August 3, 2022

YURISTKADR Telegram-каналида эълон қилинган билдириш юзасидан

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад энг аввало фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни кучайтириш, одил судловни таъминлашдир. Бу эса судлар томонидан қабул қилинган ҳужжатларнинг ўз вақтида тўғри ва тўлиқ ижро этилишига ҳам боғлиқ.

Шу маънода YURISTKADR телеграм каналида муқаддам эълон қилинган “Суд ижро ҳужжатини қайтариб юборишга доир мантиқсиз ва зарарли амалиёт” мавзусидаги постда блогер томонидан келтирилган фикрлар бугунги кунда долзарблиги билан эътиборга лойиқ. Чунки, жузъий камчиликларни баҳона қилиб, баъзан эса аслида умуман бўлмаган камчиликларни кўрсатиб, ижро ҳужжатини қайтариб юбориш ортидан кимнингдир бузилган ҳуқуқини тиклаш кечикади ёки уни ижро қилиш имкони йўқолади.

YURISTKADR телеграм каналида эълон қилинган долзарб масалани муаммоли жиҳатларини ўрганиш, уни ечимини излаш ўрнига айбни бошқага тўнкаш билан иш битмайди. Шу маънода юқоридаги хабар юзасидан Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармасининг 28 июлдаги баёнотидаги фуқаролик судлари билан боғлиқ ҳолатлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Масалан, баёнотда Бюронинг Учтепа туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича судлардан келиб тушган 19 384 та ижро ҳужжатларидан 13 183 та 146,4 млрд. сўмлик ижро ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни 8-моддасининг 4-қисмига асосан яъни, ундирувчи ва қарздорнинг номи, уларнинг манзиллари; жисмоний шахслар учун — қарздорнинг туғилган санаси ва жойи, иш жойи кўрсатилмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги ПФ-6110-сонли Фармонининг 14-банди талаблари асосида қайтарилган деб кўрсатилган. Бироқ, ушбу Фармонда шундай банд назарда тутилганмикан?

Қолаверса, техника ривожланган ва рақамлаштириш жадал ривожланаётган ҳозирги даврда бу маълумотларни ҳар қандай давлат ижрочиси истаса бир деганда электрон тизим орқали олиш имконига эга. Бунинг учун ўз ишига сидқидилдан ёндашиш ва суд ҳужжатини ижро қилишни исташнинг ўзи кифоя.

Баёнотда 134 000 та қайтарилган ижро ҳужжатларнинг ҳар бири қонун талаблари асосида судларга қайтарилганлиги кўрсатилган. Унда ҳақли савол туғилади: 2022 йил мобайнида Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармасининг туман бўлимларига нисбатан асоссиз қайтарилган ва қонун талаблари бузилган ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилиши лозимлиги, келгусида бу каби хато ва камчиликларга йўл қўймаслик, ижро ҳужжатларини қайтариш ҳолатларининг юқоридаги каби хато камчиликлар ҳисобидан сунъий ошиб кетишига чек қўйиш борасида тегишли чора-тадбирлар белгилаш лозимлиги ҳақида киритилган 8 та тақдимномалар бўйича нима дейишар экан? Ахир, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳаъйати ва фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди томонидан киритилган тақдимномаларга жавобан Бюронинг Тошкент шаҳар бошқарма бошлиғи ўринбосари К. Рузиевнинг 2022 йил 8 июндаги №10.1/4*11-22-1545-сонли ҳамда 2022 йил 14 июлдаги №10.1/4*9-22-1906-сонли жавоб хатларида тақдимномалар ходимлар иштирокида кўриб чиқилганлиги, келгусида шу каби ҳолатларни қайтарилмаслиги юзасидан кўрсатмалар берилганлиги маълум қилинган. Худди шундай давлат ижрочиларининг айби билан суд ҳужжатларини асоссиз қайтарилганлиги бўйича киритилган тақдимномалар юзасидан жавоб хатлари Бюронинг Тошкент шаҳрининг туман бўлимларидан ҳам судга келиб тушган.

Аслида бу масала жиддий тус олганлиги, фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлганлиги боис Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда 2022 йил 4 март куни Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 8, 24-моддаларига асосан ижро ҳужжатларини қайтарилишига барҳам бериш мақсадида Қўшма кўрсатма имзоланган. Бироқ, мазкур Қўшма кўрсатманинг талаблари амалда давлат ижрочилари томонидан лозим даражада ижро қилинмаяпти.

Эътибор беринг, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддасига кўра, агар ижро ҳужжати ижрога топшириш муддати ўтиб кетганидан кейин юборилган бўлса ёки ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса, ёхуд зарур ҳужжатларни уларга қўйиладиган талабларга мувофиқ ҳолда расмийлаштириб ижро ҳужжатига илова қилиш тўғрисидаги талабга риоя қилинмаган бўлса, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини олган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида қайтариб юборади.

Афсуски, аксарият ижро ҳужжатлари нафақат уч кунлик муддат, балки ойнинг охирига қадар кутиб, орадан анча вақт ўтгач ҳеч бир асоссиз, турли баҳоналар билан ёппасига қайтариб юборилади. Бу эса ҳисобот даврида ўз вақтида ижро қилинмаган ҳужжатларни қайтариш йўли билан масъулиятдан қочишга уринишдай тасаввур уйғотади.

Биргина фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди томонидан қайтарилган ижро ҳужжатларининг қайтарилиш сабаблари таҳлил қилиниб умумлаштирилганда, 2022 йилнинг 1 январидан 7 май кунига қадар Қонуннинг 8, 24-моддаларига асосан қайтарилган ижро ҳужжатларининг сони 4469 та (54305,9 млн. сўм) ни ташкил қилган. Шундан 3954 таси (47 085,9 млн. сўм) давлат фойдасига давлат божи ундириш бўйича, 66 таси (5 272,9 млн. сўм) солиқ қарздорлигини ундириш бўйича, 11 таси (866,9 млн. сўм) зарар, пул ва бошқа мазмундаги ундирувлар бўйича, 113 таси (1 080,2 млн. сўм) почта ва видеоконференцалоқа харажатларини ундириш бўйича, 325 таси мулкий хусусиятга эга бўлмаган ишлар юзасидан; шундан 143 таси вояга етмаганларнинг таъминоти учун алимент ундиришга оид ижро ҳужжатларини ташкил этган.

Энди ўйлаб кўринг, давлат фойдасига давлат божи ундириш бўйича ишлар балки сал кутиб турар, лекин 143 та вояга етмаганларнинг таъминоти шу арзимас сабаблар билан ижро қилинмасликни кутиб туришга мажбурмикан?

Шунингдек, 2022 йилнинг 6 ойи давомида ижро қилиш учун юборилган жиноят ишлари бўйича ижро ҳужжатларини Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочилари томонидан асоссиз равишда қайтарилиши ҳолатлари ҳам жуда кўп кузатилмоқда.

Давлат ижрочилари томонидан ижро ҳужжатини қайтариб юбориш тўғрисидаги барча қарорларда Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” қонуннинг 8-моддасида ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган қайси талаблар бузилганлиги кўрсатилмасдан, ижро этилиши шарт бўлган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжати қабул қилинган санаси кўрсатилмаганлиги асос қилиб қайтарилмоқда.

Масалан: жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2022 йил 16 февралдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан судланган Д. М. га оид 1-1004-2106/86-сонли жиноят иши бўйича, А. Т. дан Тошкент шаҳар молия бош бошқармаси орқали давлат фойдасига пора предмети 4 600 АҚШ доллари ундириш тўғрисида туман судининг ижро варақаси унга қўйилган барча талаблар асосида, суд ҳукми илова қилинган ҳолда 2022 йил 12 март куни МИБ Тошкент шаҳар Юнусобод туман бўлимига юборилган. Бироқ, давлат ижрочиси ижро ҳужжати 2022 йил 14 март кунида Қонуннинг 8-модда 1-қисми 3-бандига (ижро этилиши шарт бўлган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжати қабул қилинган сана) асосан ижро ҳужжатига қўйилган талабларнинг бузилиши важ қилиниб, қайтарилган. Мазкур ижро ҳужжати 2022 йил 15 март куни МИБ Юнусобод туман бўлимига қайтадан юборилган. Давлат ижрочиси 2022 йил 17 март куни яна Қонуннинг 8-модда 1-қисми 3-бандига (ижро этилиши шарт бўлган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжати қабул қилинган сана) асосан ижро ҳужжатига қўйилган талабларнинг бузилишини рўкач қилиб, иккинчи марта шу сабаб билан судга қайтарган. Сўнг мазкур ижро ҳужжати шу куннинг ўзида яна МИБ Юнусобод туман бўлимига қайтадан юборилган. Шу тариқа мазкур ижро ҳужжати 14 марта қайта ижрога юборилган. Охирги маротаба 2022 йил 13 май куни юборилиб, шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқарилган.

Бундан ташқари, қарздор юридик шахснинг идентификация рақами кўрсатмаганлиги сабабли қайтарилиши ҳолатлари ҳам мавжуд.

Масалан: жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2022 йил 10 мартдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан судланган О. Х. га оид жиноят иши бўйича 108 000 000 сўм жарима ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати 2022 йил 1 апрель куни мажбурий ижро бюроси Шайхонтоҳур туман бўлимига юборилган. Ижро ҳужжати ижро қилиш зарар бўлган барча ҳужжатлар илова қилинган бўлса-да, давлат ижрочиси 2022 йил 5 апрель куни Қонуннинг 8-моддаси 1-қисмининг 4-банди (қарздор юридик шахснинг идентификация рақами кўрсатмаганлиги) га асосан туман судига асоссиз қайтарилган. Сўнг мазкур ижро ҳужжати бир неча маротаба ижрога қаратилган, ваҳоланки қарздор, юридик шахснинг идентификация рақами кўрсатилмаса E-XSUD электрон базаси орқали ижро ҳужжатини мажбурий ижро бюросига юбориш имкони мавжуд эмас.

Шу каби асоссиз сабаблар билан 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Тошкент шаҳар Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлимлари томонидан жами 7 521 та ижро ҳужжатлари юқоридаги қонун талаблари асосида қайтарилган. Мазкур ижро ҳужжатларнинг 334 таси жарима ундириш, 57 таси давлат эгалигига ўтказиш, 6 581 таси зарар етказилган зарарни ундириш, 7 таси эгасига қайтариш ва 549 таси ашёвий далилларни йўқ қилиш тўғрисидаги ижро ҳужжатларидир.

Юқоридагиларга асосан, асосли ва қонунда белгиланган муддатда қайтарилганлик ҳолатларини ижро иши ҳужжатлари асосида ўрганиб, асоссиз қайтарилган ва қонун талаблари бузилган ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилиши юзасидан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, жиноят илшлари бўйича Олмазор туман суди томонидан МИБ Тошкент шаҳар бошқармасига, жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди томонидан МИБнинг Сирғали туман бўлимига тегишли тартибда тақдимномалар киритилган.

Иқтисодий судларда ҳам айни юқоридаги ҳолатлар кузатилган. “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
23-моддасининг биринчи қисмида давлат ижроси ижро ҳужжатини суд ёки бошқа органдан ёхуд ундирувчидан (агар ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддати ўтмаган ва мазкур ҳужжат ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлса) ижро учун қабул қилиб олиши ва ижро иши юритишни қўзғатиши шартлиги белгиланган.

Бироқ, Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг жойлардаги тегишли бўлимлари томонидан 4-1001-2112/537, 4-1001-1903/31408, 4-1001-2113/45836, 4-1001-2213/2598, 4-1001-2106/3185, 4-1001-2119/9274, 1001-2120/31600, 4-1001-2120/41105, 4-1001-2128/20879-сонли ишлар бўйича чиқарилган ижро ҳужжатлари Қонуннинг 8,24-моддаларига зид равишда қайтарилган.

Ушбу ҳолатда давлат ижрочилари томонидан электрон базага қайтариш асоси сифатида ижро ҳужжатида уни берган суднинг номи, қайси иш бўйича берилганлиги ва унинг тартиб рақами, суд ҳужжати қабул қилинган сана кўрсатилмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар киритилган бўлса-да, бироқ давлат ижрочисининг ижро ҳужжатини қайтариш тўғрисидаги қарорларида судлар томонидан Қонуннинг қайси талаби бузилганлиги, бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар кўрсатилмаган.

Ваҳоланки, қандай қилиб ижро ҳужжатида суднинг номи, қайси иш бўйича берилганлиги ва унинг тартиб рақами, суд ҳужжати қабул қилинган сана тўғрисидаги каби маълумотлар кўрсатилмаслиги мумкин?!

Юқоридаги ҳолатлар ва бошқа камчиликлар бўйича Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан ҳам Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармасига 2022 йил 2 июнь куни 01-10/3-864-сонли тақдимнома юборилган.

Хулоса ўрнида бир гап: шуни англаш лозимки, суд қарорларини ижро этилмаслиги суднинг обрўсига путур етказиши, аҳолининг судга ишончини сусайишига, бу эса алалоқибат суд мустақиллигига путур етказар экан, суд қарорларининг ижро қилиниши энг аввало суд ҳокимиятининг манфаатидир.

Доно халқимизда бир ибора бежиз эмас: излаган имкон, изламаган баҳона топади. Шундай экан, бу вазиятда ким айбдорлигини исботлашга уриниш вазиятни ечими эмаслигини тушунган ҳолда давлат идоралари ўз вазифасини лозим даражада бажариб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга эътиборни кучайтирса нур устига аъло нур бўлар эди.

Тошкент шаҳар суди

матбуот хизмати