Anhor.uz сайтида эълон қилинган “Почему пострадавшие предприниматели из Сардобы не могут получить страховые выплаты” сарлавҳали мақола юзасидан
“Navro’z qut barakasi”МЧЖ “O’zagrosug’urta” АЖ ва акциядорлик-тижорат “Ипотекабанк” Сирдарё вилоят филиали ўртасида 2020 йил 27 апрелда гаровга қўйилган мол-мулкларни суғурталаш тўғрисида 07-09/028110000072-сонли шартнома тузилган ва 0425729-сонли суғурта полиси берилган.
Шартноманинг 1-иловасига асосан суғурталанаётган мол-мулк Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани, М. Улуғбек Сув иншоотлари уюшмасида жойлашган балиқчилик ҳавзаси ҳисобланади.
Шартноманинг 3.1 ва 3.2-бандларига кўра суғурта қиймати 2 500 000 000 сўм бўлса, суғурта пули ҳам шу қийматда белгиланган. Суғурта муддати 2020 йил 27 апрелдан 2021 йил 26 апрелга қадар амал қилиши белгиланган.
2020 йил 1 майда Сардоба сув омборидаги техноген тошқин оқибатида даъвогарга тегишли бўлган балиқчилик ҳавзасига зарар етказилган. Мазкур тошқин жавобгар томонидан суғурта ҳодисаси деб тан олиниб, даъвогарга 138 525 000 сўм суғурта товони тўлаб берилган.
Даъвогар жавобгарга 2020 йил 29 июлда 11-сонли хат билан мурожаат қилиб, “Гулистон баҳолаш консалтинг” МЧЖ томонидан 2020 йил 27 июлда тайёрланган 512-сонли ҳисоботга кўра, техноген тошқин оқибатида даъвогарга тегишли бўлган суғурталанган балиқчилик ҳавзасига етказилган зарар миқдори 4 700 486 893 сўмни ташкил қилганлигини кўрсатиб, уни қоплаб беришни сўраган.
Бироқ, даъвогар мазкур суғурта товонини тўламаган ва шунинг учун Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси даъвогар манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 2 361 475 000 (2 500 000 000 - 138 525 000) сўм суғурта товони ва 1 180 737 500 сўм пеня ундиришни сўраган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 2 361 475 000 сўм суғурта товони ва 354 220 000 сўм пеня ундирилган.
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 19 майдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун Тошкент туманлараро иқтисодий судига юборилган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 7 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 2 351 229 303 сўм суғурта товони ва 330 000 000 сўм пеня ундирилган.
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 9 сентябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, қарорнинг хулосасидаги жавобгардан даъвогар фойдасига 2 351 229 303 сўм суғурта товони ундириш қисми 230 861 787,4 сўмга ўзгартирилган. Бинобарин, 330 000 000 сўм пеня ундириш қисми бекор қилиниб, мазкур қисми бўйича даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинган.
Суд харажатлари тарафларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда тақсимланган.
Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 10 ноябрдаги қарори билан Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 7 июлдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 9 сентябрдаги қарори бекор қилиниб, даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 1 906 629 789 сўм суғурта товони, 305 060 766 сўм пеня ва суд харажатлари ундирилган. Жавобгардан республика бюджетига 52 633 463,54 сўм давлат божи, даъвогардан республика бюджетига 18 364 471,92 сўм давлат божи ундирилган.
Мазкур қарор устидан Олий суд раиси ўринбосари томонидан ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритилган.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогар ва акциядорлик-тижорат ипотека банки “Ипотекабанк” Сирдарё вилоят филиали ўртасида 2020 йил 27 апрелда 628-сонли кредит шартномаси тузилган. Мазкур шартномага асосан, даъвогар сув ҳавзаларини барпо этиш ва сунъий сув ҳавзаларини таъмирлаш учун 1,5 йил муддатга 2 000 000 000 сўм кредит олган.
Кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида “DINVEST CONSULT” масъулияти чекланган жамияти томонидан 13 533 506 000 сўмга баҳоланган даъвогарга тегишли бино-иншоотлар ва балиқчилик сув ҳавзалари гаровга қўйилган.
Шу куннинг ўзида даъвогарга тегишли бўлган 13 533 506 000 сўмга баҳоланган бино-иншоотлар ва балиқчилик сув ҳавзалари банк ва даъвогарнинг келишув далолатномасига асосан 2 500 000 000 сўмга баҳолашга келишилган ва гаров шартномаси тузилган.
Шунинг учун тарафлар ўртасида тузилган суғурта шартномасининг 3.1 ва 3.2-бандларида суғурта қиймати ва суғурта пули 2 500 000 000 сўм этиб белгиланган.
Иш ҳужжатларига кўра, суғурталанган мол-мулкка етказилган зарар миқдори “Гулистон баҳолаш консалтинг” масъулияти чекланган жамиятининг 2020 йил 27 июлдаги 512-сонли ҳисоботи асосида 4 700 486 893 сўм этиб баҳоланган.
“Total Estimate” МЧЖнинг 2021 йил 23 февралдаги эксперт хулосасига асосан 2020 йил 27 июлдаги 512-сонли ҳисобот ишончли, деб топилган.
“Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК Сирдарё филиали томонидан 2020 йил 20 июлда берилган 1454/2020-сонли хулосасига кўра балиқчилик ҳавзасини реконструкция қилиш учун лойиҳанинг нархи ҚҚС билан 2 363 710 538 сўмни, ҚҚСсиз 2 055 400 468 сўмни ташкил этган.
Кейинчалик, “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” давлат унитар корхонаси Сирдарё вилоят филиали томонидан 2020 йил 4 ноябрда берилган 2890/2020-сонли хулосасига кўра балиқчилик ҳавзасининг тўғонларини тиклаш учун объектнинг тавсия этилган қиймати ҚҚС билан 805 472 103 сўмни, ҚҚСсиз 700 410 524 сўмни ташкил қилган.
Бироқ, 2020 йил 4 ноябрда берилган 2890/2020-сонли хулосада балиқчилик ҳавзасининг тўғонларини тиклаш харажатлари ҳисобга олинган бўлса, сув ҳавзасидан тупроқни ташиш ва бошқа харажатлар инобатга олинмаган.
Шунингдек, жавобгар 2021 йил 6 июлдаги 07/043-сонли баҳолаш ҳисоботини тақдим этиб, унда суғурта объектига етказилган зарар суммаси 617 959 846,41 сўмни ташкил қилганлиги кўрсатилган. Аммо, мазкур ҳисоботда ҳам зарар суммаси сифатида фақат ҳовузнинг тўғони (дамба) ни тиклаш харажатлари ҳисобга олинган.
Шу боис, судлар суғурта товонини ҳисоблашда “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК Сирдарё филиалининг 2020 йил 20 июлдаги 1454/2020-сонли хулосасида кўрсатилган қўшилган қиймат солиғисиз 2 055 400 468 сўмни асос сифатида олган.
Тарафлар ўртасида тузилган суғурта шартномасининг 7.9-бандида суғурта пули суғурта шартномаси тузилган вақтдаги мол-мулкнинг ҳақиқий қийматидан кам қилиб белгиланган бўлса, суғурта товони миқдори суғурта шартномасини тузишдаги ҳақиқий қийматига нисбатан мутаносиб равишда белгиланиши кўрсатилган.
Демак, суғурта шартномаси тузилган вақтда даъвогарга тегишли бўлган мол-мулкнинг ҳақиқий қиймати “DINVEST CONSULT” масъулияти чекланган жамияти томонидан 13 533 506 000 сўмга баҳоланган бўлса-да, тарафлар шартнома шартларини эркин белгилаш ҳуқуқи асосида суғурта шартномаси ва полисига асосан мол-мулкнинг суғурта қиймати ва суғурта товони чегараси 2 500 000 000 сўмни ташкил этиши ҳақида келишишган.
Шунингдек, даъвогарнинг даъво аризасида ва тарафлар ўртасида тузилган 2020 йил 22 майдаги далолатномага асосан жавобгар томонидан даъвогарнинг ҳисоб рақамига 138 525 000 сўм суғурта товони ўтказиб берилганлиги кўрсатилган.
Шу боис, жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарзи 241 107 466,44 (379 632 466,40 - 138 525 000) сўмни ташкил этган.
Бундан ташқари, суғурта шартномаси 7.11-бандининг иккинчи хатбошисида агар суғурта товонини тўлаш белгиланган муддатда амалга оширилмаган бўлса, суғурталовчи суғурта товонига қўшимча равишда, суғурта товонини тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасидан келиб чиққан ҳолда пеня тўлаши белгиланган.
Даъво аризада пеня суммаси 2020 йил 5 августдан 10 декабрга қадар (125 кунга) ҳисобланган.
Шу боис, пеня суммаси қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда ҳамда суғурта товони тўланиши кечиктирилган кунлар инобатга олиниб ҳисобланганда 12 385 657,50 сўмни ташкил этган.
Баён этилганларни инобатга олган ҳолда судлов ҳайъати томонидан протест қаноатлантирилиб, иш юзасидан қабул қилинган суд қарорларини бекор қилинган. Ўз навбатида даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 241 107 466,44 сўм суғурта товони ва 12 385 657,50 сўм пеня ундириш лозим топилган. Иқтисодий процессуал кодекси 118-моддасига мувофиқ ишни биринчи инстанция судида кўриш билан боғлиқ 65 774 387,53 сўм, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ 32 887 193,77 сўм давлат божи даъвогардан, ишни биринчи ва кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ 5 069 862,50 сўм, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ 2 534 931,25 сўм давлат божи жавобгардан республика бюджетига ундирилиши назарда тутилган.
Шунингдек, жавобгар томонидан апелляция шикоятлари билан мурожаат қилишда тўланган суд харажатларининг 65 620 702,06 сўмлик қисми даъвогар ҳисобидан қопланиши, қолган қисми жавобгар зиммасида қолдирилиши белгиланганлиги маълум қилинади.