February 1

УСТАСИ ФАРАНГ ФИРИБГАР

Тошкентлик 36 ёшли Мурод Садиров (исм-шарифлар ўзгартирилган)ички ишлар идораларининг бирида 2018 дан 2020 йилга қадар навбатчилик қисм ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. У тирикчиликнинг тўғри йўлини танламай фириб ишга қўл урди. Яъни, ўз танишларини чув тушириб,улардан фойдаланди.

Бир куни таниши Қосим Ўринов билан ўзаро суҳбатда унинг 2018 йилда банкдан кредит асосида “Nexia-3” автомашина олганлигини, лекин кредит тўловлари уни қийнаётганлиги сабабли қарз бериб туришни сўраганидан фойдаланиб, унга пули йўқлигини, лекин кредит асосида маиший техника олиб, уларни сотиб нақд пул ишлаб олиш таклифини айтади.

Бу таклиф дўстига ёқиб тушади.

-Менга ҳам йўл-йўриқ кўрсат, мен ҳам пул ишлаб олай дейди.

Шундан сўнг иккиси пойтахтдаги “Media park”, “Texno park”, “Zamin market” каби дўконлардан кредит асосида маиший техника яъни, телевизор, микро тўлқинли печ, телефон, автомашина учун эҳтиёт қисимлар фара, пульт, антирадар ва шу каби техникаларни олиб ўзини номига ҳамда Қ.Ўриновнинг номига расмийлаштиради.

Товарларни “Абу-Сахий”, “Малика” бозорларига олиб бориб нақд пулга сотишади. Пулларни тенг ўртада бўлиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлайди.

Икки дўстнинг бу тарзда соққа ишлаётганини эшитган яна бир таниши Темур Аблазов ҳам Муродга ипотека асосида уй харид қилганлиги ва уй тўловларини тўлашда қийналаётганлигини ёзғиради.

-Сенга ҳам ёрдам бераман, эвазига олинган фойдадан менга ҳам берасан.

- Майли розиман.

Шундан сўнг иккиси юқорида номлари келтирилган дўконларга бориб Т.Аблазов номига кредит расмийлаштирашди. Маиший техника олишади ва уларни сотиб, фойдани арра қилишади.

М.Садиров бундан ташқари Г.Алиев ва И. Искандаровга ҳам худди шундай банкдан кредит расмийлаштириб, товар олиб сотиб фойдасидан манфаат кўради.

Вақт ўтиб, олинган кредитлар суммасини ёпиш пайти келади. Аммо кредитлар банкка ўз вақтида қайтарилмайди. Иш судгача етиб келади.

Суд жараёнида М.Садиров танишлари Қ.Ўринов билан бирга олинган кредитлари суммаси тахминан 60 млн. сўм, Т.Аблазов тахминан 40 млн сўм, Г. Алиевнинг номига 80 млн сўмлик маиший техникалар олинганлигини баён қилди.

Қ.Ўринов, Т.Аблазов, Г.Алиев техникаларни қўшимча равишда олиб бермасликларини маълум қилганларидан сўнг, уларга тилхат ёзиб беришга мажбур бўлади.

Қ.Ўриновнинг номига олинган маиший техникаларни “Малика савдо мажмуаси”га Қ.Ўриновнинг автомашинасида олиб бориб а нақд пулга сотганлигини, мазкур маиший техникалар ўзига тегишли эканлигини, Т.Аблазовнинг номига олинган барча маиший техникаларни ҳам “Малика” савдо мажмуасига бориб, унинг ўзи билан биргаликда сотганлигини билдирди.

Г.Алиевнинг номига олинган маиший техникаларни эса биргаликда “Малика савдо мажмуаси”да сотишганлигини, у сотилган пулларнинг бир қисмини Г.Алиевга берганлигини, қолганини ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатганлигини, ҳамманинг кредитини ёпиш учун дўстларига тилхат ёзиб берганлигини, унга кўра улар яна кредитга маиший техника олиб бериши, у эса мазкур техникаларни сотиб уларнинг пулини кредит пулларига тўлаши керак эди.Аммо ундай бўлмади.

Хуллас, судда М. Садировнинг айби билиниб қолди. Гарчи судланувчи М.Садиров ўз айбига қисман иқрор бўлиб кўрсатув берган бўлса-да, унинг айби гувоҳлар ва тўпланган далиллар йиғиндиси билан ўз исботини топди.

Жабрланувчи Қ.Ўринов суд мажлисида судланувчидан 112 млн сўм ундириб беришни сўраган бўлса , Т.Аблазов айбдордан 54 млн сўм ундириб беришни талаб қилди.

Суд М.Садировни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди.Унга ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан ЖК нинг 57-моддаси 2-қисмини қўллаб, 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Шу тариқа ўз нафсини ўйлаган фирибгар қилмишига яраша жазо олди.

Музаффар Кукиев,

Тошкент шаҳар суди

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси