November 18, 2019

Коррупция - таназзул, охири берк кўча, давоси йўқ дард

Халқимизда «Тўқликка-шўхлик», - деган мақол бежиз айтилмаган. Одамзотнинг феъли шундайки,қанчалик юқори мавқега, бахтли, эмин-эркин ва фаровон ҳаётга эришар экан, аста-секин қуюшқонидан чиқа бошлайди. Унинг атрофдагиларга муносабати, назари ўзгаради. Гўёки ўтмиши ёдида йўқдек, босар-тусарини билмай қолади. Ҳалол меҳнат ва пешона тери эвазига эришган ютуқлари, топган мавқейи унинг нафси эвазига бир зумда яксон бўлади.

Ана ўша нафснинг замонавий номини “Коррупция” деб атаяпмиз. Тўғри коррупция дунё иллати. У бугун туғилмади. Инсон пайдо бўлганидан ҳар хил кўринишда одамлар орасида яшаб келмоқда. Унга нисбатан бир қатор асослар, таҳлиллар мавжуд. Даврлар оралиғида ўзгача тусда бўлган.

Назаримда биз энг аввало, ўзимиз оиладаёқ, фарзандларимизни коррупциямонанд қилиб тарбиялаб қўймаяпмизми? Масалан, жажжи болажонни ўз тарбия масканига йиғламай кириб кетиши учун, мактабда “5” баҳо олиши учун яна қандайдир уй юмушларини вақтида бажарганликни турли ширинликлар, ёки қандайдир рағбат тариқасида пул, буюм ва нарсалар ёки қўшимча эҳтиёжларини қондиришни рўкач қилиб, ваъда берамиз. Иккинчи бор буюрган ишимиз ўз-ўзидан гарчи у фарзандлик бурчи ва вазифаси бўлишига қарамай, яна ниманидир илинжи туфайли пайсалда қолади. Оддийгина вазифа учун сиз ва бизнинг қўлимизга қарайди. Хўш, энди бунга ким айбдор. Фарзандига қатъий талаб қўя олмаган ота-онами ёки ҳар бир юмушда рағбат кутган фарзанд? Бола бошидан деб бежиз айтилмаган.

Демак бугун жамиятимизнинг бу иллати ҳақида гапиришдан аввал биз ўз фарзандларимизга бурч, вазифа, масъулият, шарқона, исломий тарбия ва унинг мазмун-моҳиятида мужассам ҳалол ва ҳаром тушунчалари, оқибат ва охират, миллий қадриятлар, аждодларимизга муносиб бўлиш, меҳнат эвазига кун кўриш, етти авлодни шаъни тушунчаларини ёшларимизга сингдириб боришимиз керак. Ёшликдан эти сесканмай ўз ота-онасидан рағбат эвазига (биз рағбат деб атаётган ҳолат-кейинчалик порага айланмаслигига, коррупциянинг турли кўринишларига асос бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди) иш кўриш билан ҳақиқий меҳнат эвазига кўрсатиладиган рағбатнинг бир-биридан фарқи бўлади.

Коррупция – ўзгалар ҳаққига мойиллик ва хиёнатдир. Коррупциянинг оқибатини била туриб, ўзини ҳам ўзгани ҳам тубанликка етакловчиларни кимлар дейиш мумкин. Пасткашларми, бошқалар ҳисобига яшовчи кушандами. Зеро, коррупция ва унинг илдиз отишида ўз айбимизни вақтида ҳис қилишимиз ва бу ёмон иллатларимизга қоришиб, “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман,”- қабилида иш тутишимиз боис бегуноҳ кимсаларнинг кўз ёши тўкилади. Бадали эса ўта қимматга тушиши муқаррар.Гоҳо кўриб туриб, кўзимизни юмамиз. Оқибат эса барчага аён. Бу ҳол учун кеч бўлса-да ўзимизда айб борлигини кейин англаймиз.

Мамлакатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бу коррупцияга қарши кураш эканлигини кўплаб маърузаларида жамиятимиздаги чиркин иллатлар : порахўрлик, мансаб вазифаларини тўғри талқин қилмаслик, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, сохтакорлик, фирибгарлик, жамият манфаатидан ўз манфаатини устун қўйиш, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг поймол этилиши, қонунларни менсимай қилинаётган ҳаракатлар кескин танқид остига олинмоқда. Бир қатор коррупцияга қарши кураш чора-тадбирлари белгиланмоқда. Айбдорлар ҳамма вақт қонун олдида жавоб бериши таъкидланмоқда.

Бугун ҳар бир соҳада жумладан, таълим соҳасида ҳам тизимни коррупциясиз йўлга солиш учун ҳаракат қилмоқдамиз. Ўқитувчи ва талаба ўртасидаги муносабатни шакллантиришда коррупцияга йўл қўймаслик, ҳар икки тарафни қонун олдида бундай қабиҳлик учун жавоб беражаги муқаррарлигини тушунтирмоқдамиз.

Бу борада раҳбарнинг вазифасига муносиблиги, унинг талабчанлиги, мақсад ва натижани тўғри баҳолай олиши, инсон манфаати барча нарсадан устунлигини ҳис қилиши муҳим. Ҳалол ва тўғри йўлдан адашмаслик учун мавжуд қонунлар ва уларнинг олдида жавобгарлик ҳисси борлигини унутмаслик керак. Демак, КОРРУПЦИЯ - таназзул, охири берк кўча, давоси йўқ дард. Унинг домига илинганлар ўз келажагини поймол қилади. Умидли дунёда умидсиз қолади. Билингки, қинғир ишнинг қийиғи, қирқ йилдан кейин ҳам чиқади.

Касбимизга, вазифамизга ва албатта халқимизга, муносиб бўлайлик.

Шукуржон Кенжабоев,
Наманган муҳандислик-қурилиш институти ректори

Manbaa:Edu.uz

TerDU Denov filialining Telegramdagi rasmiy sahifasi