎЗИНИ ҚУВВАТЛАНТИРАДИ

Доим ўқиб-ўсиш учун интизомга қандай ўрганиш мумкин? Жавоб сизни ҳайрон қолдирса керак: сизга сеҳрли ичимлик керак бўлади. Астерикс ва Обеликс кучларининг сири сирли ичимликдадир. Бизга (баъзан билинтирмасдан) таъсир кўрсатувчи ташқи муҳит ана шундай сеҳрли ичимлик бўлиб хизмат қилади. Ҳар куни қандай қарорлар қабул қилишимизда кўп нарса унга боғлиқ. Бизга ўқиётган китобларимиз, ёзаётган кундаликларимиз, қатнашаётган семинарларимиз ҳам таъсир кўрсатади.

Обеликснинг омади бор экан. Уни ёшлигидаёқ сирли ичимлик тўлдирилган қозонга тушириб олишган. Шу сабабли у ёшлигидан енгиб бўлмас баҳодир бўлиб вояга етган. Астериксга эса омад камроқ кулиб боғқан. У доим қийин вазиятга тушиб қолганда ўша сирли суюқликни ичишига тўғри келади. Кўпчилигимизда айнан шунга ўхшаш ҳодиса кузатилади. Бизга доим ўзимизга намуна бўладиган инсонларнинг, бизни руҳлантирувчи китобларнинг, ўз ҳаётимизни яхшироқ тушунишга, хатоларимиздан сабоғ чиқариб, ўз-ўзимизга ишонч ҳиссини орттиришга кўмаклашувчи кундаликларнинг, шунингдек, янги туртки бериб, янги йўл кўрсатувчи семинарларнинг ёрдами керак бўлади.

Қанчалик кўп ўқиб-ўсар эканмиз, бизда шунчалик ўқиб-ўсишга зарурият туғилаверади. У бора-бора одатга айланади. Шундай қилиб, ДЎЎ ўз-ўзини қувватлантиради.

Ғолиблар ҳамма нарсани билишади. Улар ўзларига ўхшашни истаётган киши билан танишишни доим исташади. Ўқиш ва ўсиш учун ғолиблар мақтовни ҳам, рағбатни ҳам ишлатишади. Асосийси — керакли меъёрни топиш. Уларга мақтов ёқади, фақат эви билан бўлиши керак. Танбеҳ уларга ёқмайди, бироқ қўл силтайдиган даражада эмас.

Телевизион шоуда саволга жавобни билмаган қатнашувчи кейинги турга ўта олмайди. Ҳаётда ҳам худди шундай: ғолиблар учун ДЎЎ йилдан йилга ўзларининг олдинги шахсидан тобора кам нарса қолаётганини, улар бўлишни кўзлаган шахсга тегишли тобора кўп жиҳат пайдо бўлаётганини билдиради.

АМАЛИЙ МАШҚЛАР

Бугун мен доим ўқиш ва ўсиш одатимни янада мустаҳкамлайман ва қуйидагиларни бажаришга ваъда бераман:

1. Ҳар ойда камида иккита ақлли китоб ўқийман. Аста секин ҳар ҳафтада иккита китоб ўқишга ўтаман.

2. Қандай семинар машғулотларга бориш ҳақида ўйлаб кўраман.

3. «Муваффақият кундалиги» билан бир қаторда яна иккита кундалик юритаман. «Англаш кундалиги»да хулоса ва хатоларимни қайд этиб бораман, «Fоялар кундалиги»да ўз ғояларимни тушириб бораман.

4. Мен танишишим ва улардан нимадир ўрганишим керак бўлган 10 кишининг рўйхатини тузиб оламан.

5. Мен ҳар куни ушбу китобнинг битта бўлимини ўқийман.

давоми бор: kanalga ulanish