ОДИЛХОН РУСТАМОВ: ФУҚАРОЛАР ТАЛАБИ ҚАТЪИЙ ҚОНУНДА БЕЛГИЛАНГАН ТАРТИБДА ИЖОБИЙ ХАЛ ЭТИЛАДИ
Ўтган ҳафтада “Кўксарой” ҳудудидаги фермер хўжалиги ерларида ноқонуний қурилган уйлари бузилишидан норози бир гуруҳ фуқаролар туман ҳокими Одилхон Рустамовдан ҳолат юзасидан тушунтириш сўраб мурожаат билан келишган эди. Ҳоким масалани холис ўрганиш мақсадида ҳар бир фуқаронинг фикрини тинглаб, бир ҳафта муддатда ҳолатни шахсан ўрганиб, натижаси юзасидан жойига чиққан ҳолда аҳоли билан учрашиб маълум қилишини билдирган эди.
Туман ҳокими ваъда қилинган куни юқоридаги ҳолат бўйича маълумот бериш мақсадида “Кўксарой” маҳалласида аҳоли билан учрашди.
Ҳоким ҳолат бўйича маълумот берар экан, фермер хўжалигига қарашли суғориладиган ерлар айрим шахслар томонидан фуқароларга уй-жой қуришлари учун ноқонуний йўл билан, гарчи Ўзбекистон Республикасида АҚШ долларида олди-сотди қилиш таъқиқланган бўлсада, маълум миқдордаги АҚШ доллари эвазига сотиб юборилгани, бугунги кунда ушбу ҳудуддаги ерларнинг ноқонуний ўзлаштирилиши бўйича бир гуруҳ шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдириб, вазият бўйича охирги ҳуқуқий баҳони суд беришини, давлат ерларини талон-торож қилганларга нисбатан кескин чоралар кўрилишини маълум қилди.
Мулоқот давомида фуқаролар туман ҳокимидан вазият юзасидан бир нечта саволларга жавоб сўрашди.
Хусусан, “Фермер хўжалиги ерларига иморат қурган аҳоли уйларининг тақдири нима бўлади?” – деган саволга жавоб берар экан, туман ҳокими жумладан шундай деди: – Ҳар бир фуқаро билан шахсан индивидуал тарзда шуғулланиб, масалага қатъий белгиланган тартибда, қонун доирасида ижобий ечим топиш чораларини кўрамиз, бу борада юқори турувчи раҳбариятга таклиф бериш бўйича ҳокимлик ҳуқуқшуноси томонидан тегишли ишлар олиб борилади ва албатта, қонун устуворлиги, жазо муқаррарлиги таъминланади.
Шунингдек, туман ҳокими дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, ҳолатга якуний ҳуқуқий баҳо берилмагунга қадар юқорида қайд этилган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларида, тугалланмаган иморатларда қурилиш ишлари олиб бормаслик бўйича фуқароларни қатъий огоҳлантирди.
Тошкент тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.
@toshkenttumanihokimligi