Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди жамоаси 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан журналистларни – соҳанинг жонкуяр ижодкорларини бир даврага жамлади.
Тадбирда Тошкент шаҳар судлари раислари соҳа фидойиларини касб байрами билан табриклаб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритишда Президентимиз таъкидлаганларидек, “Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу — замон талаби, ислоҳотларимиз талаби”, деган фикрларига монанд фаолият юритаётганликлари ва тараққиётимизни янги босқичга кўтаришда ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани, сўнгги йилларда бу борада ўндан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилингани, ҳаётимиздаги муаммо ва ҳодисаларга тезкор муносабат билдиришда журналистлар кўприк вазифасини ўтаётганлиги таъкидланди.
Шунингдек, Президентимиз таъбири билан айтганда – журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилиниши зарурлиги, бу мезонларнинг энг асосийси – холислик ва ҳаққонийлик экани айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, журналистлар ОАВни ривожлатиришга қаратилаётган ислоҳотлар, судлар томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ҳуқуқий тарғиботлар, судлардаги очиқлик ва шаффофликни эътироф этган ҳолда ҳамкорликни янада мустаҳкам ва бардавом бўлишини тилаб ўз фикрларини билдиришди.
Тадбирда касб байрамини нишонлаётган соҳа вакилларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.