July 1, 2020

Дунёдаги энг ифлос 10 шаҳар

Дунёдаги кишилар сони ҳар йили ўсиб бормоқда. Бу эса озиқ-овқат, кийим-кечак маҳсулотларини яна кўпроқ ишлаб чиқаришга эҳтиёж туғдиради. Заводлар бутун бир ҳафта давомида тўхтовсиз ишлаб турибди, янгидан-янги ихтиролар пайдо бўлмоқда. Буюмлар эскириб бориши сабаб кишилар янги маҳсулотларни харид қилади. Корхоналар эса маиший техника, машиналар, компьютерлар ишлаб чиқариб, бу жараёнда пайдо бўлган чиқиндиларни яқин атрофдаги сув ҳавзаларига тўкиб ташлашмоқда. Шаҳар қанчалик катта бўлса, ундаги ишлаб чиқариш марказлари томонидан ташланаётган чиқиндилар миқдори ҳам шунчалик кўпдир. Қуйида эса дунёдаги энг ифлос 10 шаҳар рўйхатини келтирамиз. Улардаги экологик ҳолат туфайли бу ерларда яшаш тавсия қилинмайди.

  • Аддис-Абеба, Эфиопия
Аҳоли сонининг ортиши ва урбанизация туфайли Аддис-Абебада чучук сув етишмовчилиги кузатилмоқда. Сизот сувлар саноат чиқиндилари билан тўлиб кетган. Ичимлик суви манбаси сифатида хизмат қилувчи дарёлар бошида эса жуда катта даражадаги хром топилган.
  • Мумбай Ҳиндистон
Мумбайда 12,7 миллион киши истиқомат қилади – бу фақат расмий маълумотлар бўйича. Йўллар эса ҳар куни 700 000 дан кўпроқ шахсий транспорт воситаларига хизмат қилади. Бу эса ҳавонинг кучли ифлосланишига олиб келмоқда. Шаҳардаги шовқин даражаси эса чидам бўлмас даражага келиб қолган. Шунингдек, ҳавода азот оксиди миқдори жуда кўп бўлиб, бу ҳолат кислотали ёмғирларга ҳам олиб келмоқда

  • Нью-Деҳли, Ҳиндистон
Нью-Деҳлида кузатилувчи эрта ўлим ҳолларининг аксарияти ҳавонинг кучли ифлосланиши билан боғлиқ. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, шаҳарда ҳавонинг ифлосланиш даражаси меъёрдагидан 10 баробар кўпроқдир.
  • Мехико, Мексика
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Мехикода нафас олиш бир кунда икки қути сигарета чекиш билан баробар экан. Айни дамда шаҳардаги вазият бироз барқарорлашган. Бироқ, БМТ 90 йилларда бу ердаги ҳаво учиб кетаётган қушларни ҳам ўлдириши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди.
  • Порт-о-Пренс, Ҳаити
Порт-о-Пренс аҳолиси электр тармоқларининг сифатсизлиги туфайли дизель генераторларини ишлатишни афзал билишади. Бундан ташқари, аксарият ҳолларда кўмир ишлатилади. Умуман нима ёнса шундан фойдаланишади – овқат тайёрлаш учун ҳам, уйни иситиш учун ҳам. Бу омиллар, шунингдек ахлатларни ёқиш ва йўллардаги тирбандлик Порт-о-Пренсни яшаш учун унчалик яхши бўлмаган шаҳарлар рўйхатига киритган.
  • Норильск, Россия
Норильск — дунёдаги оғир металлни қайта ишлаш бўйича энг йирик марказдир. Ҳар йили 4 миллион тоннадан зиёд кадмий, мис, қўрғошин, никель, маргимуш, селен ва рух моддалари ҳавога чиқиб кетади. Шаҳар шу даражада ифлосланганки, бу ерда ўнлаб касалликлар авж олиб кетган: саратон, ўпка, қон, тери касалликлари ва ҳаттоки депрессия. Ўсимликлар эса деярли учрамайди: мева ва қўзиқоринлар заҳарли. Бунга ҳавода катта миқдорда бўлган олтингугурт сабабчи.

  • Дакка, Бангладеш
Даккада мамлакатда рўйхатдан ўтган кўн заводларининг 95 фоизи жойлашган. Бу корхоналар эскириб қолган ва ҳар куни 22 к.литр заҳарли чиқиндиларни дарёларга оқизиб юборади. Заҳарли моддалардан бири – олти валентли хром бўлиб, у саратон пайдо бўлишига олиб келади.
  • Карачи, Покистон
Карачи шаҳрида 22 миллион киши яшайди. Ҳаттоки саноат заводлари бўлмаса ҳам бундай миқдордаги аҳоли атроф-муҳитни ўзидан чиқаётган чиқиндилар билан ифлослантиради. Текстиль, пластик ва тери маҳсулотларини қайта ишлашдан чиққан чиқиндилар кимё заводларининг оқизилувчи сувларида йиғилиб боради. Арабистон денгизига эса ҳар куни 8 минг тоннага яқин қаттиқ чиқиндилар чиқариб ташланади.
  • Майлу-Су, Қирғизистон
Майлу-Су – Қирғизистон жанубидаги кончилар шаҳарчаси бўлиб, дунёдаги энг ифлосланган жойлардан бири ҳисобланади: айнан шу ерга Собиқ Иттифоқдаги барча радиоактив чиқиндилар олиб кирилган.
  • Линьфэнь, Хитой
Хитойнинг Линьфэнь вилоятидаги кўмир қазиб олиш саноати уни Ер юзидаги энг даҳшатли жойлардан бирига айлантирган. Бу ердаги аҳоли ҳар куни таркибида уч қути сигареталар билан тенг бўлган заҳарли моддалар бўлган ҳаводан нафас олади. Фуқароларнинг аксарияти саратон ва доимий ўпка касалликларидан азият чекади.

Ўлмасбек Примқулов