December 4, 2019

Конституция бахтимиз қомуси, ҳаётимиз фаровонлиги гаровидир

 

Конституция ҳамда қонун талабларига оғишмай

амал қилиш маънавий савиямиз, маданиятимизнинг

асосий мезонига айланиши шарт.

(Ш.М. Мирзиёев)

Ҳар қандай жамият ўз мавқеига ва келажагига эга бўлишга интилади,шу боисдан жамиятдаги инсонларга ёрдам бериш мақсадида турли хил қонун ва қоидалар ишлаб чиқадилар.Улар барча учун баровар, тенг,тўғри йўлни кўрсатувчи қонунлардир. Бу қонунлар давлат, макон, инсонлар турмуш шароити асосида ўзгариб туради . Жумладан, бизнинг мамлакатимизда ҳам ана шундай умуминсоний қонунимиз ўз конституциямиз бор. Ёш Ўзбекистон давлати дадил қадамлар билан жаҳон ҳамжамияти аъзоси бўлмиш мамлакатлар орасида ўзининг муносиб ўрнини топиб, илдамлаб бормоқда. У ўз ўзлигини намоён этишга мустақиллик ва ҳуррият шарофати билан эришди. Ҳар бир давлатнинг давлат сифатида қайтарилмас ва ўзига хос хусусиятларини кўрсатувчи асосий қомус – конституция бўлади. Жамиятни умумбашарий қадриятлари асосида ташкил этишда конституциянинг аҳамияти беқиёсдир. Асосий қонун ўз моҳияти эътибори билан ҳар қандай демократик жамиятнинг бош белгиларидан бири бўлиб, унда инсон, шахс ва жамиятнинг ҳуқуқий жиҳатлари, давлат ҳокимиятининг тузилиши ва унинг фаолиятини ташкил этишнинг мезоний қоидалари ифода этилади. Бир сўз билан айтганда, конституция давлатнинг ўзига хос таништирув ҳужжати десам муболаға бўлмайди. Ўзбекистон давлатчилигининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб, мустақил Республика Конституция - миллий истиқлол ва умумбашарий истиқбол қонуни бўлиб хизмат қилади. У тарихий ҳужжат сифатида мустақил Ўзбекистонимиз йилномасига зарҳал ҳарфлар билан ёзилиши муқаррардир. Конституция кишилик жамият тараққиётининг буюк ютуқларидан биридир десак ҳеч адашмаймиз. Конституция давлатдаги тартиб қоидаларнинг ҳуқуқий асосидир. Маълумки ҳар бир давлатда унинг ички ва ташқи ҳаётини тартибга солиш ва давлат механизмларининг ишларини тартибга солиб турувчи турли қонун ва актлар қабул қилинган. Уларнинг баъзилари – сиёсатга баъзилари – иқтисодга, баъзилари эса маданият ва ҳаётнинг бошқа жабҳаларини қамраб олган. Юзлаб ва минглаб қабул қилинган барча бу қонунлар ва қонун ости актлар давлат ҳаётининг айрим томонларига бағишланган бўлади. Бу қонунларнинг ҳаммасини бир мақсад, бир ғоя ва бир тартибга бўйсундирадиган ягона умумдавлат асосий қонун керак. Ана шу энг асосий, энг муҳим, энг кенг қонун – конституция дейилади. Содда қилиб айтганда, конституция қонунларнинг қонунидир. Шу сабабли конституция барча бошқа қонун, қарор, кўрсатма ва ечимлардан юқори туради, уларга нисбатан энг олий манбадир. Конституциянинг янги талаблари ва шартлари идоралар ва бошқалар томонидан қай даражада инобатга олинаётганлиги, бу талаблар ва шартларга давлатнинг турли тармоқлари ёки ижтимоий ташкилотлар томонидан риоя қилинаётганини назорат қилиб бориш махсус давлат идораларига топширилади. Масалан, Олий суд, конституциявий суд ва бошқалар. Конституциялар кишилик жамияти тараққиётининг буюк ютуқларидан биридир. Конституция давлатдаги тартиб қоидаларнинг ҳуқуқий асосидир. Инсоният ўзининг кўп асрлик тарихий тажрибаси асосида давлатда конституция бўлиши шарт эканлиги ҳақидаги хулосага келдилар. Конституция йўқ жамиятда конституция мустақиллик, тенглик, демократия, инсонпарварлик маълум даражада ижтимоий тартибсизлик, ҳудудий келишмовчилик, сиёсий бошбошдоқлик ва турли талафотларга кенгроқ ўрин қолади десак хато бўлмайди. Бир сўз билан айтганда, инсонпарварлик учун кураш мевасидир. Конституция баъзи давлатларда олдиндан тайёрланиб, ёзилиб муҳокамадан сўнг қабул қилинади. Баъзи давлатларда эса конституция турли даражада қабул қилинган қонунлар мажмуасидан иборат. Ҳаттоки расмий конституция си йўқ давлатлар ҳам мавжуд. Бунга мисол тариқасида Буюк Британияни олишимиз мумкин. Улар қонунлар асосидаги анъаналарга суяниб иш олиб борадилар. Конституция давлатдаги тартиб ва қоида учун ҳуқуқий қуролдир. У барча фуқароларга тенглик, барча ижтимоий ташкилотларга уларнинг демократия ва ҳуқуқий давлат қоидалари асосида фаолият кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериши керак.

1991-йил давлат мустақиллигини эълон қилган ўзбек халқи демократик тараққиёт йўлини танлаб олди. Ўзбекистон халқи ўзининг пировард мақсадини ижтимоий йўналтирилган, иқтисодиётга эга бўлган ҳуқуқий давлат қуришда конституциянинг мазмун-моҳиятини исботини кўрди. Мамлакат олдида аҳолининг юксак турмуш даражасини таминлашга қодир бўлган бозор иқтисодиётини шакиллантириш вазифаси туради. Янги давлат тизимини барпо этиш уни юридик жиҳатдан расмийлаштиришга ва тартибга солиб туришга эҳтиёж туғилди. Мустақил давлат ва жамият манфаатлари ҳамда тараққиёти эҳтиёжларига жавоб берувчи ҳуқуқий ҳужжатларга зарурат пайдо бўлди. Қонун ҳужжатларини тубдан янгилаш жараёни энг аввало, мамлакатнинг асосий қонуни бўлмиш- конституцияни яратишдан бошланди. 1990-йил март ойида Ўзбекистон Олий Кенгашининг йиғилишида янги конституцияни тайёрлаш масаласини қўйилди. Олий кенгашнинг 1990-йил июн ойида бўлган 2-сессиясида юртимизнинг биринчи президенти И.А.Каримов раислигида конституция комиссияси тузилди. Комиссия томонидан кўп сонли таклифлар инобатга олинган ҳолда ҳужжатлар тайёрланган. Конституция лойиҳаси Олий кенгаш муҳокамасига қўйилди. Олий Кенгаш уни маъқуллаб, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги конституциясини қабул қилди. Мустақил Ўзбекистонимизнинг биринчи конституцияси шу тариқа амалга киритилган, у қабул қилинган кун – 8-декабр эса Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни - умумхалқ байрами, - деб эълон қилинди. Конституция ва қонунларнинг устуворлиги демократик жамият, ҳуқуқий давлат ҳаёти ҳамда фаолиятининг асосий талаби, муҳим қоидаларидан биридир. Бу тамойил қадимги Юнонистон ва Римда маълум бўлган, айниқса, милодий ХVI асрдан бошлаб жамият ҳаётига сингдирила бошлаган. Мустақил Ўзбекистон Конституциясининг 3-боби эса шу масалага махсус бағишланган. Конституциямизнинг бошқа давлат конституцияларидан яна бир фарқи унда маҳаллаларга бағишланган алоҳида бир боби мавжуд. Бу билан бизнинг мамлакатимизда жамиятнинг асосий бўғинларидан бўлган маҳаллага ҳам алоҳида эътибор берилган. Ҳар бир халқнинг тақдирида муҳрланиб қоладиган тарихий ҳужжатлар миллат равнақи, давлатчилик пойдеворининг мустаҳкам бўлиши учун хизмат қилганлиги билан қимматлидир. Халқимиз конституциямизни қабул қилиши орқали дунё ҳамжамиятига ўзининг умуминсоний қадриятларига содиқ эканлигини намоён қилди. Ушбу умуминсоний қадриятларнинг диққат марказида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр - қиммати ва бошқа даҳлсиз ҳуқуқларини таъминлаш, давлатимиз олдидаги олий масулият эканлиги конститутсиямизнинг асосий ғояси сифатида танлаб олинади. Конституциямизнинг барча тамойиллари, аввало, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, давлатнинг мажбурияти ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашда акс этади. Биринчи Президентимиз И.А.Каримов айтганларидек, “Конституция давлатнинг қиёфаси ва нуфузини белгилаб беради. Ана шу қонунлар мажмуи орқали давлатни давлат, миллатни миллат сифатида тан олади. Асосий қонунимиз халқ иродасини ва шуурини, ижтимоий онги ва маданий даражасини акс эттиради. Зотан, унинг тайёрланиши ва муҳокамасида бутун халқ иштирок этади. Конституция халқ тафаккури ва ижодининг маҳсулидир”. Қисқа қилиб айтганда, буларнинг ҳар бири бизнинг халқимиз манфаатлари учун хизмат қилади. Хулоса ўрнида қайд этиш керакки, муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирамонович Мирзиёев айтганларидек, “Инсонларнинг дард-у ташвишини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир”.

ТерДУ Денов филиали ўқитувчилари: А.Шукуров Н.Ҳасанова Н.Абдухалилова-талаба

TerDU Denov filialining Telegramdagi rasmiy sahifasi