December 2, 2021

Facebook ижтимоий тармоғида “ALTROMARK” МЧЖнинг иқтисодий иши бўйича эълон қилинган билдириш юзасидан

Билдиришда “Altromark” МЧЖга тегишли бўлган хусусий мулк тортиб олинаётганлиги баён этилиб, ижтимоий тармоққа Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 4-1001-2012/3729-сонли иши бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларига асосан ушбу суд томонидан 2021 йил 5 мартда берилган ижро ҳужжати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси Яшнобод туман бўлими томонидан ижро ишини юритилишидан манфаатдор шахсларга мажбурий ижро ҳаракатини амалга ошириш 2021 йил 3 август куни соат 11.00 га тайинланганлиги ҳақидаги 2021 йил 30 июлда юборилган хабарнома юкланган.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида электрлаштирилган юқори тезликда ҳаракатланадиган икки йўлли ҳалқа темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2979-сонли Қарори қабул қилинган бўлиб, унга асосан электрлаштирилган юқори тезликда ҳаракатланадиган икки йўлли ҳалқа темир йўл қурилиши белгиланган.

Ушбу Қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокими томонидан лойиҳада кўзда тутилган муддатларда жойларда истиқомат қилаётган аҳолини кўчириш, бино ва иншоотларни бузиш, бинолари бузилишга тушган юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарар тури ва миқдорини қоплаш бўйича ўрнатилган тартибда ер майдонлари ажратиш, дарахтларни кесиш ҳамда аҳолини кўчириш ишларини олиб бориш юзасидан молиялаштириш манбасини қонунларда тақиқланмаган жойлардан жалб этиш тўғрисида 2017 йил 22-майда 629-сонли қарори қабул қилинган ва унга асосан Тошкент шаҳрида электрлаштирилган юқори тезликда ҳаракатланадиган икки йўлли ҳалқа темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш мақсадида “Altromark”МЧЖга қарашли бўлган Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Оҳанрабо кўчаси, 12-А уй манзилида жойлашган объект бузилиш лойиҳасига киритилган.

“Altromark” МЧЖнинг бузилишга тушган мол-мулклари,“Hisob va biznes baholash” МЧЖ томонидан 2019 йил 16 апрелда 01/79-ДО-сонли баҳолаш ҳисоботига асосан 18 019 516 447 сўмга баҳоланган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 21 ноябрдаги 1650-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги марказлаштирилган жамғарма маблағлари ҳисобидан 18 019 516 447 сўм миқдоридаги пул маблағи Яшнобод туман ҳокимлигига ўтказиб берилган ва бу пул маблағлари ўз навбатида Яшнобод туман ҳокимлигининг 2019 йил 22 ноябрдаги 4087-сонли қарорига мувофиқ “Altromark” МЧЖнинг ҳисобрақамига ўтказиб берилган.

Гарчи пул маблағлари “Altromark” МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган бўлса-да, мазкур жамият томонидан Оҳанрабо кўчаси, 12-А уй манзилида жойлашган бино бўшатиб берилмаганлиги туфайли “Муниципал активларни бошқариш маркази” ДУК Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “ALTROMARK” МЧЖни Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Оҳанрабо кўчаси, 12-А уй манзилида жойлашган давлат объектидан мажбурий кўчиришни сўраган.

Суднинг ажрими билан низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Яшнобод туман ҳокимлиги, Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси ва Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ишга жалб этилган.

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 27 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, “Altromark” МЧЖни Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Оҳанрабо кўчаси, 12-А уй манзилида жойлашган давлат объектидан мажбурий тартибда кўчириш белгиланган.

Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 25 февралдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилиб, “Altromark” МЧЖнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилган.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан 2021 йил 5 мартда иш бўйича ижро варақаси берилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 апрелдаги қарори билан қуйи инстанция судларининг қарорлари ўзгаришсиз қолдирилиб, “Altromark” МЧЖнинг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилган.

Судлар томонидан қарорлар қабул қилинишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини фақат қуйидаги мақсадларда: автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш) мақсадларда олиб қўйишга йўл қўйилиши белгиланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги Низом 41-бандининг “а” кичик бандига асосан олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари бозор қийматида яни компенсация қилиб берилиши, 45-бандининг “а” хатбошисида пул маблағларини мулкдорнинг тегишли банк (депозит) ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан компенсация берилиши белгиланганлиги;

“Altromark” МЧЖга тегишли ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари жойлашган ҳудуддан электрлаштирилган юқори тезликда ҳаракатланадиган икки йўлли ҳалқа темир йўл қурилиш учун олиб қўйилиши муносабати билан ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қийматидаги нархи, яъни 18 019 516 447 сўм компенсация тўловлари тўлаб берилганлиги, зарар тўлиқ қоплаб берилган бўлса-да, “Altromark” МЧЖ ҳудудни бўшатиб бермаганлиги инобатга олинган.

Тошкент шаҳар суди

матбуот хизмати