December 12

ЕР НАФАСИ

Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Рассомлик маҳорат устахонаси стажёр-тадқиқотчиси, Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ёш рангтасвир устаси Жаҳонгир Абдуллаевнинг “Ер нафаси” номли 50 га яқин ижодий ишлардан ташкил топган шахсий кўргазмаси ташкил этилди.

Экспозицияда унинг «Баҳор», «Туз кони», «Қизил тоғ Помир», «Бахмал тоғлари», «Ой шуъласи», «Қоядаги нур», «Норин тоғлари», «Қизил рангли аллегория», «Қизил тоғ, Тожикистон», «Кумушранг осмон», «Сонкел қирлари», «Ақ-Телай тоғлари» каби асосан кейинги йилларда ишланган ижодий ишлари ўрин олган. Кўргазманинг очилишидан олдинги давра суҳбатида таъкидланганидек, бу расмлар орқали табиатнинг нақадар покиза, сокин, кимсасиз эканини бутун вужудингиз билан туясиз. Рассомнинг ўзи ҳам айтганидек,«Картиналаримда одамлар йўқ. Ҳатто ҳайвонлар ҳам тасвирланмаган. Мен табиатни дахлсиз, покиза ва ўз овозига эга бир борлиқ сифатида кўрсатмоқчиман. Табиат ўз нафасини, ўз фитратини ўзгартирмасдан намоён этсин, деб истадим».

Рассом 1985-йил Андижонда туғилган. Мактабдан сўнг А.Бенков номидаги Республика рассомчилик билим юртида, И.Репин номидаги Санкт Петербург рассомчилик академиясида ўқиган. Бугунги кунда фаол ижод қилиб келаётган рассом Ўзбекистон Бадиий академиясининг умидли стажёрларидан бири бўлиб, унинг асарларида табиат мавзуси чуқур бадиий-фалсафий талқинда намоён бўлади. Экспозициядаги рангтасвир асарлар томошабинни она-ернинг сокин нафаси, тин олган ҳолати билан юзлаштиради, табиатнинг покиза ва дахлсиз қиёфасини бутун вужуд билан ҳис этишга чорлайди.

Ҳасан АБДУНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси