“Дарё” интернет-нашрида эълон қилинган «Олмалиқ собиқ ҳокимининг «пойгачи» ўғли иштирокидаги безорилик ишини кўриб чиқаётган судья жараённинг ОАВда ёритилишини тақиқлади» сарлавҳали мақола юзасидан
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди томонидан Ш. М., Л. М., Д. И., Э. Д., А. А. ҳамда Ҳ. А. га оид 1-1007-2101/297 сонли жиноят иши кўриб чиқилган.
Суд жараёнида тарафлар ўзаро ярашиб олганликлари ҳамда бир-бирларига нисбатан даъволари бўлмаганлиги сабабли барча судланувчилар ўзларига оид жиноят ишини Жиноят кодексининг 65-моддаси ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси 5-қисми 1-бандига асосан тугатишни сўраб, судга илтимоснома билан мурожаат қилганлар.
“Дарё” сайтида эълон қилинган “Олмалиқ собиқ ҳокимининг «пойгачи» ўғли иштирокидаги безорилик ишини кўриб чиқаётган судья жараённинг ОАВда ёритилишини тақиқлади” сарлавҳали мақола айнан ушбу суд жараёни билан боғлиқ. Аммо, мақола холислик тамойилига мутлақо риоя этилмаган ҳолда ёзилган. Аниқроғи, раислик этувчи судьянинг қонуний талаблари умуман ўзгача тарзда талқин этилган. Хусусан, “жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди раиси Олмалиқ шаҳри собиқ ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўғли билан боғлиқ жиноят ишининг очиқ суд мажлисини оммавий ахборот воситаларида ёритишни тақиқлади. Судья маҳкамада иштирок этган «Дарё» мухбирини, агар суд иши ОАВда ёритиладиган бўлса, тегишли тартибда жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган»и танқид остига олинган.
Хўш, судья нега бундай йўл тутди? Унинг бу ҳаракати ҳақиқатан ҳам қонунга хилофми? Келинг, ушбу саволларга қонун ҳужжатларидан жавоб излайлик.
Хусусан, Олий суд Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги 4-сонли Қарорининг 14-банди 1-хатбошисида:
а) очиқ суд мажлисини фото-тасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
фуқаролик ишини кўриш пайтида - суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида - суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан амалга оширилиши аниқ белгилаб қўйилган.
Шунингдек. Қарорнинг 14-банди 3-хатбошисида процесс иштирокчилари илтимосномаларини, оммавий ахборот воситалари вакиллари мурожаатларини қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида суд жойида ажрим чиқариши ва суд мажлиси баённомасига киритилиши тўғрисида раҳбарий тушунтиришлар берилган.
Энди 2021 йил 10 августдаги суд жараёнларига қайтайлик. Шу куни “Дарё” интернет-нашрининг вакили судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, суд мажлисини ўз сайтида ёритишни сўраган. Қонунчиликка мувофиқ, раислик этувчи судья томонидан суд мажлисида тарафларнинг фикри сўралган.
Судланувчилар ҳамда уларнинг адвокатлари суд мажлисининг ОАВда ёритилишига ўз эътирозларини билдириб, илтимосномани рад этишни сўраганлар. Суд томонидан тарафларнинг фикри инобатга олиниб, “Дарё” сайти вакилининг илтимоси рад этилган ва бу ҳақда суд томонидан ўз жойида ажрим чиқарилган. Судьянинг бу ҳаракатлари юқорида номи қайд этилган қонун ҳужжати талабларига тўлиқ мос келади ва мақола муаллифининг эътирозлари ноўрин эканлигини яққол исботлайди.
Шунингдек, “Дарё” сайти вакили суд мажлисида иштирок этиши мумкинлиги, суднинг якуний қарори эълон қилиниб, қонуний кучга кирмагунга қадар суд жараёнини ёритмаслиги, акс ҳолда тегишли жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган. Зотан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси 4-хатбошисида “прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланиши” аниқ белгилаб қўйилган. Шундай экан, мақолада қаламга олинган “иш бўйича 4 ва 10 август кунлари бўлиб ўтган суд мажлислари «Дарё» мухбири томонидан ёритилишига жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди томонидан қаршилик кўрсатилди. Хусусан, мухбирнинг суд биносига киришига тўсқинлик қилган суд ходими журналист судда томонларнинг бунга (судда ОАВ вакили иштирок этишига) розилиги бўлган тақдирдагина қатнаша олишини маълум қилди. Айни вақтда судда ОАВ вакили қатнашишига айбланувчилар Ҳумоюнхон А., Дилшод И., Акмал А., Элмурод Д. ва гувоҳ Мирсобит М. рози бўлмаган. Суд раиси Алишер Жалиловнинг тушунтиришича, ишнинг ОАВда ёритилиши тарафлардан бирининг қадр-қимматига таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис судья мухбирга якуний ҳукм чиқмагунича суд иши ҳақида ҳеч қандай ахборот тарқатмаслик ҳақида талаб қўйиб, суд йиғилишида фақат оддий фуқаро сифатида қатнашиши мумкинлигини тушунтирган. Аммо суд раиси бундай қарор қандай асос билан чиқарилгани юзасидан «Дарё» мухбирига ажрим беришдан бош тортган”, деган эътирозлар ҳам бутунлай ножоиз.
Мақоладаги “суд очиқ, лекин ОАВ учун (асоссиз) ёпиқ” деган кичик сарлавҳа хусусида ҳам алоҳида тўхталиш жоиз. Мазкур жиноят иши очиқ тарзда кўриб чиқилган ва унда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Ибрагимов шахсан иштирок этган. Башарти, суд “ОАВ учун асоссиз ёпиқ” бўлганида мухбирнинг суд мажлисида иштирок этиши масаласи Олий суд Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги 4-сонли Қарорининг 7-8-бандларида белгилаб қўйилган тушунтиришлар доирасида ҳал этилган, яна ҳам аниқроғи, суд залига киритилмаган бўларди.
Эҳтимол, мақола муаллифи Нодир Нортўраев судда ҳамкасби Мусулмонбек Ибрагимов билан бирга иштирок этганида судья томонидан берилган тушунтиришларни тўғри англаб етган, судьянинг қонуний талабини “ОАВ учун ёпиқ суд”, дея талқин қилмаган бўлармиди!?
Албатта, юртимиз равнақи йўлида муаммо ва камчиликларни рўй-рост ёритаётган журналистлар ва блогерларнинг хизматлари нафақат халқимиз, балки давлат органлари учун ҳам ғоятда қадрли. Бироқ, обуначилар сонини ошириш, кенг омма эътиборини ёлғону уйдирмалар эвазига жалб этиш, кенг жамоатчилик онгида суд тизими фаолиятига нисбатан норозилик кайфиятини уйғотиш мақсадида судьялар ва суд тизимига нисбатан асоссиз айбловларни ёғдиришдек салбий ҳаракатларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Зотан, сохта обрў гуллаб-яшнаса-да, аммо ҳеч қачон мева бермайди.
Маълумот учун: жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2021 йил 12 августдаги ажримига кўра Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан айбланган Ш. М., Л. М., Д. И., Э. Д., А. А. ҳамда Ҳ. А. Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари билан айбланган Э. Д., Д. И., Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари билан айбланган А. А., Ҳ. А. Жиноят кодексининг 65-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарликдан озод этилиб, уларга оид жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси 5-қисми 1-бандига асосан айблилиги ҳақидаги масала ҳал қилинмай туриб, ҳаракатдан тугатилган.